АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (30-қисм. Иккинчи фасл)
* * *
Оқшом чўкди. Осмон-у фалакни маржондек тизилган юлдузлар қоплади. Бир четдан ҳали тўлиб-тўлмаган оймома ҳам мўралаб турар, наздимда, у ҳам менга масхарали қараш қилаётгандек туюларди.
Уйимиздан анча наридаги кичик боғда ўтирарканман, оймомага қур-қур қараб олар, ҳар қараганда, номусдан ўлар даражада дарров ер чизардим.
«Менинг Сусаннам ҳам мана шу оймомага ўхшайди, — ўзимча ўйлардим. — Қачон қарамай, қандай хатога йўл қўймай, фақат сукут сақлайди. Охирини, натижасини кутади. Бу қадар улкан сабрни, кучли иродани қайдан олган ўзи? Наҳотки қалби азобланмаса? Қаёқда? Албатта, азобланади. Дардини мен каби ҳадеганда дастурхон қилавермайди, холос. Пайқадим. Боя ҳақиқатни айтганимдан кейин кўзлари нурсизланди. Ранги докадек оқариб, лаблари билинар-билинмас титрай бошлади. Қанчалар аблаҳман-а!.. Бегуноҳ аёлнинг кўзларига ёш қўндирдим, пок қалбига доғ туширдим. Энди нима бўлади? Нима қиламан? Ярамас, ярамас!.. Ўша маккорага дуч келтирган, қўлидан сумкасини олишимга сабаб бўлган лаҳзаларимга минг лаънат бўлсин! Агар ўшанда терс ўгирилиб кетсам, Мавлуданинг ёқимли ифорини димоғимда туйгандан сўнг, бамайлихотир ўрнимдан қўзғалсам, ўзимни нари олсам, ҳозир шу кунлар бошимга тушмаган бўларди-ку!»
Бу хаёллар, дард-у андуҳлар мени адо қилиб борарди. Ичимга чироқ ёқса, ёришмас даражада тунд эдим. Бу тундлик тобора кенгайиб, бутун вужудимни қамраб ола бошлаганди. Афсус, тундлик гирдобидан чиқиш учун қаршимда ҳеч қандай йўл кўрмасдим. Фақат олис-олислардан баъзи-баъзида юз кўрсатиб қўяётган биргина тор кўчага кўзим тушарди. У ўлим эди. Ўлсамгина барчасидан мосуво бўлишимга, енгил тортишимга ишонардим.
* * *
Уйга вақт хуфтондан ошганда кириб келдим. Тоғам аллақачон ухлаб қолибди. Сусанна йўлакка тўшалган ўринга ёнбошлаганча китоб ўқир, онам эса унинг тепасида ўтирган кўйи хаёл сурарди.
Эшикни очиб, ичкарига кирганим ҳамоно онам даст ўрнидан турди.
Зардобга тўла қалбим титраб кетгандек бўлди. Онамни кўрганимда ҳеч қачон бундай аҳволга тушмагандим. Айни дамда гўё кўз ўнгимда раҳматли бувижоним намоён бўлган каби аъзойи баданим ҳаяжон алангасида қолгандек туюлди.
Бўшашганча бориб, онамни ўтиришга ундадим ва ўзим ҳам кўрпача четига чўкиб, волидамнинг кўксига бош қўйганча оғир хўрсиндим.
Нақадар қайноқ бу бағир! Нақадар ёқимли ва тотли бу лаҳзалар! Бу ифорни, бу қайноқ бағир тафтини болалигимда бувижонимнинг қучоғида ҳис этгандим. Ўшанда эътибор бермаган, қадрига етмаган эканман-да!..
«Она, дардимга малҳам бўлинг! — хаёлан зорланардим хўрсинишдан ўзимни сира тия олмай. — Сизнинг кўксингизга бош қўйдим-у, ёруғ дунёнинг ҳақиқий жаннатини вужудимда туйгандек бўлдим, онажон! Билардим, шу кун келишига, бағрим дард, андуҳларга тўлганида, албатта, бағрингизга олишингизга ишонардим. Билсангиз эди! Мен шу тобда тамом бўляпман. Кимга суянишни, кимларга топинишни била олмаяпман. Дардим ичимда. Қанийди, журъатим етса-ю, мана шу кўксимни юмдалаб ташласам!..»
— Чарчадингми, болажоним? — ҳеч нарсадан бехабар онам бошимни меҳр билан силаб сўради. — Ишинг ҳам бор бўлсин! Ўзингни сал эҳтиётлагин-да!..
Онамга жавобан ҳеч нарса демадим. Сездим, онамнинг қайноқ тафти, меҳри менга номаълум куч, журъат ва қудрат ато этмоқда. Буни юракдаги туманлар тарқагани, кўзларим мошдек очила бошлаганидан пайқадим. Танамни хотиржамлик эгаллади.
«Йўқ, — дедим хаёлан. — Мен энди ҳеч ҳам кўзлари мени деб ёшланишига, ўксик кўнгли баттар оғринишига йўл қўймайман. Майли, бу йўлда жоним қурбон бўлсин! Лекин бўш келмайман. Курашаман. Бахтим, ширин лаҳзаларим ҳақи-ҳурмати барча тўсиқларни енгиб ўтаман!..»
Кескин бошимни кўтардим-у, ўрнимдан турдим. Ухлашга ётмоқчилигимни пайқаган онам ҳам бизга хайрли тун тилаб, истар-истамас ичкарига кирди.
* * *
Сусанна билан шу кеча деярли гаплашмадим. Мен юрак ютиб унга сўз қота олмасдим. Бўлиб ўтган гап-сўзлар тилимни танглайимга ёпиштириб қўйгандек, нуқул хўрсинишдан, оҳ тортишдан нарига ўтолмасдим.
Сусанна эса менга жавобан ҳеч нарса демади. Узоқ муддат китоб мутолаа қилгач, чарчадими, терс ўгирилди-ю, уйқуга кетди.
Мен ҳам тонгга яқин чарчоқ енгиб ухлаб қолдим.
Ғалати туш кўрибман. Тушимда тумонот одамлар орасига тушиб қолганмишман-у. Шу пайт қаердандир хўппасемиз аёл пайдо бўлибди-да, қўлимдаги мақолалар жойланган сумкамни тортиб олибди. Ҳайронлигимдан нима дейишни билмай, аёлнинг қўлидан сумкани олишга уринармишман. Бироқ у ҳадеганда ён беравермабди. Шунда овозимнинг борича аёлни ҳақорат қила кетибман…
Ўзимнинг таҳдидли қичқириғимдан уйғониб кетдим. Ёнимда Сусанна йўқ эди.
Азбаройи қўрқиб кетганимдан сакраб ўрнимдан турдим-да, ичкари хонага мўраладим.
Хайрият, у кетиб қолмабди. Меҳмонлар билан нонушта қилиб, ҳазил-ҳузул билан онамни кулдираётган экан.
Шундан кейингина сал ўзимга келиб, ортга қайтдим ва кийинишга тушдим.
Нонушта қилгим келмади. Шу тобда томоғимдан сув ўтмаслиги аниқ эди. Тезроқ балоларни даф этиш ниятида кўчага отилдим.
* * *
Боягина мени оёққа турғазган шиддат, журъат Мавлуданинг подъездига яқинлашганим ҳамон аллақаерга гум бўлди. Қайтадан юрагим ғаш тортди. Эшитишим мумкин бўлган таъналар оёғимдан олиб, таққа тўхтадим.
«Сен аёл зоти билан ҳазиллашма, — дерди ичимдаги шайтон. — Уларнинг макри олдида ип эшолмайсан. Ҳозир ўзинг кўрасан, Мавлуда адабингни беради. Сени шундай усталик билан тузоғига илинтирадики, қопқонга тушган жонивор қиёфасига кирасан…»
Унга жавобан номаълум овоз мени олдинга ундарди.
«Сен, яхшиси, ажойиб ёлғон тўқиб кўр, — дерди ўша овоз. — Шу ёлғонингга аёлни ишонтир. Ташвишларинг арийди, Мавлуда тинчланади. У ёғи бир гап бўлар…»
Ҳа, бирдан-бир тўғри йўл шу. Ёлғон гапираман Мавлудага. «Хотинимни талоқ қилдим», дейман. Шунда қайсарликни бас қилса, мени бир муддат тинч қўйса, ажабмас…
Шундай ўйлар қуршовида секин юқори қаватга кўтарилдим-да, таниш эшикни оҳиста тақиллатдим. Бу ҳаракатимдан сўнг вужудим баттар титрай бошлади. Гўё қаҳратонда қолиб кетган кимса каби тишларим такиллади. Пешонамни совуқ тер босди.
Бир неча марта тақиллатганимдан сўнг, эшик зулфини суғурилиб, қаршимда мени шу кўйга солган Мавлуда пайдо бўлди.
У менга менсимайгина қараб олди-да, йўл бўшатди.
Ичкарига кирдим. Ўлай агар, айни лаҳзаларда бу уй кўзимга қабристондан-да совуқроқ кўринар, иложини топсам, кўзларимни чирт юмиб оган бўлардим.
— Ҳм-м, намунча сувга тушган мушукчадай шумшайиб қопсиз? — масхарали оҳангда сўради Мавлуда. — Тинчликми?
Ялт этиб унга боқдим. Юзларида алам ифодаси кўзга ташланмасди. Кўзлари куларди.
«Албатта, — кўнглимдан кечирдим мен. — «Ниятимга етдим» деб ўйлаяпти. Шунга хурсанд, шекилли… Қанчалар доғули экан бу аёл! Мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди-я! Наҳотки бошқа бир аёлни зор йиғлатиб, бахтга эришаман деб ўйласа?..»
— Хотинингизни жудаям яхши кўраркансиз-а? — жимликни бузди Мавлуда. — Топдимми? Нега индамайсиз? Тўғри топдимми-йўқми?
Мен унга совуқ тикилганча сезилар-сезилмас бош ирғаб қўйдим.
— Қўрқманг, — дея менга яқинроқ келди Мавлуда. — Сизни шунчаки текшириб кўрмоқчийдим, холос. Бировнинг бахтига чанг солиб зарил кептими?
— Нима?..
Бу гапларни эшитиб, бирдан ҳушёр тортдим. Худди ёз чилласида иссиқдан бўғриқиб турганимда кимдир устимдан бир челак сув қуйган каби танам енгил тортди:
— Нима дедингиз?
— Ҳазиллашгандим, — жавоб қилди Мавлуда жилмайиб. — Сизга бир қалтис ҳазил қилай дегандим. Бардам бўлинг, ўртоқ мухбир! Ҳалол хасмингиздан қўймасин!
— Шу гапларни сиз айтаяпсизми? — ҳануз ҳеч нарсага тушунмай сўрадим ундан. — Ё навбатдаги…
— Э, қўйсангиз-чи! — Мавлуда қўл силтаганча нари кетди. — Мен аллақачон ўзини тўхтатиб олган аёлман. Сиз… Ўшанда… Негадир ёқиб кетдингиз! Ҳисларимни жиловлай олмай қолдим. Кечиринг!.. Ҳой йигит, нега анграйиб қолдингиз? Ҳазиллашдим, дедим-ку! Ишонаверинг! Энди ошхонага юринг, мошкичири совиб қолади!..
Очиғи, аёл макрига шу онда ростакамига тан бергандим. Бу қалтис ҳазил мени адо этаёзган бўлса-да, бахтим қўлдан кетмаганидан ёрилай дердим. Эрким ўзимда бўлса, ҳозироқ Сусаннанинг ҳузурига учиб боришни, яна бир бор пойида тиз чўкишни истардим.
Лекин ундай қила олмадим. Мавлуданинг ҳазили чинга айланишидан, у кутилмаганда, тағин айниб қолишидан чўчидим ва хаёлан бу хонадонга қадам босмасликка онт ичиб, уй бекасига эргашганча ошхонага ўтдим.
* * *
Мавлуданинг квартирасидан чиққач, қушдек енгил тортдим.
Ҳа, энди мен Сусаннанинг қаршисида мулзам бўлмасам керак. Чунки бу аёл билан буткул муносабатларни узаман. Ҳатто телефон рақамини ҳам унутаман. Уни қалбимдан ўчириб ташлайман. Умуман, у қалбимдан жой олди дея олмасдим. Бу, шунчаки, вақтинчалик ҳавас, қўполроқ айтганда, аҳмоқликдан бўлак нарса эмасди. Майли, бу ҳам менга бир мактаб бўлди. Бу ёғига қадамимни ўйлаб босаман. Шайтоний ҳавасларнинг макрига учмайман…
Ие, нима қилиб турибман? Тезроқ уйга бормайманми? Вақт ҳам кеч бўлиб боряпти. Сусанна ичидан зил кетиб ўтиргандир. Унга бор ҳақиқатни айтишим, ўзимни оқлаб олишим зарур эмасми?..
Шундай хаёллар билан ярим соат деганда уйимизга етиб келдим. Азбаройи ҳовлиққанимдан зиналардан қандай кўтарилганимни ҳам сезмадим. Шу паллада чарчоқ мендан нари кетгандек эди. Шоша-пиша эшикни очиб, ичкарига кирдим…
Квартирада сукунат ҳукмрон эди. Меҳмонлар ҳам кўринмасди. Ҳайрон бўлиб ичкари хонага ўтдим. Ҳеч ким йўқ.
Шу тобда хонтахта устидаги қоғозчага кўзим тушди. Тоғам хат қолдирибди.
«Жиян, биз онанг иккимиз қишлоққа кетдик. Отангнинг аҳволи анча яхши экан. Ҳовлидан хабар олиб, келаси ҳафтада қайтамиз. Тоғанг».
«Тушунмадим, унда Сусанна қаерга ғойиб бўлди? Ё меҳмонларга қўшилиб қишлоққа жўнаб юбордими? Қанақасига? Менга бир оғиз айтмасдан-а?»
Шунчадан бери бирга яшаб, уйда ҳеч қачон Сусаннасиз қолмагандим. У бирор ёққа чиқса, албатта, мени хабардор қиларди. Ҳозир эса…
Бошимни чангаллаганча полга ўтириб қолдим. Нима қилай? Кутайми? Қаерга кетди экан? Балки, дугоналаридан бирортасиникига кетгандир? Унда нега менга қўнғироқ қилмади? Жин урсин! Ахир у мендан аразлаган! Шунинг учун атайин ҳеч нарса демаган. Овсарга ўхшаб ундан ўпкалаб ўтирибман-а! Тўғри-да, ҳамма айб ўзимда. Уни қаттиқ ранжитдим. Кўнглини ўкситдим. Демак, аламлари унут бўлгунча, ундан ўпкалашга ҳақим йўқ… Тўхта, бирор гап бўлмадимикан, ишқилиб? Қўшнилардан сўраб кўрсаммикан? Эҳ, улар қаердан билсин? Салом-аликдан нарига ўтишмайди-ку! Ҳа, Сусаннанинг дугонаси Ленага қўнғироқ қилиб кўраман. Ҳойнаҳой, ўша ерда қаҳва ичиб ўтиргандир…
Жонҳолатда телефонни қўлимга олиб, керакли рақамларни тердим.
— Алло, ким бу? — гўшакдан Ленанинг таниш овозини эшитишим билан саломлашишни-да унутиб, қичқирдим: — Лена, Сусанна сеникидами?
— Сусанна? — ҳайрон бўлиб сўради Лена. — Йўқ… Бизникига бугун келмади.
— Ие, қаерда бўлиши мумкин унда? Мабодо билмайсанми?
— Қизиқ савол бўлди-ку! — энсаси қотиб жавоб қилди Лена. — Хотин сеники бўлса, мен қаердан биламан уни? Қўшнилардан суриштириб кўр, бирор ерга чиққандир-да! Намунча ваҳима қилмасанг?
Ленага жавобан ҳеч нарса дея олмадим. Бўшашганча телефонни ўчирдим-да, деворга суяниб қолдим.
Энди Сусаннанинг келишини кутишдан бўлак чорам йўқ эди.
* * *
Орадан икки соат ўтди. Сусаннадан эса ҳануз дарак йўқ эди.
Сония сайин вужудимни муз чирмаб борарди. Туйғуларим сўна бошлаганди. Ўзимни гўё тирик мурда каби ҳис этардим. Бироқ қалбим уйғоқ. У мени қарғашда, тергашда давом этарди. Ҳар лаҳзада дукирлаб, менга танбеҳ беришдан чарчамасди.
Ана, ташқарида кимнингдир қадам товушлари қулоғимга чалинди. Сусанна келди, ҳа! Аразлари тарқаган кўринади! Хайрият!
Жоним ҳалқумимга келгудек ўрнимдан сапчиб турдим ва йўлакка чиқиб, эшик тирқишидан мўраладим.
Афсус! Қўшнилар экан. Рўпарадаги эшик ёпилди-ю, яна атрофга жимлик чўкди.
Худойим, нималар бўляпти ўзи? Нега Сусанна йўқ? Қаерда? Наҳотки хиёнатни кечира олмаган бўлса?
Бу саволлар ич-этимни кемириб борарди. Ўзимни қандай тинчлантиришни, Сусаннани қаердан излашни билмасдим. Гўёки боши берк кўчада эдим.
Шу тахлит бир соатча хонани айланиб вақт ўтказдим. Сукунат уй ичини ютиб юборгудек бўлар, ҳар бир тиқ этган товуш мени ҳушёр торттирарди.
Охири тоқатим тоқ бўлди. Қалбимни қуршаб олган аламларни қандайдир йўл билан чиқариб ташлашим, тин олишим зарур дея ҳисоблаб, жавонни очдим-да, бир шиша ароқни қўлимга олдим.
Ҳа, энди пешонамга битилганини кўраман. Дод-фарёд билан иш битмайдиган кўринади. Ҳозир шу оғуни тўйгунча ичаман-у, барчасини унутаман. Сархушлик, албатта, мени айрилиқ ботқоғидан олиб чиқади.
Худди кечиксам, кимдир келиб, қўлимдан тортиб оладигандек, ҳовлиққанча шишани очиб, пиёлага ароқ қуйдим. Газак ҳам қидириб ўтирмай, бир кўтаришда ароқни сипқордим.
Ароқ ичимни олов каби куйдириб ўтди. Нафасим бўғилди. Бошимни силкита-силкита, заҳар кучини кесиб, яна пиёлани ичкиликка тўлдирдим.
«Ўлиб кетмайдими ҳаммаси! — ўйлардим афтимни бужмайтириб. — Тўйдим! Ортиқ бундай яшашга қурбим етмайди. Агар у ҳам мени ташлаб кетган бўлса, бу ёғига фақат ўзим учун яшайман. Ҳеч нарсани ўйламайман, ташвиш, қайғу, андуҳларга бўйин эгмайман. Уларга қарши аёвсиз курашаман. Йўлимни тўсмоқчи бўлган ташвишларни янчиб ўтаман. Фақат олға бораман. Майли, бу ҳаёт жонимни олсин, танамни тилкалаб ташласин. Барибир, бўш келмайман! Тўғри-да, менга ким қўйибди шоҳона ҳаёт кечиришни? Онадан етим туғилдим, болалигим, ўсмирлигим шундай ўтди. Бу ҳаётга аллақачон кўникишим лозим эди. Тақдиримда лаззатли ҳаёт бўлмаслиги керак. Бир муддат хотиржам умр кечирдим, етар! Қайтадан эски чориқни судраш, кўча кезиб, бир бурда нон илинжида изғиш палласи яқин. Нимаям қилардим? Бу дунёда кимдир мен каби дайдиларча яшаши керак-ку!..»
Ичкилик ўз кучини кўрсатди. Кайфим таранглашгани сайин Сусанна билан ўтган тотли дамлар қайтадан кўз ўнгимда намоён бўла бошлади. Уни соғиндим. Суюклигимни йўқотиш, абадий усиз умр кўришимни ўйлаб, баттар ваҳимам ошди. Миямда бўлар-бўлмас қўрқинчли хаёллар чувалашиб, тинчим бузилди.
«Балки, кетмагандир? — ўйладим чайқала-чайқала ўрнимдан қўзғаларканман. — Йўқ, бўлиши мумкинмас. У кетган. Мендан буткул воз кечишга аҳд қилган. Тўхта, қачонлардир бирга тонг оттирган бетон уйчада бўлмасин тағин? Ҳа-я, бошқа қаергаям борарди?! Менга аччиқ қилиб, тунни ўша ерда ўтказмоқчи бўлгандир. Э, бир ўзи у ерда нима қилади? Йўқ, мен зудлик билан ўша ерга боришим шарт. Уни топаман. Агар топсам, қайта-қайта узр сўрайман. Қайтиб бундай аҳмоқлик қилмасликка сўз бераман. Ҳа-а, ишонади Сусанна, ишонади! Чунки менинг феълимни билади…»
Номаълум шиддат мени оёққа турғазди. Апил-тапил кийиндим-да, эҳтиёт шарт деразадан ташқарига қарадим. Ҳамма ёқда зулмат кезиб юрибди. Машиналарнинг товуши ҳам деярли тинган. Қайсидир хонадондан гўдакнинг узуқ-юлуқ йиғиси эшитилади, холос. Бу манзара баттар хавотиримни оширди. Сусаннани қоронғи кечада ёлғиз тасаввур этдим…
Ана, қандайдир пиёниста унга яқин келди. Совуқ тиржайди-да, йўлини тўсди. Сусанна терс ўгирилиб кетмоқчи бўлди. Лекин у гўрсўхта кетишга қўймаяпти. Аксинча, унга яқинлашиб билагидан тутишга уринди… Аблаҳ! Мен сенга бегона аёлга тажовуз қилиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Ҳозир… Ҳозир бораман-у, абжағингни чиқараман, пиёниста! Ие, нимага хотинимни қучоқлайсан, ифлос? Ҳозир етволай, кўрасан кўрадиганингни!
Яшин тезлигида пастга тушдим ва анҳор томонга югуриб кетдим.
Бетон уйча худди ўша анҳорга яқин ерда. Ичкаридан сувнинг шариллаб оқиши аниқ-тиниқ эшитилиб туради.
Чопиб бораётганимда, каттакон қора мушук ўн беш-йигирма метрча наридан йўлимни кесиб ўтди.
Таққа тўхтадим. Шу лаҳзада бувим раҳматли ўргатган жумлалар хаёлимга келди. Уларни қайта-қайта такрорлай бошладим.
— Бўри ўтди, бўри! Бўри ўтди! Илоё, балонг ўзинг билан келиб, ўзинг билан кетсин, палакат!
Аксига олгандек, йўлимни кесиб ўтгани етмагандай, мушук йўлак четида чўнқайиб турар, мендан кўз узмасди.
— Йўқол, шайтон! — бақирдим унга. — Нега қараб ўтирибсан? Пишириб қўйибдими сенга менинг рўпарамда? Даф бўл!
Мушук менга тикилиб турар, ора-сирада қисқа миёвлаб қўярди.
Жониворнинг бу қилиғи баттар жазавамни қўзғади:
— Шошмай тургин! Улушингни оласан! — дедим-да, қоронғиликда пайпасланиб, қўлимга тош олдим ва мушукка отиш учун қаддимни кўтардим.
Мушукдан асар ҳам йўқ эди.
— Ўла, қора мўнди! — сўкиндим телбаларча унинг кетидан қолмай. — Калтакдан ўлгудай қўрқаркансан-ку! Барибир, тутаман сени! Қани, қай гўрга гум бўлдинг? — Мушук анҳор қирғоғида турганини кўриб, янада жонланиб кетдим. — Ҳа-а, бу ердамидинг, фалокатнинг уяси? Бу ёққа кел! Нега қочяпсан?
Мушук эҳтиёткорлик билан ортга тислана бошлади. Мен ҳам бўш келай демасдим. Кайф зўр келиб, таваккал унга ташландим.
Афсуски, ниятимга етолмадим. Мушук бир сакраб, кўздан ғойиб бўлди. Мен эса… Бу вақтда анҳорнинг лопиллаган сувида сузар, оқим тезлигидан қанча уринмай, соҳилга чиқишнинг иложини топа олмасдим.
Талпина-талпина, ниҳоят, қирғоққа чиқдим. Кийимларим шалаббо, бошимга хас-хашак ўралибди. Тун салқинлигидан дир-дир титрардим.
— Итдан тарқаган! — алам аралаш сўкинган кўйи кийимларимни ечиб, сувини сиқдим. — Қора мушукдан қачон яхшилик чиққан ўзи? Турган-битгани ёмонлик, кўнгилсизлик! Майли, шошмасин ҳали. Кўнгилсизлик келтириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман. Сусаннамга бир бало бўлсин, дунёдаги қора мушук зотини соғ қўймайман. Бор ўчимни, аламимни ўшалардан оламан!
Кутиб ўтиришга фурсат йўқ эди. Кийимларим ҳўллигига қарамай, қайтадан эгнимга илиб, ғудранганча бетон уйча тарафга йўл олдим.
* * *
Бетон уйчага етиб, олдин ичкарига қулоқ тутдим. Уйчадан одам товуши қулоққа чалинмасди. Суваракларнинг визиллашигина эшитиларди.
«Астойдил ухлаяпти, шекилли, — хаёлимдан ўтказдим. — Нима қилсам экан? Чақирайми? Чўчитиб юбормасмиканман? Чўчиса чўчийверсин! Уйи туриб, шу ерда ухлайдими одам?!»
Аста ичкарига қадам қўйдим-да, ёндиргич фонарини ёқдим. Уйча ичи ёришиб кетди. Бахтга қарши ҳеч ким кўринмасди. Шундай бўлса-да, бор овозда қичқирдим:
— Сусанна! Қаердасан? Товуш берсанг-чи!
Қаердан жавоб бўлсин? Ахир бетон уйча ичи бўм-бўш. Хас-хашакдан бўлак ҳеч вақо йўқ.
Юрагим баттар ғашланиб, ташқарига чиқдим. Айрилиқ алами шундоқ ҳам совқотган танамни баттар музлатди. Пешонамни муздек тер қоплади.
Афсус! Мен ростакамига Сусаннани йўқотдим чоғи. Ҳеч қаерда йўқ. Ватанига кетиб қолган кўринади. Демак, мени кечира олмабди. Хиёнат азоблари уни йўлга бошлабди. Ҳеч қурса, бир энлик хат қолдиришни-да маъқул кўрмабди. Мендан шу қадар безган экан-да?!
Нима қиларимни билмай, телефонни қўлимга олдим-у, тағин Ленанинг рақамини тердим. Шу лаҳзада ярим тун эканлиги ҳам мени қизиқтирмасди. Қандайдир йўл топишга, Сусанна кетган ёқни аниқлашга орзуманд эдим.
— Ҳа, яна нима бўлди? — дағал оҳангда уйқусираб сўради Лена. — Уйқунг келмаяптими?
— Лена, Сусанна ҳалиям уйга қайтмади, — дедим титраб. — Қидирмаган, бормаган ерим қолмади. Ҳеч қаерда йўқ. Илтимос, бирор гапдан хабаринг бўлса, яширмай айтгин!
— Тинч қўясанми, йўқми? — энди ростакамига бобиллаб берди Лена. — Сенга айтдим-ку, хотинингни кўрмадим! Ё менинг бошқа қиладиган ишим йўқми? Ўзлари жанжаллашади-да, кейин менинг тинчимни бузишади! Ухлашга қўясанми ўзи?
Гўшакдан ту-тулаган товуш келди.
Илож қанча? Лена ҳақ. Ярим кечада уни безовта қилишга ҳақим йўқ эди. Қолаверса, бу аёлга нима? Шунчаки дугона, холос. Сусаннанинг ортидан пойлаб, кун ўтказмайди-ку! Қисматлари қуриб кетсин! Шунчалик аччиқ бўладими?! Энди ортга қайтишдан, тақдирга тан бериб ўрнимга ётишдан бўлак чора қолмади. Катта кўчада туни билан кезсам ҳам, Сусаннани тополмайман. Бу ёғига пешонамдагини кўравераман…
Бошимни чангаллаган кўйи истар-истамас, ўзимга бўйсунмаётган оёқларимни мажбуран судраганча уй томон жўнадим. Йўл-йўлакай руҳан ўзимни ёлғизликка, узлат азобларига кўниктирган бўлдим.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ