Фарғонада оддий аскар отиб ўлдирилдими ё жонига қасд қилдими?..
Маълумотларга кўра, 8 июлда Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги 9229 ҳарбий қисмда ўз йигитлик бурчини ўтаётган бухоролик оддий аскар Бобир Мирзаев қорин қисмига ўқ келиб тегиши оқибатида оламдан ўтди. Эслатиб ўтамиз, худди шу ҳарбий қисм аскарлари Қувасойда қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини қўриқлашади. Шу куни кечаси Бобир Мирзаев 9-постда қоровул хизматини ўтаётганди.
Шахси маълум қилинмаган республика қуролли кучлари вакили айтдики, ҳозирча Бобирнинг ўлими сабаблари аниқланмаган. Шу масалада ҳарбий прокуратура терговчилари иш олиб бормоқда.
— Оддий аскар Бобир Мирзаев тунги қоровул хизматини ўтаётганди, — дейди вакил. — Далилий ашёлар прокуратурага юборилган. Аммо мен ишонч билан айта оламанки, Бобир ўз жонига қасд қилган…
Бироқ марҳумнинг отаси Собир Мирзаев айтдики, бу бўҳтон. У ўғлининг характерини жуда яхши билади. Бобир жонига қасд қиладиган йигитлардан эмасди.
— Ўғлим Бобир болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қиларди, — дейди марҳумнинг отаси Собир Мирзаев. — Миллий гвардия сафига кирмоқчи бўлди. Балл етарли бўлмагани сабабли кира олмади. Кейин армияга кетди. Ўлимидан бир кун олдин мен у билан телефон орқали гаплашганман. Бобир аъло кайфиятда эди. Менга яна озгина қолганини, хизматни тугатгач, албатта ҳарбий бўлиш орзусини ҳақиқатга айлантириш учун ҳаракат бошлашини айтиб ўтганди. Айтганча, шаҳар военкоми Бобир автоматни ўқлаётиб кутилмаганда, билмасдан тепкини босиб юборганини айтиб чарчамади. Ишонинглар, менинг ўзим врачман. Ногиронликни аниқлаш бўйича экспертман. Агар ўқ яқин масофадан отилса, қорин қисмини тилкалаб ташлаши, куйиш белгилари қолиши керак эди. Ўғлимнинг тобутини олиб келишгач, уни ечинтириб, текшириб кўрдим. Ўқ боламнинг қорин қисмига тегиб, бел қисмидан чиқиб кетган. Ундан кичкинагина тешикча қолган холос. Айни шу нарса ўқ узоқ масофадан отилганини исботлаб турибди.
Дарвоқе, Бобир Мирзаев оламдан ўтганига бир ҳафтадан ошганига қарамай, яқинларига ўлим ҳақидаги маълумотномани тақдим этишмаган.
— Бу ҳам менинг шубҳаларимни оширди, — дейди Собир ака. — Хўш, нега шу вақтгача ўғлимнинг ўлганлиги тўғрисида маълумотнома беришмади. Қолаверса, тобутни олиб келган аскарлардан ҳам суриштирдим. Лекин улар бир овоздан ҳеч нарса билмасликларини таъкидлашди. Тахминимча, Бобир чегарада қайсидир аскарлар ё ҳарбийларнинг қонунга зид ҳаракатларига фавқулодда гувоҳ бўлиб қолган. Шу нарса сабаб бўлиб уни ўлдиришга аҳд қилишган. Мен президентимиз виртуал қабулхонасига ҳам шикоят билан мурожаат этдим. Жавобини олганимча йўқ.
Биз ҳам ижодий жамоамиз номидан марҳум Бобир Мирзаевнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бобиржонни Оллоҳнинг ўзи раҳматига олсин! Ёмонларга тавфиқ берсин! Омин! Оллоҳу Акбар!