Грузияда бир гуруҳ миллатчилар «Россия-24» телеканали журналистларига ҳужум уюштирди…
Миллатчиларнинг асл мақсади журналистларни шафқатсизларча калтаклаш эди. Улар турли ҳақоратли сўзларни баланд овозда такрор-такрор тилга олган ҳолда журналистларга ташланишди. Хайриятки, бу ниятлари амалга ошмади. Журналистларни Грузияда яшовчи рус аёли, шу мамлакат сайёҳлик агентлиги раҳбарининг рафиқаси қутқариб олди ва хавфсиз жойга олиб кетди.
Яна Грузия ва Россия қарама-қаршилиги доирасида янги гап. «Грузия онлайн» нашри хабарига кўра, Батумидаги кафе ҳамда Тбилиси шаҳрида жойлашган нуфузли ресторанлардан бири раҳбарлари рус миллатига мансуб мижозлар учун нархни 20 фоизга ошириб қўйди. Улар мамлакат бўйича фақат ўзларидагина рус тилидаги таомнома йўқлигини айтиб мақтанишмоқда.
Россия тарафи эса Грузияга тегишли йўловчи ташувчи самолётларни ўз ҳудудига киритмаслик ҳақида қарор қабул қилди. Расман маълум қилишларича, Грузиянинг Россиядан авиация йўналиши бўйича 1 миллион долларга яқин қарзи бор. Қарздорлигини 2008 йилдаёқ тан олган. Аммо қайтармаган. Ана энди Россия ҳукумати шарт қўйди. То ўша қарзлар қайтарилмагунча икки давлат орасида самолётлар парвози амалга оширилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Грузия пойтахтида норозилик акциялари давом этмоқда. Куни кеча Тбилисида акция иштирокчилари мамлакат парламенти биносини эгаллаб олди. Улар ҳануз Грузия ички ишлар вазири Георгий Гахарийни истеъфога чиқариш, 20 июн куни ташкил этилган намойиш иштирокчиларини шафқатсизларча ҳайдаб солгани, кўпчилигини қамаб қўйгани учун полициячиларни жазога тортиш ва ўша куни қўлга олинганлар озод этилишини талаб қилмоқда.
Акция иштирокчилари мамлакат адлия вазири Теа Цулукианини истеъфога чиқаришни ҳам талаб қилмоқда.
Энди яна Грузия парламенти биноси ичкарисидаги аҳволга қайтсак. Миллатчи гуруҳлар бино ичида ўтаётган халқаро славянлар парламентлараро ассамблеясида Россия Давлат Думаси депутати Сергей Гавриловнинг чиқишидан ғазабга келибди. Айтишларига қараганда, Гаврилов соф рус тилида нутқ сўзлаган. Шу сабабли миллатчилар мажлисни тўхтатди. Гаврилов эса махсус хизмат ташкилоти вакиллари қуршовида бинони тарк этди.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, бу ерга полиция наряди етиб келди. Намойишчилар кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқотар қурол ва водомётлар ёрдамида тарқатилди. Юзлаб одамлар жиддий жабр кўрди. 300 нафарга яқин намойишчи қўлга олинди.