ШАЙТАНАТ… (102-қисм)
* * *
— Хонгирей билан ҳеч гаплашдингми?
— Йўқ.
— Сенга улар қандай топшириқ беришди?
— Ҳеч қандай. Юртингга жўна, дейишди, вассалом.
— Кузатиб юр, бирон гап бўлса етказасан, дейишмадими?
— Мен гап етказадиган хотинчалиш эмасман.
— Эркаксан, эркак! — Кесакполвон унга бир оз тикилди-да, сўнг гапини давом эттирди. — Масковдан Маҳмуд аканг билан отамлашиб келибсан-да, а? Маҳмуд аканг сенга қанақа топшириқ беряпти?
— Ҳозирча уйда ўтир, деганлар.
— Сен уйда тухум босиб ўтиришни хоҳламасдинг, шекилли?
— Иш бўлса, айтинг, қилай?
— Бир иш бор. Лекин буни иккаламиз биламиз. Бек аканг ҳам, Маҳмуд аканг ҳам сезмаслиги керак. Шу шартга кўнсанг, айтай.
— Сиз… улардан яширинча иш юритмоқчимисиз?
— Ақлинг ўтмаслашиб қолибди, бола. Хаёлингга дарров бузуқ фикр келдими? Мен шерикларимга қарши иш қиладиган номардманми?
— Ундай деганим йўқ.
— Ҳе, сени устозингни… — Кесакполвон икки оғиз «ширин сўзлар»дан сўнг муддаосига яқинлашди. — Бир одамда шубҳа бор. Шуни кузатиш керак. Хитларнинг хизматини қилаётганини сезган заҳотинг йўқотасан.
— Ким?
— Сен аввал шартимга розилигингни айт.
— Розиман.
— Ҳалим деган бола. У сенинг ўрнингни босмоқчи эди. Бек акангга, Маҳмуд акангга ҳам яқин. Бурни узунга ўхшайди. Бир нималарнинг ҳидини олиб юрибди. Сен азият чеккан боласан. У билан ошна бўлиб олиб, бир-икки минғирлаб ҳасрат қил. Хуллас, илон бўлиб қўйнига кириб ол. Чақ, дейишим билан чақиб ўлдирасан.
Кесакполвон бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи эди. Аввало Жамшид топшириқни бажарса, Ҳалимжонни йўқ қилиши мумкин. Лалайса, эплай олмаса, Ҳалимжон уни гумдон қилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам ютуқ Кесакполвонда бўлади.
У ўйлаб топган тадбиридан бениҳоя шод эди.
***
Аъёни билан бўлган можаро Асадбекнинг дилини хуфтон қилди. У ўзининг хасталиги аъёнлари орасига раҳна солиши мумкинлигини тахмин қилиб юрарди. Тўрт-беш йил илгари эшитган бир латифани такрорлаб туришни яхши кўрарди. Табибдан қайтганидан бери Кесакполвоннинг Чувриндига нисбатан айтаётган гаплари уни анча сергак торттирди. Икковини ёнига олиб:
«Мен ҳали тирикман. Ҳозирдан бир-бирингни ғажишни бошламаларинг», демоқчи ҳам бўлди. Кейин «балки мен адашаётгандирман», деб ўйлаб фикридан қайтди. Фақат бир латифа айтиб берди.
Бу аччиқ ҳақиқатдан иборат латифани шарҳлаб ўтирмади. «Ўзлари тушуниб, хулоса чиқариб олишар», деб ўйлаб, нодонлик қилди. У адашди: зулм мевасидан баҳраманд одамларни латифа айтиб тарбия қилмоқ мутлақ мумкин эмасдир. Ташналикни сув қондириши қанчалик ҳақиқат бўлса, Кесакполвонга бу гапларнинг таъсир этмаслиги ҳам шунчалик ҳақиқат эди. Хонгирейнинг суҳбатидан сўнг ўзини аҳён-аҳёнда бўлса-да «тахт» устида кўра бошлаган Чувриндига ҳам энди бундай гаплар таъсир этмас эди.
Асадбекнинг ғазаб отига миниши фақат Зайнаб туфайли эмас эди. У аъёнларининг тахт талаша бошлаганига ишониб бораётган эди. Хонгирей билан муносабат бузилганда буларнинг хурмача қилиқлари ошиқча эди. Гарчи Хонгирей у билан телефонда сўзлашган бўлса-да, Асадбек унинг юборган «совға»сидан шум ниятини англади.
Ҳосилбойваччани ўлдириб, хатога йўл қўйганини ҳам фаҳм этди. Вазият кескинлашган дамда Кесакполвоннинг Зайнабни бу оламга тортиши унга мудҳиш ҳол бўлиб туюлди.
Кесакполвонни ҳайдаб чиқаргандан сўнг Зайнабни тезлик билан Олмонияга жўнатмоғи лозимлигини англади.
Шу фикрда уйга қайтганида, ҳовли ўртасида туриб олиб Зайнабга ақл ўргатаётган Жалилни кўрди. Жалил дарвозага орқа қилиб тургани учун Асадбекнинг келаётганини сезмай ваъзини давом эттирди:
— Шунақа, қизим, ота ўтирган уйнинг томига чиқиб бўлмайди…
Зайнаб отасига салом бергач, Жалил орқасига ўгирилди.
— Энди кетмоқчи бўлиб турувдим, аҳволинг қалай? — деди ошнаси билан сўрашиб.
— Яхши, — деди Асадбек тумтайган ҳолда.
Ошнасининг кайфияти бузуқ эканини сезган Жалил, уйига қайтиш фикридан воз кечиб, унга эргашди.
Асадбек ичкари кирди-ю, лўлаболишни қўлтиғига олиб, ёнбошлади.
— Ҳа, мазанг қочдими? — деб сўради Жалил, унинг рўпарасидан жой олиб.
— Бирпас жим ўтир.
— Гапим ёқмаётган бўлса, кета қолай!
— Бирпас жим ўтир, деяпман!
Жалил «хўп» деб тиз чўкканича, итоаткор талаба сингари индамай ўтирди.
Хонадаги сукунат то Зайнаб чой олиб киргунича чўзилди.
— Ада, овқат олиб келаверайми, олдин дорингизни ичиб оласизми?
— Ҳа, албатта, олдин дорини ичади, — деб Асадбек ўрнига жавоб берди Жалил.
Асадбек дорини ичди-ю, аммо овқатга қарамади. Илон кукуни солинган қайнатма шўрвани хўриллатиб ичиб олган Жалилни тер босди.
— Бўлди, энди жа оширвординг. Сени тумтайишингни кўрган одам, бу куёвтўранинг хотини қари чиқибди, деб ўйлайди. Овқатингни ич.
— Овқат ўтмайди.
— Бўлмаса, ёрила қол: нима бўлди?
Жалилнинг гапида жон бор: ёрилмаса, дардини айтмаса бўлмайди.
— Жалил… — шундай деб тин олди. — Жалил… мен оғирлашганимда… Ҳеч нимани сезмадингми?
— Нимани?
— Ҳайдар билан Маҳмуд ўртасида гап ўтмадими?
— Ҳа, буми… — Жалил унинг мақсадини англади. — Энди, оғайни, ўзинг гап очдинг, айтай: мол аччиғи — жон аччиғи, деган мақол бор. Подшо касал бўлса, меросхўрлар пайт пойлашади.
— Ўлимимни кутишяптими? Шунақа демоқчимисан?
— Мен уларнинг ичидаги мақсадларини билмайман.
— Ҳайдар Маҳмудни тинч қўймайди, деб чўчияпман.
Чўчияпман… Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган Асадбекнинг чўчиши қизиқ…
«Чўчиётган бўлса, юраги бир нарсани сезган», деб ўйлади Жалил.
— Ҳайдарингнинг қўлидан ҳар бало келади. Сенга неча марта «Шу паканангнинг турқи совуқ, ўзингдан узоқлат!» деб айтувдим-а?
— Вақтида менга керак эди. Ёрдами кўп теккан. Энди замон ўзгарди, лекин у ўзгармаяпти. Замонга қараб иш юритмайди.
— Ўшанинг ўзгарарканми? Букирни гўр тўғрилайди. Сенга анчадан бери айтишга тилим бормаётган эди. Сен унинг бир қилиғини билиб қўйишинг керак. — Жалил шундай деб унинг Абдураҳмон табибга учрашгани, сўнг отларини оттирганини айтди. Бу гапларни эшитган Асадбек қаҳр отига минди:
— Хунасанинг чотини айириб ташлайман! — деб бақирди.
Жалил уни фикридан қайтаришга уринмади. Агар Кесакполвон ҳозир шу ерда бўлганида бир балога учраши нақд эди. Бахтига орада тун бор. Тун ва сокинлик Асадбек учун маслаҳатчи бўлди. У ўйлай-ўйлай Кесакполвон билан ҳозирча муроса қилмоқ жоиз эканини англади. Шу боис ҳам эрталаб Кесакполвон қаймоқ кўтариб кирганида уни қувмади, ғазаб отидан тушмаган бўлса-да, қаҳрини сочмади.
Қаймоқ устига нон тўғраётган Кесакполвонга синовчан тикилди-да:
— Ҳайдар, сен отларнинг фарқига борасанми? — деб сўради.
Кесакполвон бу саволдан сўрағувчининг мақсадини англаган бўлса-да, сир бой бермади.
— Қанақа отлар?
— Ҳа, энди отлар ҳар хил бўлади: аравага қўшадигани, улоқчиси.
— Қазига бопи…
— Ҳа, билар экансан.
— Мен отларнинг фарқига бормайман. Нега сўраяпсан?
— Зўр улоқчи отлардан иккитасини топиш керак. Нархи осмон баравар бўлса ҳам сотиб оламиз.
— Нима бало, улоқ чопмоқчимисан?
— Мени даволаган табиб улоққа ишқибоз экан. Шунга совға қиламиз.
— Яхши ўйлабсан. Гап йўқ, топамиз.
— Ўша табибнинг отларини кимдир отиб кетибди…
Қаймоққа бўккан нонни ҳузурланиб чайнаётган Кесакполвон бир ҳўплам чой билан луқмасини ютди-да:
— Жалил айтдими? — деди беписандлик билан.
— Ҳа, айтди.
— Бекор айтибди. Мени биласан-ку, ғашимга тегса ўзини отаман. Отлари билан нима ишим бор?
— Жалилнинг гапи ёлғонми ё сеникими?
— Уйингда Қуръон бўлса бер, Қуръон урсин, агар ёлғон гапирсам. Асадбек унинг қасамига ишонгандай бўлди. Кўнглидан «Ҳали бу гапга қайтамиз», деган фикрни ўтказиб:
— Қаймоғингни е. Бир ҳафтада зўр отлардан топасан, бу сенинг қўлингдан келади, — деди.
Кесакполвон уч кунда отларни топди. Абдураҳмон табибга етказди. Аммо у отларни олмади, изига қайтарди. Бундан ғаши келган Кесакполвон уларни сўйдириб, қази қилдирди.
***
Жамшид «Хонгирейдан ҳеч қандай топшириқ олмадим», деб ёлғон гапирган эди. Ғилай ўлими олдидан Ҳосилбойваччани ўлдирган Элчинни отганини айтган бўлса-да, унинг гапларига унча ишонишмаган, Ҳосилбойваччани Элчин ўлдириши улар учун ҳақиқатдан узоқ бир гап эди. Жамшиднинг вазифаси эса айни ҳақиқатни билиш эди.
Кесакполвон келиб-кетган куннинг эртасига Элчин ётган касалхонани қоралаб бориб кузатди. Кейинги кун оқшом чоғида Элчинни йўқлаш мақсадида келиб, Асадбекка тегишли машиналардан бирини кўрди-ю, ўзини панага олди.
Орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтгач, Зайнаб кўринди. Бошини эгиб юриб келган Зайнаб ҳеч қаёққа қарамай машинага ўтирди. Жамшид ҳайдовчини танимади. «Ҳайдар акам айтган йигит шуми?» деб ўйлади.
Жамшид «буёққа кириш мумкин эмас», деган ҳамширанинг чўнтагига пул солиб қўйди-ю, ўз уйига кириб бораётгандай эшикни бемалол очиб, остона ҳатлади.
Элчининг кўзлари ярим юмуқ — унинг ўлик ёки тирик эканини билиш мушкул эди.
Элчин кўз олдини қоплаган хира парда орқали Жамшидни таниди. Бу жингалак сочли йигитни унутиш мумкин эмасди.
Ҳозиргина Зайнаб келиб кетди. Табиб Элчинни беҳуш деб ўйладими, «Эрингизни уйга олиб кетганингиз маъқулмикин?» деди. Элчин бу гапни эшитди. «Ишим хуржун шекилли?» деб ўйлади. Кейин Зайнабнинг овозини эшитди:
— Агар эримга бир нима бўлса, ҳаммангиз қурийсиз!..
Овоз Зайнабники… лекин оҳанг… Зайнаб бу оҳангда гапирмас эди…
Элчин хотинининг қалбдаги Кумушбибини осиб, Асадбек қизига айланмоқчи бўлаётганидан бехабар эди. Шу боис гап оҳанги унга бегона туюлди.
Зайнаб чиқиб кетиши билан… Жамшид кирди. Элчин орада ўтган ярим соатни сезмади.
Назарида Жамшид изма-из кириб келгандай бўлди.
«Дарров топишиб олишибдими? Ўшанда Зайнаб тўғрисини айтганмиди?
«— Мен Жамшид акамни яхши кўрардим… Сизга хиёнат қилдим!..»
Зайнабнинг бу фарёди ёдидан кўтарилгани йўқ. Бу фарёд ўқтин-ўқтин қўзғолиб юрак ярасига туз сепарди. Шундай пайтда Элчин руҳ азобида бир инграрди-ю, «Зайнаб жон аччиғида айтди», деб ўзини-ўзи ишонтира бошлар эди.
Ҳозир эса…
Ўзини ўзи ишонтиришга ҳаракат ҳам қилмади.
Чунки… рўпарасида хотини ёқтириб қолган ўша одам турар эди.
Жамшид унга яқинлашди.
«Нимага яқин келяпти? Бўғиб ўлдирмоқчими? Биратўла Зайнабга эга чиқмоқчими?»
Жамшид яқинлашиб, у томон энгашди:
— Ҳофиз ака, эшитяпсизми?
Элчиннинг юзига унинг нафаси урилиб, енгил сесканди.
— Ҳофиз ака!
— Гапиролмайдилар, — деди хонага кириб келган ҳамшира.
— Тилдан қолганми?
— Келганларидан бери гапирмайдилар. Гапирмасалар ҳам керак.
— Нима учун?
— Билмасам, дўхтирлар шунақа дейишяпти…
Ярим очиқ кўз юмилди. Овозлар узоқлашди. У яна уча бошлади. Қуш каби енгил учди. Учди, учаверди…
***
Асадбекнинг муомаласидаги ўзгариш Кесакполвонга маъқул келса-да, айни чоқда сергаклантирди. Назарида «Чувринди укагинаси» ундан ўзини олиб қочаётгандек туюлди.
Чувринди Шариф Намозов масаласида Москвага бориб келгач, Кесакполвонни Маматбей йўқлади. «Уканг ҳокимиятни ўз қўлимга оламан, бу ишни мендан бошқа ҳеч ким эплай олмайди», деб Хонгирей билан шартлашди. Хонгирей Асадбекни ҳам, сени ҳам тан олмайди!» деб тутаб турган оловга мой сепди. Кесакполвонни бу гапга ишонтириш учун телефонда Хонгирей билан улади.
«— Хонгирей оға, бу мен, Ҳайдарман!
— Қанақа Гайдар?
— Асадбекнинг шериги.
— Мен ҳеч қанақа Гайдарни ҳам, Асадни ҳам танимайман. Менда ишинг бўлса Маҳмудбейга учраш. Мен Маҳмудбейни танийман!»
Кесакполвон учун шу гап кифоя эди. У «Хонгирейнинг ўзи билан гаплашдимми ё бирор йигити мени лақиллатдими?» деб ўйлаб ҳам кўрмади. Чувринди Москвага борганида бу гапнинг тескариси бўлганидан, яъни «Сен таклифимизга дарров жавоб бермадинг. Биз энди сени танимаймиз. Гайдар билан шартномамиз бор», дейишганларидан ҳам бехабар эди.
Чувринди Хонгирейнинг қарорини Асадбекка айтмоққа журъат этмади. Ҳали ҳақиқат экани текшириб билинмаган гапни етказиб «аканг устидан мағзава ағдарма», деган таъна эшитмай, деб ўйлади.
Бу унинг энг сўнгги, ҳал қилувчи хатоси бўлди.
Асадбекни уйига кузатишгач, Кесакполвон «Би-ир отамлашишни» таклиф қилди. Чувринди акасининг раъйини қайтаргиси келмади. Улар ярим тунгача улфатчилик қилдилар.
Чувриндининг кайфи ошди. Уйга қайтганда дарвозани очган ўғли «Асадбек амакимникидан телпон қилишди, тез етиб борар экансиз», деди. Чувринди дарров машинани орқага бурди. Катта кўчага чиқиб, тезликни оширган маҳалда рўпарасида юк машинаси кўриниб, чироқларини ёқди…
«Камаз»дан тушган Хумкалла олд томони пачоқланиб бутунлай йўқ бўлиб кетган «Жигули»га пича қараб турди-да, ўзини сал нарида кутаётган машина томон юрди.
***
Дафн маросимига келганларнинг барчаси тарқалди. Қор аралаш ёмғир севалаб тургани учун домла ҳам «Таборак» сурасини ярим қилиб ўқиб қўя қолди.
Одамлар тарқалишгач, Асадбек қабр бошига келди. Иккита бир хилдаги мармар тош.
Бирида онаси, иккинчисида Самандар — укаси. Уларнинг ёнига укадек азиз бўлиб қолган Чувринди қўйилди.
Асадбек осмоннинг кўз ёшлари остида пича турди. Палтоси ивиб кетди. Юзларини, кўз ёшларини қор аралаш ёмғир ювди.
«Бу ер менинг жойим эди, Маҳмуд укам. Сен келдинг. Ёнингда яна бир жой бор…
«Мастликда бўлган», дейишяпти. Мен бунга ишонмайман. Сенга қасд қилганни хор қилмасам, отимни бошқа қўяман. Қасос олмагунимча ёнингга келмайман…»
Кимдир қўлидан ушлаб, тортди.
Ўгирилиб қаради: Кесакполвон.
— Сен менинг юрагимга тупурдинг, — деди Асадбек.
— Ундай дема, Асад, агар шу менинг ишим бўлса — Худо урсин!
— Йўқол…
— Асад…
— Йўқол, дедим!
Кесакполвон уч-тўрт қадам чекинди-ю, аммо йўқолмади.
ЭНГ СЎНГГИ БОБ
Зоҳид, 1990 йил, 3 феврал.
Прокурор имзо чекканидан сўнг ҳам Зоҳид ишонмади: наҳот адолатга етишган бўлса?! Наҳот Ботиров «Иш»и шу тариқа яхшилик билан якунланса. «Ишкал»нинг гапи нима бўлди? «Топшириқ билан қамаганмиз, эплай олмайсан» деб эди. Топшириқ билан қамагани тўғри. Оқланиши-чи? Саид Қодиров айтмоқчи, ўзгаришларнинг мевасими?
Замон шунчалик тез ўзгардими?
Ботиров ўзининг кийимларини кийиб, кўчага чиққач, «Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ, ўзинг буюксан, қудратлисан!» деб қўйди. Зоҳид уни уйига қадар кузатиб борди. Сўнг қувончини баҳам кўриш учун Ҳамдам Толиповни йўқлади. У топшириқ билан чиқиб кетган, қачон қайтиши номаълум эди. Шундан сўнг илк устоз саналган маёр Солиевни кўргиси келди.
Майор Солиев унинг суюнчилик хабарини эшитиб, қўлини сиқди-да:
— Адолатга осонлик билан етиб бўлмайди, — деди.
Ботировнинг озод этилиши Зоҳид учун дастлабки муҳим ғалаба эди.
Асосий курашлар ҳали олдинда.
Бу — энди эртанинг иши…
Асадбек, 1990 йил, 3 феврал.
Асадбек қабристондан тўғри эски шаҳардаги уйига борди.
Совуқ уй. Совуқ танча. Худди қирқ йил аввалги каби…
Ҳўл палтосини ечмай танчага ўтириб, қунишди. Эти увишди. Дераза орқали кўча эшигига қаради.
… Ҳозир отаси чана кўтариб киради.
— Тойчоқ! — деб эркалайди…
Йўқ, отаси кирмади. Икки номаълум киши кирди.
— Отанг — халқ душмани! — деди.
Сўнг… мактаб ўқитувчиси ўқувчиларни бошлаб кирди. Ўқувчилар саф тортган ҳолда, унга бир-бир яқинлашиб башарасига тупурдилар…
Асадбек инграб юборди.
У ҳар йили ўттиз биринчи декабр куни шу уйда ўтирарди. Бу сафар одатини канда қилди — ўша куни табибникида бўлди. Ўзи узоқда бўлса-да, кўнгли шу уйда эди. Қайтгач, неча марта келишга қасд қилди. Аммо ўз ташвишлари билан ўралашиб кела олмади.
Бугун келди. Елкасида бир олам ғам билан келди.
Инсон боласига хос покиза туйғуларни қувган кундан бери орадан қирқ йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Ўшанда митти юрагига ёвузлик тухум қўйган, ёвузликнинг биринчи овозини ўртоғи Жалил эшитган эди:
— Уларни ўлдираман!..
Ҳозир бу овозни ўзи ҳам эшитди. Эти сесканди.
Кўча эшиги очилди: Жалил кўринди. Орқасида бир одам.
— Асад!
Жалил одати бўйича ҳовли ўртасига келиб чақирди. Овоз бўлмагач, яна чақирди.
— Асад!
— Киравер, — деди Асадбек бўғиқ овозда.
Жалил билан ҳам, нотаниш одам билан ҳам ўтирган жойида саломлашди.
— Бу ўртоқ ижроқўмдан экан, — деб изоҳ берди Жалил. — Ҳозир уйимга келсам, рўйхат қилиб ўтирибди.
— Қанақа рўйхат?
— Бу жойлар бузилармиш. Бу ердан катта йўл ўтармиш…
Бу гапни эшитиб, Асадбек бошини эгиб ўйга толди. Назарида булдозер овози эшитилди.
Уйга бостириб кела бошлади… Том босиб тушди. Онаси… Самандар қолди… Асадбек бир сесканиб, «ижроқўмдан келган ўртоқ»қа қаради:
— Йўлни нариги маҳалладан сол, бу ер бузилмайди.
Нотаниш киши ажабланиб, Жалилга қаради-да:
— Иш бошланган. Лойиҳани ўзгартириб бўлмайди… — деди.
Алқисса:
Эй нафси ҳавосиға гирифтор ўлғон,
Шайтон ишига ишинг намудор ўлғон,
Ҳам зуҳд ила иззатка созовор ўлғон,
Ҳам фисқ ила олам элиға хор ўлғон. *
* Ҳазрат Алишер Навоийдан.
СЎНГСЎЗ
Алҳамдулиллаҳки, асарга сўнгги нуқта қўйиш фурсати етди.
Мен қўрқув билан иш бошлаган эдим. Қўрқувнинг боиси — кимлардандир зулм кўришда эмас, балки ёзганларимнинг сизга мақбул бўлмай қолишида эди. Биринчи китоб эълон қилингач, ёзаётган ҳар бир сатримда сиз, азиз ўқиғувчиларнинг нафасларингизни сезиб турдим. Сиз менга далда бериб турдингиз, Оллоҳ сизлардан рози бўлсин!
Асарда шубҳасиз, сиз ишонмайдиган ёки ҳафсалангизни пир қиладиган ерлар бордир.
Бунинг учун узр сўрайман. Бу — қаламнинг ожизлиги ёки фикр доирамнинг торлигидандир.
Худо хоҳласа, бу қусурлар кейинги асарларда барҳам топгусидир.
Бундан сўнг ҳам Сизлар билан янги асарлар орқали кўришмоқ ниятим бор. Шаръий ниятларга Яратганнинг ўзи етказсин. Бир асарга ном бўлган «Шайтанат» энди туркум номига кўчади. Бу туркум асарда яна бир неча қисса яратиш умидим бор. Булар сизларнинг ўқиганингиз «Шайтанат»нинг давоми эмас, балки шу руҳдаги мустақил
қиссалар бўлади, иншооллоҳ.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК