ҚОҒОЗ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР…
1. Қоғоз Хитойда ихтиро қилинган. Хитойликлар олдин ўз битикларини бамбук танасига битишган. Аммо бу архив кўп жой эгалларди. 105- йили деҳқончилик ва ерга эгалик қилиш вазири Цай Лунь дарахт танасининг майдаланган кукуни ва мато аралашмасидан қоғоз ишлаб чиқаришни таклиф қилган.
2. Хитойликлар узоқ йиллар қоғоз ишлаб чиқариш сирларини дунё аҳлидан сир тутишган. Аммо VIII асрда араблар Хитой билан юзага келган уруш жараёнида бир неча аскарни асирга олишди. Улар айни қоғоз ишлаб чиқариш саноатида ишларкан. Шундай қилиб асирдагилар ёрдамида Ироқнинг Бағдод шаҳрида ҳам қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
3. Статистик маълумотларга кўра, кунига қоғоз ишлатиш бўйича америкаликлар дунёда биринчи ўринни эгалларкан. Ҳар бир америкалик кунига 1 килограммдан қоғоз ишлатади. Агар бир йиллик сарфни ҳисобласак, ҳар бир америкалик йилига 300 килограммдан қоғоз йўқотади.
4. Азалдан айтилганки, оддий офис қоғозини етти қаватдан ортиқ тахлаб бўлмайди. Лекин 2001 йили калифорниялик ўқувчи қиз ушбу ҳақиқатни йўққа чиқарди. У оддий офис қоғозини жами 12 қават қилиб тахлай олди.
5. Дунё олимлари иқлимнинг оммавий исишида қоғозни айбдор қилишмоқда. Негаки, қоғоз ишлаб чиқаришда ҳавога тараладиган заҳарли газ миқдори максимум даражада экан.
6. Қоғоз чиқиндиси дунё бўйича йиғиладиган ахлатнинг тўртдан икки қисмини ташкил этади.
7. Еттинчи асрга қадар қоғозга битилган матнларни ўқиш одамнинг кўзлари учун жуда хавфли ҳисобланган. Чунки қоғоз кул рангида бўлган. Фақат хлор пайдо бўлгандан кейингина қоғозга оппоқ ранг бера бошлашди.
8. XIX аср охири, ХХ аср бошида Москва шаҳрида яшовчилар «Московский листок» газетасига ашаддий мухлислик қилишган. Ушбу газетани журналист Николай Пастухов чоп этарди. Лекин одамлар газетани янгиликлар ёки қизиқарли маълумотлар учун сотиб олишмаган. Газета энг арзон қоғозда чоп этилгани сабабли тамаки ўраб чекиш учун жуда қулай эди.
9. Қоғозни ҳам овқат ўрнида еса бўлади. Қоғознинг 85 фоизи мураккаб углевод ҳисобланмиш целлюлозадан ташкил топган. Фақат инсон ошқозонида қоғозни ҳазм қила олувчи ферментлар йўқлиги сабабли биз қоғоз билан озиқлана олмаймиз.
10. Ҳожатхона қоғози ҳам XIV асрда Хитойда ишлаб чиқарила бошланган. 1393 йили ёзиб қолдирилган тарихий маълумотга қараганда, ўша йили Хитой императори ҳамда унга тегишли сарой аҳли учун жами 720 000 варақ ҳожатхона қоғози тайёрланган. Ўша пайтларда қоғоз нархи жуда қиммат бўлгани сабабли, ундан ҳожатхонада фойдаланиш ҳашамат ҳисобланган.
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади