ШАЙТАНАТ… (37-қисм)
* * *
Бир неча дақиқалик саросимадан сўнг барчалари бир муаммо устида бош қотирмоққа мажбур бўлдилар: майит қаерга ва қай ҳолда кўмилади? Зелихоннинг хаёлига бобосининг қисмати келди. Бобоси қайтиш қилганида кафанни уй эгаси берган эди. Исмоилбейга ким беради? Бу масала оғир эмас. Ҳукумат вакиллари топиб беришар. Аммо қаерга дафн Этилади? Ғассол ким? Қаерда ювади? Агар пешингача дафн этилмаса, бу иссиқда…
Оқсоқоллар турлича фикр билдиришди. Вакилнинг боши қотди. Бунақа ҳолатда кўпчиликнинг маслаҳатига қулоқ солинаверса ош пишмайди. Зелихон буни яхши билади. Аҳадбей отасига ўхшаган мўмин одам, ким нима деса кўнаверади. Шу сабабли Зелихон ўзича тадбир белгилаб, амалга оширишга киришди:
— Хўжайин, менга машинангни бериб тур. Чолни қишлоқдаги қабристонга кўмамиз, — деди у қатъий оҳангда.
— Йўқ, мумкин эмас. Аҳволни кўриб турибсиз, — деди вакил.
— Нимага мумкин эмас? Қишлоқда ўзбеклар турадими? — Вакил бош ирғаб тасдиқлади.
— Менга қара, хўжайин, сенга тушунмайроқ турибман. Сен ўзинг ўзбекмисан, ахир?
Вакил бу саволдан довдиради. Одамларга бир-бир қараб олиб, ўзбек эканидан хижолат чеккандай «ҳа» деб қўйди.
— Иккидан бири, — деди Зелихон унга қаттиқ тикилиб, — ё сен ўзбек эмассан, ё ўзбекларнинг кимлигини билмайсан. Исмоилбей оғам кеча «Нон берган — жон олмайди» деган эди. Билиб қўй, нон берган кафанлик ҳам беради, мозоридан жой ҳам беради. Сени қара-ю, яна ўзбекман, дейсан. Ўзбек бўлганингда ўликнинг устида бунақа мажлис қилиб ўтирмасдинг. Машинангни бер, Аҳадбей иккаламиз тушамиз.
— Яхши, машина бераман, — деди вакил, — омма, мен сизларни огоҳлантирдим. Бир гап бўлса мен икки киши учун жавобгар эмасман.
— Қўрқма, хўжайин, менга тегишмайди. Мен чеченман. Ўлдиришса, мана, Аҳадбейни ўлдиришар. Бир кишига жавоб берасан.
— Биз ҳам борамиз, — деди қариялардан бири, — икковинг шўппайиб кўтариб борасанларми?
— Сизлар шу ерда дуо қилиб ўтиринглар. Икковимиз шўппайиб қолмасмиз.
Зелихон айтганидай бўлди. Улар юк машинасида йўлга чиқдилар. Хотинлар қий-чув билан қолдилар. Зелихон дафн маросими қандай бўлишини яхши билмас эди.
— Ҳозир қаёққа борамиз? — деб сўради Зелихон Аҳадбейдан.
— Қишлоққа, — деди Аҳадбей унинг саволидан ажабланиб, — ўзинг айтдинг-ку.
— Қишлоққалигини биламан. Тўғри мозорга олиб бормаймиз-ку?
— Ҳа… балки мачитга борармиз?
Қишлоққа кираверишда учраган биринчи кишидан «мачит қаерда?» деб сўрашди. У берилган саволга аввал тушунмагандай бўлди. Қайта сўрашгач, бош ирғаб «қишлоқда мачит йўқ», деб жавоб берди. Зелихон билан Аҳадбей «энди нима қилдик?» деган маънода бир-бирларига қараб олдилар.
— Чойхона борми? — деб сўради Зелихон йўловчидан.
— Бор-да. Тўғрига юриб чапга бурилсанғиз гузарга чиқасиз. Чойхона ашатда.
Ҳовуз лабидаги сўрида икки оқсоқол нонушта қилиб ўтирарди. Аҳадбей машинада қолиб, Зелихон тушди-да, уларга яқинлашиб, салом берди. Чоллар ўринларидан туриб, қўшқўллаб сўрашгач, меҳмонни нонуштага таклиф қилдилар. Меҳмон ўтириб, фотиҳа ўқилгач, унга чой тутдилар. Зелихон чойдан бир ҳўплади-да, муддаога кўчмоқчи бўлди:
— Оталар, мен чеченман, анави машинада қолган шеригим — турк, — деди.
Сийрак соқолли чол кулимсиради.
— Меҳмон, сизнинг кимлигингизни сўраганимиз йўқ-ку? Чеченмисиз, бошқамисиз, бизга меҳмонсиз, бизга шуниси бас.
— Раҳмат, ота, замон алғов-далғов бўлганига шунақа девдим.
— Э меҳмон, замонни қўяверинг, ҳозир дийдор ғанимат. Насибангизда бор экан, қишлоғимизга келдингиз. Бир пиёла чой ичдингиз. Насибангизда бўлмаса, туя сўйиб чақирсак ҳам келмаган бўлардингиз. Шеригингизни ҳам чақиринг, чой ичсинлар, нимага тушмаяптилар.
— Машинада яна бир одам бор… Шеригимнинг отаси…
— Хастамилар, ётибдиларми?
— Жон бердилар яқинда, намоз ўқиб туриб… Турклар адирда, биларсизлар. Кўмиш керак, мусулмонча қилиб.
Қариялар «Оллоҳ раҳмат қилсин», деб юзларига фотиҳа тортдилар.
— Оталар, хафа бўлмайсизлар, бир гап айтай?
— Ҳеч қанақа гап айтманг, меҳмон, биз тушундик. Сиз чой ичиб ўтиринг, хўбми, қани, Сотволди, тур.
— Тўхта, ҳовлиқмасанг-чи, гаплари бўлса айтсинлар. Меҳмон, ранжиманг, Ҳайитали тоғангиз сал шунақароқ. Айтовринг гапингизни.
— Айтмоқчиманки… чиқимини тўлаймиз.
— Астағфируллоҳ! — деди Ҳайитали оқсоқол. — Сотволди, эшитдингми? Шунақа гап чиқишини билганим учун айтманг, девдим. Энди меҳмон, айтишга-ку, айтдингиз, а? Энди пича уялинг. Бизларни ким деб ўйладингиз?
Ҳайитали гапира-гапира сўридан тушиб, кавшини оёғига илди. Сотволди оқсоқол унга эргашди. Зелихон учинчи пиёладаги чойни ичишга улгурмай Ҳайитали оқсоқол кўринди.
У чойхона сари эмас, машинага қараб юрди. Аҳадбейга қараб: «Энди бандалик-да, иним, худо сабр берсин», деди-да, ҳайдовчи ёнига ўтирди. «Қани ҳайданг иним», деб йўл кўрсатди. Зелихон югуриб келиб жойидан жилаётган машинага чиқиб олди.
Машина бир уй қаршисида тўхтади. Бу ерда бир неча одам тўпланиб турган эди. Зелихон ҳам, Аҳадбей ҳам бу уй Ҳайитали оқсоқолники эканини кейинроқ билишди. Майитни уйга олишгач, Ҳайитали Аҳадбейга яқинлашди.
— Иним, отангизнинг биродарлари, қўни-қўшни, қариндош-уруғингиз бордир, а?
— Бор, — деди Зелихон ўртоғи учун жавоб бериб. — Адирда қолишган.
— Нимага қолишди? Нимага келишовурмади?
Зелихон ҳам Аҳадбей ҳам бу саволга жавоб беролмай кўзларини олиб қочишди. Ҳайитали ҳам саволига жавобни талаб қилмади.
— Сиз, иним, — деди Аҳадбейга қараб, — ичкарига киринг. Ғассолга қарашасиз. Сиз эса мен билан юринг, — деди Зелихонга. Зелихон «қаёққа?» деб ўтирмай, унга эргашди.
Адирдаги қўни-қўшни, Исмоилбейнинг биродарларини олиб қайтишганда дафн маросимига лозим бўлган юмушлар бажариб бўлинган эди. Ҳовлига жой қилинган, катта қозонда эса шўрва қайнаб турарди.
Аҳадбей машинадан тушаётган орқадошларини кўриб, йиғлаб юборди. Отасининг жони узилганидан бери кўзига энди ёш келди. У отасининг ўлганидан ёки унинг қадридан эмас, қишлоқдагиларнинг оқибатидан ҳаяжонланиб йиғларди.
Ҳайитали оқсоқол чўрткесар, бир сўзли эди: дафн маросимидан кейин ҳам меҳмонларга ижозат бермади. Шомга яқин вакил хавотирланиб етиб келди. Вақтида қайтмаганлари учун улардан ўпкалади.
— Қишлоғимизда авбошлар йўқ, Худога шукр. Шу ерда тураверишсин. Бийдек чўлда нима бор экан? Чолларни уринтириб қўйибсиз, иним, — деди Ҳайитали унга.
— Бошқа чорамиз йўқ, отахон, қишлоғингиз тинч, биламиз. Лекин бу ерда турклар борлигини билса, шаҳардаги бетамизлар етиб келиб бир балоларни бошлайди. Адирда буларни аскарлар қўриқлайди.
— Тўртта-бешта безорини жиловлай олмасангиз, нима қилиб ҳукумат бўлиб юрибсиз, иним, шу ҳам ишми? Ёмонга ёмон бўлинг, шартта-шартта отинг-да, вассалом!
— Айтишга осон… — деб минғирлади вакил, сўнг Зелихонга «бу ғалвани сиз бошлаб эдингиз, энди ўзингиз эпланг бу ёғини» дегандай нажот кўзи билан боқди. Зелихон Ҳайитали оқсоқолга, унинг ҳамқишлоқларига миннатдорлик билдириб, қарияларни машинага таклиф этди.
***
Ўша дўнглик… Яна икки киши… Яна шом… Аммо шом азони эшитилмайди. Ҳеч ким намоз ўқимайди. Дўнгликдан икки қадам нарида Аҳадбейнинг оиласи, қўшни хотинлар, болалар…
Аҳадбей билан Зелихон қонталаш уфққа тикилишган. Айтадиган сўзлари йўқдай… Жим…
Жимликни болаларнинг овозлари бузади:
— Заринэ, кел, меҳмон-меҳмон ўйнаймиз. Сен меҳмон бўласан…
— Ўйнамайман. Ҳали ҳайдаб юбординг-ку. Сенга меҳмон бўлмайман…
Болаларнинг суҳбатига Аҳадбейнинг хотини қўшилади:
— Зеринэ, ўйнай қол, Гулсинэ меҳмонни ҳайдамайди, у ўзбек эмас.
Бу гап хаёлга берилган дўстлар қулоғига ўқдай урилди. Аҳадбей сапчиб ўрнидан турди-да, хотинига яқинлашиб юзига тарсаки туширди. Бунга ҳам қаноат ҳосил қилмай тепди.
Яна тепмоқчи бўлганида Зелихон ўртага тушди.
— Нимага урасиз? Гуноҳим нима? — деди хотин йиғламсираб.
— Сен аҳмоқ одам айтадиган гапни айтдинг, — деди Зелихон.
— Қайси гап? — деб ажабланди хотин.
Аҳадбей унга жавобан сўкинди. Зелихон уни елкасига қўлини қўйиб нарига бошлади.
Хотин жавраб қолаверди.
— Парво қилма, хотин зоти нима гапирганини ўзи ҳам билмайди, — деди Зелихон дўстига тасалли бериб.
Атрофга қоронғилик чўка бошлади. Катта чодир яқинида овқат улашилди. Улар боришмади. Яна кунботарга тикилганча жим ўтирдилар.
— Бармоқларини тўғрилаш мумкин бўлмади, — деди Аҳадбей.
— Нимага кўтарган эканлар, билмайсанми?
— Намозда шунақа одатлари бор эди. Бир куни сўрасам, пайғамбар афандимиздан суннат девдилар. Муҳаммад алайҳиссалом намоз ўқиб ўтирганларида тоғ қулай бошлаган экан. Намозни бузмай кўрсаткич бармоқларини кўтарганларининг ўзида тоғ қулашдан тўхтаган экан.
— Мен «Месхетиям шу ёқда» деб кўрсатмоқчи бўлганмилар, деб ўйлабман.
Аҳадбей бош чайқайди-ю, енгил хўрсинди. Сўнг ўзига-ўзи гапиргандай деди:
Қўнма булбул, қўнма булбул
Дарахт шохига,
Налар келди, налар келди
Юртим бошига…
— Нима дединг, тушунмадим?
— Болалигимда отам шуни хиргойи қилиб юрардилар. Халқ қўшиғи, дер эдилар.
Бу гапдан кейин Зелихон кеча тундаги суҳбатни ёдга олди. Исмоилбей Ватан ҳақида гапира туриб: «Агар сендин тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсун», деб хўрсиниб қўйган эди. Зелихон бу гапни хотирасига муҳрлашга ҳаракат ҳам қилмаганди. Ҳозир нечундир эслади. Эслаб туриб, баданида худди минглаб чумоли баробар ўрмалагандек сесканди.
Ярим тунга қадар суҳбатлашиб ўтирдилар. Тонгга яқин бир-бирларига суянган ҳолда пинакка кетдилар. Зелихон бир тутамгина уйқусида икки марта чўчиб уйғонди. Ҳар сафар ёнига Исмоилбей келиб хўрсинади-да, қулоғига шивирлайди: «Агар сендин тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсун».
Эрталаб «йўлга ҳозирланинглар» деган буйруқ берилди. Пешинга яқин турнақатор бўлиб автобуслар кўринди. Қаёққа боражакларини ҳеч ким билмас эди. Кимдир умид билан «Месхетиямизга олиб боришса эди», деди. Дам ўтмай бу умид «Месхетияга қайтар эканмиз» деган ҳақиқатга айланиб, тирналган қалбларга малҳам бўлди.
Автобуслар шаҳарга яқинлашаётганда Зелихон Аҳадбей билан хайрлашди.
— Қаерга борсанг ҳам, сени топаман. Бу ерда қиладиган чала ишларим бор.
— Тинч юр. Биз билан кетавер. Чала ишларинг чалалигича қолаверсин.
— Ҳозир кета олмайман. Сени топаман…
Автобус аеропорт ёнидан ўтаётганида Зелихон тушиб қолди. Автобуслар шошилмай, секин юришарди. Зелихоннинг назарида улар одамлар қалбидаги дарднинг оғирлигини тортолмаётгандай эди. У автобуслар ортидан келаётган ҳарбийлар машинаси кўздан йўқолгунча кўзини йўлдан узмади. Шу ҳолда турганида ўша таниш овоз қулоғи остида яна шивирлади: «Агар сендин тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсун…»
***
Зоҳид Маҳмуд Эҳсоновни сўроққа чақиришга чақирди-ю, кейин тўғри қилдимми, деб боши қотди. Шу ҳолда гаранг бўлиб ўтирганида хонасига майор Солиев кириб келди. Зоҳид унга Жамшиднинг уйига боргани, ўгай онаси билан гаплашгани ҳақида гапириб берди.
Қисқа ҳисоботнинг охирида Маҳмуд Эҳсоновни чақиртирганини ҳам айтиб «бунисига нима дейсиз» деган маънода майорга тикилди. Маёр унинг нигоҳидаги саволни тўғри уқиб, жавоб берди:
— Бекор чақирибсан. Унинг кимлигини билардинг-ку? Асадбек кўпроқ шунинг маслаҳатига юради, дейишади. Бу Чувринди Асадбекнинг боши, Кесакполвон деганлари оёқ-қўли.
— Демак, чақиртириб тўғри қилибман. Демак, ҳамма ишларнинг тепасида шу одам турган. Демак, калаванинг учи шунинг қўлида. Демак…
— Демак, — деди Солиев истеҳзо билан, — демак, сен ҳали ҳеч нарсага тушунмабсан.
Ма, ўқи. — У ён чўнтагидан бир варақ қоғоз чиқариб, Зоҳидга узатди.
Зоҳид ёзувларга бир кўз югуртириб, кейин маёрга ҳайрат билан қаради. Сўнг яна ўқиди.
— Мурда аввал ёриб кўрилган? Бош мия, буйраклари олинган? Ўша ёндирилган мурдами? Қаёқдан чиқди бу гап?
— Аввалги экспертиза хулосасини амалиётчи талаба ёзган экан. Буларни ёзиш шартмасдир, деб ўйлаганмиш. Бўлим бошлиғи бугун билиб қолиб, менга қўнғироқ қилди.
Узр сўради. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолсин, деб ялинди.
— Бировга жон ширин, бировга жой ширин, — деб тўнғиллади Зоҳид. — Бунақа бошлиқларнинг онасини…
Зоҳид ўша бўлим бошлиғининг онасини нима қилиш лозимлигини айтди-ю, тилини тиёлмагани учун Солиевдан хижолат бўлди. Бир томондан, ғазаб, бир томондан, хижолат исканжага олди. Майор «ўзига келиб олсин», деб индамай ўтирди. Зоҳид одати бўйича, бир вараққа қандайдир формулалар ёзди, ўчирди, яна ёзди. Фикрини сал жамлаб олгач, майорга қараб кечирим сўради.
— Бу қўшимча хулосасиз ҳам мурда Жамшидники эмаслиги бизга аниқ эди. Мурданинг кимлигини энди аниқлаб бўлмас. Фалокатга учраган, ўликхонада эгасиз ётган балки бирон меҳмондир.
— Бу томоша уларга нима учун керак? Шунга ақлим етмаяпти.
— Уларга, деганинг ким?
— Асадбекка-да.
— Бу ишни Асадбек қилган, деб ишоняпсанми?
— Ахир Жамшид деб кўмишибди-ку? Ўликхонадан бизнинг рухсатимизсиз олишган. Қалбаки ҳужжат тайёрлашган.
— Эҳсоновга шуларни айтасанми?
— Айтмайинми?
— Арқонни узун ташла. Улар бизни лақиллатмоқчи бўлишибдими, майли, лақмага ўхшаб кўринавер. Биз Жамшидни қидиришимиз керак.
— Тирик деб ўйлайсизми?
— Билмадим. Балки тирикдир. Балки ўлдириб кўмиб ташлашгандир. Ҳарҳолда, улар Жамшиднинг тирик эканига ишонишимизни исташаётганга ўхшашади. Экспертиза хулосасидаги камчилик бекорга аниқланмагандир. Бўлим бошлиғи индамай қўя қолса ҳам бўларди.
— Яна бир гумон бор: балки иккала ўлимнинг қотили бир эканига ҳам ишонтиришмоқчидир? Биринчиси — чинакам қотиллик. Жалол Комилов қийнаб ўлдирилган.
Балки қотил Жамшиддир? Бугун уни ўлдига чиқариб, эртага бошқа ҳужжат, бошқа исм билан тирилтиришса-чи? Иккинчиси қотиллик эмас, шунчаки ўйин. Бир неча кун аввал ўлдирилган одамнинг эркаклигини кесиб ташлашдан мақсадлари нима? Қотилнинг услуби шу, дейишмоқчими? Жамшид аввал бир қизни зўрламоқчи бўлгани учун қамалган.
Эркакликнинг кесиб ташлангани шунга ишора эмасми? Ҳа, айтмоқчи, марҳумнинг буйраклари нега йўқ бўлди? Жигар эзилган, бош майиб. Ҳар ҳолда, машина уриб юборган бўлса керак. Буйракларнинг кимга кераги бор?
— Илмий тадқиқот учун олишгандир. Буйракни кўчириб ўтказиш маркази бор, эшитмаганмисан? Буйраги қурий бошлаган одамлар шунақа ҳодиса бўлишини кутиб
ётишади. Қизиқ-а, ўлмай қолиш учун бошқа бир одамнинг ўлишини кутиб ётишади.
— Ҳа… — деди Зоҳид, енгил хўрсиниб, — ўлмай қолишнинг турлари кўп.
Шу пайт хонага Ҳамдам кириб келди. Кўринишдан кайфияти яхши эди. Зоҳид билан кўриша туриб «битта ошга тушдинг, прокурор» деб қўйди.
— Зоҳидни битта ош билан қўрқита олмайсан, — деди Солиев. — Қотилни топган бўлсанг, қўй сўяди. Ароқ-шароғи мендан.
— Буниси ҳам бўлади, — деди Ҳамдам кафтларини бир-бирига ишқаб. — Бугунгиси битта ошга арзийдиган гап. Зоҳид, акангнинг таги қимирлаб қолганга ўхшайди.
— Қайси акамнинг?
— Собиқ бошлиғинг, капитан Мирсултонов аканг эмасми? Хў-ўш… биздан ўтган иккиуч ишни шаҳар суди қайтарган эди. Бугун юқорида капитанни бурашибди шекилли. Ҳозир менга ҳасрат қилиб қолди. «Жойимга биров кўз тикиб турибди, эзмасдан тўғрисини айта қолишмайдими?» дейди. Мен ҳам тўғрисини айтдим-қўйдим. «Акахон, — дедим, — айб ўзингизда, қўрқоқлик билан узоққа бориб бўлмайди. Қўлга тушган жиноятчи албатта фалончининг ўғли бўлади ёки пистончининг жияни, ё қўшниси бўлади. Бусиз илож йўқ.
Ҳамманинг кўнглига қараб иш тутсак, эрталаб қўлга олиб, кечқурун узр сўраб чиқариб юбораверамиз.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК