“СЎҚИР”… (18-қисм)
* * *
Борлиқ тун кўрпасига ўранган маҳал улар қайсидир қишлоққа кириб келишди. Қишлоқнинг мусаффо ҳавоси баҳри дилни очар, вужудга ўзгача шукуҳ бахш этарди.
Бироқ Нилуфарнинг кўнгли ёришмади. Алданиш, хиёнат аламлари устун келиб қовоқ очишга, ширин хаёллар суришга, тинчланишга ўзида куч топа олмади. У ҳамон Нортўхтани кечира олмас, айниқса, унинг итни ёллаб, шу йўл билан меҳр кўрсатгани, парвариш этгани, кўз қулоқ бўлганини эслагани сайин тўкилиб борарди. Куни тилсиз жониворга қолгани жуда алам қиларди.
«Наҳотки, шу қадар пешонам шўр бўлса? — ўйларди Нортўхтанинг ёнида кетиб бораркан. — Ишонган, суянган эрим мени итларга ишониб топшириб қўйса? Бу қандай кўргилик? Нортўхта шунчалар иродасизми? Нега ўзи шартта кириб узр сўрамади, менга қарамади? Ё устимдан кулмоқчи бўлдими?.. Йўқ, йўқ, устимдан кулса, ортимдан келмасди. Оёғимга бош уриб ёлвормасди. Шунчаки… Аҳмоқлик қилган-да!..»
Нилуфарнинг хаёли бўлинди. Нортўхта уни кўримсизгина ҳовлига етаклаб кирди. Адашмаса, уларни кекса момо қарши олди. Момо Нилуфарни қучиб бир неча дақиқа тек туриб қолди. Чамаси, унсиз йиғлади. Нилуфар кампирнинг йиғлаганини аниқ пайқади. Аммо индамади. Ўз дарди, хаёллари чангалидан чиқиб кампирга сўз қота олмади. Тил учида салом берган бўлди холос.
— Бу киши Саври момо, — кампирни таништирди Нортўхта жилмайиб. — Вокзалда танишиб қолгандим. Сен ҳақингда гапиргандим, «Меникига олиб келсанг бўлмасмиди?» деб роса хафа бўлувди. Мана, келдик ҳам. Энди момоникида бир муддат яшаймиз.
— Ие, бу нима деганинг, болам? — ўпкаланди Саври момо букчайган жуссасини амал-тақал тиклаб. — Менам ёлғиз, ғарибман. Яшайверинглар хоҳлаганча! Худо хоҳласа, бу қизимнинг пойи патаги бўламан ўзим. Ўтидан кириб сувидан чиқаман.
— Қолаверса, Шарик бор, — қўшимча қилди Нортўхта итнинг бошини силаб. — Уям сени ташлаб қўймайди.
— Мени… Итларга тенглаштираяпсизми? — аламли шивирлади Нилуфар беихтиёр йиғламсираб. — Чайласифат уйда ҳеч кимсиз қолганим сабабли кўнгандим. Ҳатто Худойимга шукр қилгандим. Худо менга қарасин деб юборибди деб кўнглим кўтарилганди. Агар сиз олиб келганингизни билсам, сира рози бўлмасдим… Керакмас!..
— Бўпти, бўпти, — гапни кесди Нортўхта. — Сен нима десанг шу. Момо қарайди сенга. Хавотир олма!..
— Қани, ичкарига киринглар! — деди Саври момо Нилуфарнинг қўлтиғидан олиб. — Ажойиб кулчатой пиширганман. Биргалашиб еймиз. Юринглар!..
* * *
Улар ярим тунда ҳовлига чиқишди. Сутдек ойдин кеча барибир Нилуфарга татимасди. Нортўхтанинг изҳорларини, узрли тавбаларини тингларди-ю, эзиларди. Уни сўнгги лаҳзаларда сўқирлик алами чулғаб, қалбига тушкунлик уруғини сочаётгандек эди. Айниқса, Саври момонинг янги қавилган кўрпаларини кўз-кўз қилгандаги ҳолати сира хаёлидан кетмасди. Шундай гўзалликни кўзлари билан кўра олмаслиги, осмон тўла юлдузларни илгаригидек санай билмаслиги, тўлин ой шуъласидан баҳра олиш бахтидан маҳрумлиги Нилуфарни дардлар ботқоғига ирғитганди.
— Бундай яшаш жонимга тегди, — деди ниҳоят Нортўхтанинг сўзини бўлиб. — Сиз мени қанча севманг, ардлоқламанг, кўзларим кўрмагандан кейин қандай ишонай? Қандай мамнун бўлай? Ҳозир ёнингизда ўтирибман-у, қалқиган кўпик устидадайман. Гўё сал ноўрин қимирласам, дарёнинг пишқириб оқаётган сувига ғарқ бўладигандайман. Қачонгача шундай умр кечираман? Қаршимда зулматдан, қоп-қора шарпадан бўлак ҳеч вақо йўқ. Фақат овозларнигина эшитаман. Тўйиб кетдим, тўйиб!..
— Нима қилай унда, жоним? — уни маҳкам қучиб ўзига қаратди Нортўхта. — Айт, қаерга олиб борай? Қандай жойда яшайлик?
— Менга мана шу ер ҳам бўлаверади, — деди Нилуфар кўз ёшларини дастрўмолчасига артиб. — Фақат бировга қарам бўлиб яшашни истамайман.
— Ҳалиям бировга қарам эмассан. Эртагаёқ мен ишга чиқаман. Кампирга қараб тургани учун қўшимча пул тўлайман. Хавотир олма.
— Сиз ҳалиям тушунмадингиз. Мен бошқа нарсани назарда тутдим.
— Нимани? — унга қаттиқроқ тикилиб сўради Нортўхта. — Айтақол!
— Менам бирор юмушминан шуғуллансам, пул топсам дейман. Кўрман деб ўтираверсам, бирор нима ўзгарармиди? Қимирлаган қир ошар дейишади-ку!
— Эҳ, сен, — юлдузли осмонга боқиб норози бош чайқаб қўйди Нортўхта. — Тутганингни кесасан-да!.. Бўпти, айт, нима иш қилишни хоҳлайсан? Мен муҳайё қиламан.
— Ростданми? — ҳовлиқиб эрининг билагига ёпишди Нилуфар. — Алдамайсизми? Нима десам бажарасизми?
— Албатта. Гапиравер!
— Унда-чи, менгаям бозордан бир-икки метр мато, игналар, ип, ангишовна опкелиб беринг! Уёғиминан ишингиз бўлмасин!
— Ў, иштаҳалар зўр-ку, хоним! — ҳазиллашди Нортўхта. — Чеварлик қилмоқчимилар ҳали? Ўзи тикишни биладиларми?..
— Вой, бу нима деганингиз? Сойга чўкиб кетмасимдан олдин тикардим-ку! Ё эсингиздан чиқдими?
Бу алдов Нортўхтани дарров ҳушёр торттирди. У Нилуфар эски гапларни қўзғаб қолишидан қўрқиб шоша-пиша жавоб қайтарди.
— Э-эсимда… Шунчаки ҳазиллашдим-да, хотинжон!..
Нилуфар ҳам унинг ҳолатини жуда яхши пайқаб турарди. Гапни чўзишни истамай, мақсадга ўта қолди.
— Унда эртагаёқ айтганларимни сотиб олинг. Бекорчиликдан тўйганман!
— Хўп, албатта сотиб оламан. Қани, энди ичкарига кирайлик! Вақт алламаҳал бўлди. Барвақт туришим керак.
Нилуфар сал кўнгли ёришгандек, ёқимли жилмайиш қилиб ўрнидан қўзғалди.
* * *
Нортўхта анча маҳалгача кўз юма олмади. Унинг миясига турли шайтоний хаёллар ўрлаб, ҳаловатини ўғирлайверди. Асов қалбини негадир надомат, пушмон ҳисси чулғай бошлади. Ёнида жимгина ухлаётган Нилуфарга кўз қирини ташларкан, хаёлида қовоқлари уйилган онаси, елкасига кетмон ташлаганча қир томон кетиб бораётган отаси гавдаланаверди.
«Наҳотки, кечирилмас хатога йўл қўйган бўлсам? — ўйларди Нортўхта лаб тишлаб. — Ота-онамни ранжитиб қўйдимми? Нега? Энам жаҳл, алам устида қарғаб қўймадимикан мени? Отам-чи? Умуман, нега Нилуфарга кўнгил бердим? Қўшни ўтовдаги Салима қачон қараса мендан кўз узмасди. Оғиз солишим, кўнглимни очишимдан умидвор эди. Уч ўтов наридаги Гўзалой-чи? Нуқул энамнинг ёнига келиб ишини қўлидан оларди. Мен келиб қолсам, дув қизарарди. Бу севги аломати эмасмиди? Нимага мен келиб-келиб сўқир ва нотавон қизни танладим? Билиб-кўриб тургандим-ку! Шундаям уни алдадим, хотиним эканига ишонтирдим. Ўзимга муносиб, товонидан ўт сачраган қизга уйлансам бўлмасмиди? Энам, отамнинг хизматини қиларди, дуоларини оларди. Йўқ, йўқ, нималар деяпман ўзим? Миямга бундай аҳмоқона ўйлар қайдан келаяпти? Мен… Мен у қизларни Нилуфарчалик сева олмасдим. Буни аниқ сезиб турибман. Улар учун ҳозиргидек машаққатларга тайёр тура олмасдим. Барчаларига шунчаки хотин сифатида қараган бўлардим. Нилуфар бўлса… У ажойиб. Кўзлари кўрмаса-да, жуда чиройли. Жилмайса, юрагим тўкилиб кетай дейди. Сўзласа-чи? Тамом бўлаёзаман ҳар сафар. Шунинг ўзи муҳаббат эмасми? Ҳа, муҳаббат. Ундан бўлак нарса эмас. Худойим, қанийди ёримнинг кўзлари бирдан очилиб кетса-ю, ёруғ юз билан ота-онамнинг қошига борсам. У менинг меҳримни, муҳаббатимни мана шу оҳу кўзлари билан кўра олса! Мен… Нилуфар учун ҳамма ишни қиламан. Қандай сўз айтмасин, албатта адо қиламан. Унинг раъйини қайтара олмайман. Ажаб эмаски, шу кунларимиз ортидан бахтли, қувончли лаҳзалар келса!.. Илоҳим, ўша кунларга етказгин… Етказгин!..»
* * *
Эрта тонгда Нилуфар кимнингдир қайноқ нафасидан уйғониб кетди.
Жонҳолатда ўрнидан турди-ю, ёнидаги ўринни пайпаслади. Нортўхта йўқ эди. Қўли думини ликиллатганча искаланаётган Шарика тегди.
Шу заҳоти кўнгли ғаш тортиб оғир хўрсинди.
— Нега итни олиб кетишмади? — қичқирди ўтирган ерида. — Ким бор бу уйда? Нимага ёнимга тағин итни киритишди? Айбим нима?..
Саври кампир ошхонада нонушта тайёрлаш билан банд эди. Нилуфарнинг ҳайқириғидан қўрқиб кетиб югурганча ичкарига кирди ва Нилуфарни қучоқлаб олди.
— Ҳа, қизим, нима бўлди? Қўрқиб кетдингми?
— Эрим қани? Кетиб қолдими? Нега яна мени итминан қолдириб кетди? Кеча айтиб эдим-ку, хола!..
— Вой, болам, Нортўхта итни олиб кетишни унутибди шекилли. Сен асабийлашма, қўрқма! Ҳозир келсин, ўзим опкеттираман бу итни! Турақол, икковлашиб нонушта қиламиз! Тухум қовуриб қўйдим, қизим!
— У… Қаерга кетди? — сўради Нилуфар ҳамон безовталигини яшира олмай. — Мени ташлаб қочиб қолдими?
— Бу нима деганинг? Шундай келишган қизни ташлаб кетиб бўларканми? Нортўхта-чи бозорга кетди. Ҳали замон сенга игна, матолар олиб келади. Кеча ўзинг айтгандинг-ку!..
Шу гапдан кейингина Нилуфар сал тинчлангандек бўлди. Аммо ит воқеаси барибир асабларини таранг торттирарди. Шарик ғингшиётган тарафга бошини бурди-да, қовоқ уйди. Шу йўл билан норозилигини ошкор этди. Сўзсиз бўлса-да, Шарикка яқинлашмасликни, безовта қилмасликни уқтирган бўлди.
* * *
Бу энг мушкул синов онлари эканини Нилуфар пайқаб турарди. Нортўхта келтирган матони қўлига оларкан, бир суюнса, бир ҳаяжон, қўрқув ўтида куйди. «Мен уддалай олармиканман? Шарманда бўлмасмиканман? Ниятимга ета олармиканман?» деган хаёл Нилуфарни титрашга, жавдирашга мажбур этди. Лекин таваккал қилди. Саври кампир бармоғига ангишовнани кийдиргандан сўнг улар таърифлаган қизил шойи матони қайтадан қўлига олди. Ўзича ниманидир чамалади, ўлчади. Орада кампирни ҳам кўмакка чорлади.
У биларди. Мана шу мато қандай бўлмасин, аёллар лозимига айланиши шарт. Шундай тикилиши зарурки, кўрганлар ҳайратдан ёқа ушласин. Кўр аёлнинг бу қадар хушбичим кийим тика олганини кўриб ҳайрон қолишсин.
Афсуски, бунинг ўзи бўлмас экан. Илк бор қўлига игна ушлади-ю, бармоғига санчиб олди. Жони оғриди. Кўзларидан ёш сизиб чиқди. Бу гал ҳам Нортўхта уни бағрига олди.
— Жоним, кел бойлаб қўяй, — дея қон сизиб чиқаётган бармоғидан тутди у. — Сени жонинг оғриса, меникиям оғрийди. Қўй, шу ишни! Беҳуда қийналиб нима қиласан?
Бу гапни эшитган Нилуфар зарда билан эрини силтаб ташлади.
— Нега қўярканман? — деди у йиғи аралаш. — Менга раҳмингиз келмай қўя қолсин! Мен иродали аёлман, билдингизми?!. Мени овутманг! Шафқат қилманг!
— Хўп, хўп, сен айтганча бўлади! — дея нари кетди Нортўхта кампирга маъноли қараб қўйиб. — Халал бермайман. Аста, эҳтиёт бўлиб ишлайвер!..
* * *
Орадан уч кун ўтди. Нилуфар ёшликда ўрганган машғулотни эслашга, юмуқ кўзлар билан чамалаб ишлашга уринарди. Бироқ ҳадеганда эплай олмасди. Гоҳ тиккани қинғир-қийшиқ чиқиб қолар, гоҳ қўлига игна санчилиб азобланарди. Шунда ҳам қайтмасди. Нима қилиб бўлмасин, кўзлаган ниятига етишни хоҳларди.
Унинг қош-қабоғига қарайвериб, Саври кампир ҳам чарчаганди. Бу сўқир аёлнинг инжиқликларига бардош беришга кучи қолмаганда индамай ташқарига чиқарди-да, аламини товуқларидан оларди. Уларни қарғай-қарғай ўзини босарди-да, уф тортиб яна ичкарига кирарди.
— Мен уддасидан чиқа олмаяпман, эна! — йиғлаб бақирди Нилуфар учинчи кун шомга яқин қўлидаги матони четга ирғитиб. — Кўзларим панд бераяпти барибир. Нима қилай, нима?..
— Қўй, хафа бўлма, — деди кампир унинг бошини силаб. — Ўзим ёрдам бераман. Қани, игнани қўлингга ол, болам! Агар қўлда тикишни ўзлаштириб олсанг, ана, нариги хонада машина турибди. Машинада тикишниям ўргатаман ўзим. Ё биласанми машинада тикишни?
Нилуфар индамади. Алам билан қўлидаги матони ғижимлади-да, юзларига босди ва дардли оҳангда шивирлади:
— Худойим, мунча қийнайвермасанг мени? Сенга нима ёмонлик қилдим ўзи? Дилимга солсанг-чи, кўмакчи бўлсанг-чи энди!..
* * *
Ҳафтанинг еттинчи куни — Якшанба эрта тонгда Саври кампир Нилуфарнинг қичқириғидан сал қурса юраги хуруж қилиб ағдарилаёзди.
— Мен уддалади-им! Уддаладим! Ким бор? Хола-а-а!!!..
Саври кампир юраги безовта уриб қўлидаги дон солинган косани шоша-пиша ўчоқбошига қўйди-да, Нилуфар томон ошиқди. Не кўз билан кўрсинки, у қўлида тайёр кийимни баланд кўтарганча нуқул куларди.
— Хола, қаранг, мен тика олдим! — деди Нилуфар қўлидаги кийимни кўз-кўз қилиб. — Мана, кўринг! Хато қилибманми? Яхшилаб кўринг!..
Саври кампир янги лозимни айлантира-айлантира хато топа олмади. Ҳақиқатан, жуда бежирим, чиройли тикилганди.
— Кўзларимга ишонмаяпман, болам! — деди кампир ҳайратини яширолмай. — Хафа бўлмагин-у, аммо кўзим очиқ бўла туриб менам бундай ажойиб иш тиколмайман. Ҳақиқий чевар экансан-ку!..
— Ростданми? Ё кўнглимни оғритмаслик учун шундай деяпсизми, хола? Ростингизни гапиринг! Мени алдаманг!..
— Алдаб ўлибманми? Мана, қўлимда ушлаб турибман ишингни! Жудаям ажойиб чиқибди! Ҳадемай Нортўхта келса, қувончдан ёрилиб кетса керак.
— Демак, ишласам эплаб кетарканман-да! — сўради Нилуфар бўшашиб. — Мениям қўлимдан иш келаркан-да!..
— Албатта келади, — деди кампир беихтиёр кўзларига ёш қўниб. — Ҳали бунданам чиройли кийимлар тикасан. Ўзим кафил. Худо хоҳласа, бозорда фақат сен тиккан кийимларни сотиб олади одамлар.
Нилуфар бу сўзларни тинглаб туриб чуқур хўрсинди. Қўлларини олдинга чўзиб кампирнинг елкаларини топди-да, бошини қўйди.
— Хола, фақат бир армон мени тарк этмаслиги ёмон-да! — деди йиғи аралаш. — Мана шу армон чангалида ўлиб кетишимни эсласам, қийналавераман.
— Қандай армон тағин? Мана, секин-секин бўлсаям орзуларинг ушалаяпти-ку!..
— Кўзларим-чи? Мана, сиз шу кийимни кўриб турибсиз. Рангини ҳам қандайлигини биласиз. Мен бўлсам, бундай бахтдан маҳрумман. Минг йил орзулаганимдаям барибир бу орзу ушалмайди. Ҳамиша зулмат қўйнида қолиб кетавераман. Дардимни ичга ютиш, ёлғондакам кулиш, қувонишга мажбурман. Шодлигим ҳам, хандон отиб кулишларим ҳам қалбаки, хола!
— Қўй, жоним, юрагимни эзма, — дея уни қаттиқ қучди Саври кампир. — Худойимнинг хоҳиши экан. Нима қилайлик? Агар ўзи истаса, бир зумда кўзларингни очиб қўя олади. Худодан сўрайвер! Сўраб чарчама! Ётсангам, турсангам сўра! Ажабмас, оҳларинг етса!
* * *
Нортўхта кампир қўлига тутқазган янги кийимни қайта-қайта айлантириб кўрарди-ю, уни Нилуфар ўз қўллари билан тикканига сира ишонгиси келмасди. Ҳали Нилуфарга, ҳали Саври кампирга жавдирар, фақат каловланарди.
— Бу… Бундай бўлиши мумкинмас, — деди ниҳоят ўзини ҳийла қўлга олиб. — Хола, ахир… — шундай деб аста кампирнинг қулоғига шивирлади. — Айтинг, қ-қандай қилиб ҳеч нарсани кўрмай туриб кийим тикиш мумкин? Ишонгим келмаяпти. Ҳойнаҳой ўзингиз бошида турган бўлсангиз керак.
— Бўлмаган гапни гапирма, — унга жавобан шивирлади кампир ҳам. — Ўлай агар, шу ёшимда ёлғон гапирармидим? Эрталаб хотинингнинг қичқириғидан уйғониб кетдим. Бирор гап бўлдими деб сал бўлмаса жоним чиқиб кетаёзди. Сен бўлсанг…
— Шунақасиям бўларкан-да-а, хола! — кийимни юзларига босди Нортўхта. — Бу мўъжиза-ку!..
— Намунча пичир-пичир қилиб қолдингиз? — Нилуфар ўтирган ерида сўз қотди. — Мени ёмонлаяпсизларми?
— Вой, унақа дема, — кампир югура бориб Нилуфарни қучоқлади. — Эрингга мақтаётгандим сени… Менга қара, энди-чи, мундай қиламиз…
— Нима қиламиз? Тинчликми?..
— Ишингни бозорга обориб сотамиз. Мана кўрасан, харидор уймалаб қолади олдингда, ҳа!..
— Вой, нега? — елка қисди Нилуфар. — Нимага сотарканмиз?
— Ие, қизиқчимисан? — Нортўхта қувончдан ёрилгудек бўлиб хотинини қучди. — Сен шундай кийим тикасан-у, сотмаймизми? Сотиб пулига тағин мато, иплар сотволамиз, жоним!
Нилуфар эрининг қучоғидан секин бўшалди-да, энгашиб, кўрпачани топди ва ўтириб олди.
— Мен бу кийимни сотмайман! — деди Нилуфар бош эгиб. — Бундай қила олмайман.
— Нимага-а? — бараварига унинг ёнига ўтириб олишди Саври кампир ва Нортўхта. — Тинчликми?
— Холажон, — дея кампирнинг елкасига қўлини қўйди Нилуфар. — Бугун мен анчадан бери дилимга тугиб қўйган ниятимга эришдим. Шундай эмасми?
— Ш-шундай, — жавоб қилди кампир Нортўхтага сирли қараш қилиб. — Худога шукр, тикишни, бичишни уддалаяпсан.
— Бунга эришишимда сизнинг хизматингиз катта, хола! Агар сиз бўлмасангиз, ҳеч нарса қила олмасдим. Шунча кундан бери қанча инжиқлик қилмай, асабингизни эговламай, чидадингиз. Мендан ширин сўзингизни аямадингиз.
— Болам-эй, — деди Саври кампир кўнгли бўшаб. — Сен қизимдай бўп қолдинг, ахир! Одам фарзандининг инжиқлигини кўтармаса, одамми?
— Демак, бу кийимни сизга ҳадя қиламан. Биринчи ишимни сизга совға қиламан.
— Н-нега? Йў-ўқ, қизим, ундай қилма! Ҳазилакам қийналдингми? Қўлларингга игна санчилавериб роса азобландинг. Мен… Ололмайман.
— Ўзингиз ҳозиргина боламдай бўп қолдинг дедингиз-ку! Шундай экан, олишингиз керак. Ё ҳазар қиласизми мен тиккан кийимдан?
— Йўғ-э, дарров ундай демагин-да, болам!
— Унда олинг! Яхши кунларда кийиб юринг!..
— А-анави… М-мато-чи?.. Янги мато?..
— Ўғлингиз бошқасини опкелиб беради. Ана ўшаларни сотаверамиз…
Саври кампир бирпас каловланиб турди-да, кўз ёшларини енгига арта-арта Нилуфарни дуо қилди.
— Илойим, нимаики яхши ният қилган бўлсанг, ҳаммасига Худойимнинг ўзи етказсин! Умринг зиёда бўлсин!..
Шу лаҳзаларда Нортўхта дераза қаршисида тик турган кўйи Нилуфарга тикилар, йиғлаётганини хотинига сездириб қўймаслик учун оғзини дастрўмолча билан маҳкам ёпиб олганди.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ