ШАЙТАНАТ… (129-қисм)
* * *
Асадбек ўзининг эски маҳалласига тақаб солинган тўрт қаватли ғиштин иморатдан унга бир хонани ижарага олиб берди. Уч хоналик уйнинг эгаси заводдаги кутилмаган офат туфайли икки қўлининг панжаларидан айрилган одам эди. Унинг мажруҳлик учун оладиган нафақаси оиланинг нон-чойига аранг етарди. Хотини Кунсанам илмсиз, ҳунарсиз аёл бўлгани сабабли оилани тебрата олмас эди. Шу боис у ҳам мактабдаги фаррошлигига оладиган озгина маошига қаноат қилишга мажбур эди. Эр-хотин-ку сабр қиларди, аммо улғайиб келаётган ўғил-қизларининг емоқ-ичмоқ, кийинмоқдаги эҳтиёжларини қондириш машаққат эди.
Кесакполвон ижарага қўйиладиган хонани кўргани келганидаёқ бу чиройли аёлга хуштор бўлиб қолган эди. Назарида эри мажруҳ, оиласи муҳтожликда яшаёт-ган бу аёл арзимаган «совға-салом» эвазига қучоққа осон кирмоғи мумкин эди. Сўз қармоқлари иш бермагач, югурик қўли белга борганида бир шапалоқ еб ниятга эришмоқ осон эмаслигини билди. Билди-ю, барибир мақсадидан қайтмаса-да, Кунсанамни баъзан «синглим», баъзан эса «қиз ўртоғим» деб «эъзозлаб» юрди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Асадбекнинг чўталларига қаноат қилмай, унда-бунда ўғрилик кўчасига шўнғиб, чўнтаги сал қаппайгач, ўзига бошпана сотиб олди. Шундан сўнг бу хонадон билан борди-келдиси узилди. Чўнтак бақувват бўлгач, кўнгилхушликка боп жувонларни топиш қийин эмас. Кунсанам ҳам кўнгил дафтаридан осонгина ўча қолди.
Аммо Ойсанам…
Кесакполвон бир куни бозорда Кунсанамга тасодифан дуч келди. Аввалига Кесакполвон уни танимади. Танигач, ичида «Шафтолиқоқи бўлиб қолибсан-ку, аҳволинг шу экан, нозингга бало бормиди?» деб қўйди. Кунсанам эса уни яқин одами деб билиб, куёви нобоп бола чиққани, қизининг турмуши бузилганини афсус билан айтиб, ишга кирай деса дурустроқ жой чиқмаёт-ганидан нолиди. Ўшанда Кесакполвоннинг тантилиги тутиб, Ойсанамни таксопаркка жойлаб қўйганди. Ўшанда Илёсов бош муҳандис бўлиб ишларди. Эрдан чиққан бу гўзал жувонни у қандай илинтирди, Кесакполвон билмайди.
Кесакполвон Ойсанамни дуркун қизалоқ пайтида кўрган эди. Илёсов никоҳлаб олгач, меҳмонга бориб жувонни кўрди-ю, «Ваҳ!» деб юборишига озгина қолди. «Қўлимга қўниб турган шундай қушчани учириб юбордимми?!» деб афсусланди. Кейин эса «Гиламни ўзимга яқин одамга сотибман, хоҳлаган пайтимда бир чеккасида ўтириб тураман», деб ўзини овутди. Бироқ, бу овутишлари хомхаёл бўлиб чиқди. Онаси каби ҳуркак бўлган Ойсанам уни ёнига йўлатмади. Унинг бу қилиғи Кесакполвонга ношукрлик бўлиб туюлди. Унга қонундаги ўғриларга хос тантилик етишмасди — бировга яхшилик қилгач, индамай кета олмасди. У бировнинг ҳожатини чиқарганидан сўнг албатта шунга яраша жавоб бўлмоғини истарди. Ойсанамни «ёғли» ишга жойлашиб қўйиши унинг наздида улуғ хизмат эди. Шу «улуғ хизмат» эвазига бу ношукр жувон бир кечалик ишвасини унга инъом қилгиси келмади. Мазкур муаммонинг ҳал этилишида Кесакполвоннинг тарозуси билан Ойсанамники мос эмасди. Кесакполвон тарозусининг бир палласига ўзининг «улуғ хизмати»ни иккинчисига жувоннинг ишвасини қўйган, шубҳасизки, палланинг «улуғ хизмат» томони босиб турарди. Ойсанам эса тарозунинг бир палласига «арзимас иш»ни, иккинчисига эса номус-орини қўйган эди. Шу боис «арзимас хизмат» учун ширингина жилмайиб, «раҳмат» деб қўйишни кифоя деб билди. У гўзаллигини, кўз сузиб қараши ҳар қандай эркакни беҳуш қила олишини биларди.
Эркакларнинг суқланиб қарашларидан роҳатланарди. Бироқ бу қарашларга банди бўлишдан ўзини тия оларди.
Бир бахтсиз айтган эканки: «Билмайин босдим тиконни, тортадирман жабрини, билсам эрдим, босмас эрдим, тортмас эрдим жабрини».
Ойсанам бахтсиз эмасди, тиконни билмай босувчи тоифадан йироқ эди. Биринчи турмуши ёшлик ўйноқилиги оқибати эмас, балки ота-онасининг истаги меваси эди. Таг-тугли узоқроқ қариндошларининг хонадонида қизларининг бахт топишига астойдил ишонган ота-онаси тиконни билмай босган эдилар.
Янгалар уч кун пойлаб зерикишди: келин-куёв қўшила олишмади. Куёв болани домлага олиб бориб ўқитиш ҳам натижа бермади. Кунсанам сабр қилди, воқеани мажруҳ эрига билдирмади. Ўғлига айтишдан ҳам қўрқди, ҳам уялди. Ойсанам ҳам сабр қиларди.
Аммо… кичик чилласи чиқмай туриб, ярим тунда эрининг безовта бўлиб ён хонага ўтиб кетишидан ташвишланди. Сўнг сон томирига эм игнасидан дори юбораётган кўрди-ю, лабини тишлади. Сири ошкор бўлган эр уни ҳам дори олишга даъват эта бошлагач, уйига қайтди-ю, бор гапни яширмай айтди. Акасининг бориб куёв болани дўппослаб уриб келгани ҳисобга олинмаганида улар ортиқча гап-сўзсиз ажралишди.
Бу воқеа Кесакполвонга номаълум, фикрича, гўзал жувоннинг эрдан чиқишига бошқа сабаб мавжуд эди. Ҳар нима бўлганда ҳам Ойсанам Кесакполвон учун забт этилмаган қўрғон бўлиб қолаверди. Кесакполвоннинг маишатбоп хотинларга муҳтожлиги йўқ, «Ойсанами кўнмаса жонсанам-да» деб кетаверса бўларди. Лекин жувондаги кибр (ҳа, у номусни айнан кибр деб фаҳмлаганди) унга тинчлик бермади. «Ўн йил бўлса ўн йил, юз йил бўлса юз йил кутаман. «Акажон!» деб қўйнимга кирганини ўзи ҳам билмай қолади», деган аҳдини бугун эслади.
«Миркаримовнинг ўлиги сувдан чиқибди», деган хабарни эшитиб, жанозага борганида ҳамма тобутни кўтариш билан овора эканида Кесакполвон майитнинг изидан йиғлаб чиққан хотинларга қараган, улар орасидаги Ойсанамни кўриб «йиғласа ҳам офатижон-а, даюснинг хотини» деб қўйган эди.
Ойсанамнинг Японияга отлангани ҳақидаги хабар Кесакполвоннинг тинчини бузган, бошида мингта ташвиш, минг битта ғалва бўлса ҳам, бу янгиликнинг тагига етишни истаётган эди.
Дарвоза биқинидаги қўнғироқ тугмасини қайта-қайта босган Кесакполвон ичкаридан жавоб бўлавермагач, «Нима бало, Японияга жўнаворганми?» деб ташвишланди.
Умиди синган тарзда изига қайтай деганида Ойсанамнинг «Ким?» деган товушини эшитиб, кўнгли яйраб кетди-ю, ичида «овозингдан акагинанг айлансин!» деб қўйди.
Жувон яна бир карра «Ким?» дегач: — Менман, Ҳайдар акангман, — деб ўзини танитди.
Шундан сўнг ҳам дарвоза эшиги дарров очила қолмади. Бундан ори келган Кесакполвон зардали овозда:
— Нима, танимай қолдингми? — деди.
Ойсанам эшикни очиб, салом берди-ю, «келинг, киринг», демади. Орқага тисарилмади, ёнга ўтиб, йўл ҳам бўшатмади. Бу ҳаракати билан ўзига ёқимсиз бўлган эркакнинг остона ҳатлаб киришига майли йўқлигини ошкор қилди. Ойсанамнинг хоҳиши бор ёки йўқлиги Кесакполвон учун аҳамиятсиз нарса эди. Энг муҳи- ми — бу уйга кирмоққа унинг хоҳиши бор.
— Шу томонга йўлим тушган эди, сингилжонимни би-ир йўқлай дедим. Сени кўрмаганимга ҳам минг йил бўлдиёв, — Кесакполвон шундай деб остона хатлагач, Ойсанам тисланиб, йўл бўшатишга мажбур бўлди.
Айвон иссиқ бўлгани учун уйга бошламади. Кесакполвон юмшоқ оромкурсига чўкиб ўтиргач, сигарет тутатди-да:
— Ўғлинг кўринмайдими, ёлғизмисан? — деб сўради.
— Ўғлим… ойим билан контсертга кетишувди, ҳозир келиб қолишади.
Ойсанам ёлғон гапирди: ўғли онасиникида, бугун келишмас эди.
— Ёлғиз зерикмаяпсанми? — деди Кесакполвон ишратталаб нигоҳини унга қадаб.
— Йўқ.
— Сен эрга тегишинг керак. Бевалик сенга сира ярашмайди. Сени… ўзим олиб қўя қолсаммикин, деб турибман.
— Меними?
— Ҳа-да, тегасанми, менга?
— Қўйинг-е, — Ойсанам шундай деб кўзини олиб қочди-да, четга қараган ҳолда пичинг билан қўшиб қўйди: — сизга… онаси ўпмаган қизлар маҳтал бўлиб туришибди-ку, мени нима қиласиз?
Кесакполвон дастлаб Ойсанамга осилиб, муддаога ета олмаганида «Мен хоҳладим-у, сен ноз қилдингми? Бир марта «гаҳ!» десам, онаси ўпмаган қизларнинг ўнтаси қўлимга қўнади», деган эди. Ойсанамнинг ўша воқеани эслаб пичинг билан айтган бу гапи Кесакполвонга нозли ҳазил бўлиб туюлди.
— Ўша гап эсингда турувдими, ёмонсан, сен ёмонсан. Билиб қўй: сени ростданам яхши кўраман. Онаси ўпмаганлардан бўлмасанг ҳам ўзинг зўрсан. Эрингга куйма.
У сенинг тирноғингга ҳам арзимасди.
— Қўйинг, унақа деманг, бундай гапларни ер дарров етказади.
— Етказса етказаверсин. «Шилталик қилма», деб эрингга минг марта айтганман.
Шилталиги бошини еди. Ўйнаши қамалиб кетдими? Бўйнига олибдими?
— Йўқ ҳали.
— Ие, иш ҳалигача чўзилиб ётибдими? Аканг ҳам ўтиргандир?
— Ўтирибдилар. Ишни энди прокуратура бошидан бошлаб кўрармиш.
— Сенга айтишдими, қаердан билдинг?
— Одам келди. Ҳаммасини бошқатдан сўраб чиқди.
— Сендан нимани суриштиради? Сен жабрланувчисан, даъвогарсан. Сен «еримнинг қотилини топиб берларинг», деб уларнинг ёқасидан олишга ҳақлисан.
— Ҳақимни биламан-ку… лекин… у одам сизни ҳам сўради. Асадбек акани суриштирди.
— Нима?! Нима деди?
— «Эрингиз билан муносабатлари қанақа эди? Келиб-кетиб туришармиди?» деб сўради.
— Сен нима дединг?
— Тўғрисини айтдим: келишмасди, дедим.
— Калланг жойида сенинг. Келган одамнинг оти нима экан?
— Эсимда йўқ.
Кесакполвон сигарета қолдиғини кулдонга эзди. Жаҳли чиққанини яширмай:
— Ақлинг ошиб-тошиб ётибди-ку, нимага эслаб қололмадинг? Сен улар билан мушуксичқон ўйнама. Агар қотилни топишолмаса, сиртмоқни айлантириб-айлантириб ўзингнинг бўйнингга ташлашади. Кейин юраверасан вой-войлаб, — деб зарда қилди.
Бу гапдан Ойсанам чинакамига чўчиб тушди:
— Нега менга ташлашаркан сиртмоқларини? — деди саросима билан.
— Сенга ташлашмай бувингга ташлашадими? Эрини ўйнашдан қизғаниб ўлдирган ёки, тўғрироғи, ўлдиртирган, дейишади, тамом! Ҳа, нимага довдираб қолдинг, бўлиши мумкин эмасми? Масалан мен худди шундай деб ўйлаганман.
— Унақа деманг.
— Нега демас эканман? Данғиллама уйинг бор. Сочингнинг учидан оёғингнинг тирноғигача тиллага ботгандирсан. Энди бунақа шилта эрни бошингга урасанми? Сенинг ўрнингда бўлганимда мен ҳам ўлдиртириб юборардим. Тўғри қилгансан.
— Унақа деманг, — бу сафар жувоннинг овози титради.
— Демайман. Лекин бунақа ишда туҳматга қолиш ҳеч гапмас, эҳтиёт бўл. Яна сўроқ қилса гапингни билиб-билиб айт. Ҳа, Японияга кетаётган эмишсанми?
— Ҳали аниқ эмас. Битта ортиқча йўлланма бор экан…
— Шунақами? Сенга ошиқча йўлланма ҳам топила қолади-я! Сен уйингда жилмай ўтиравер. Японияни кўргинг келаётган бўлса, мен билан бирга борасан. Ҳўш, энди ҳалиги гапга нима дейсан?
— Қайси гапга?
— Менга тегасанми?
***
Кесакполвон аввалги аҳди бўйича эрталаб қаймоқ кўтариб келди-ю, аммо Асадбек билан нонушта қила олмади. Асадбек эрта саҳарда Ҳалимжон билан чиқиб кетганини болохонадаги йигитдан билиб, яна ташвишга тушди. Уйга қайтгиси келмай, жар ёқасидаги хонадонларда очилган емакхонага борди. Бошига ташвиш дўли ёғилиб турганда ҳам иштаҳадан нолимайдиган одамнинг бу сафар томоғидан овқат ўтмади.
Кун ёйилганида шаҳар марказидаги уч қаватли бино ертўласига жойлашган идорага қараб юрди. Идора эшигидан ҳар сафар Асадбекнинг ёрдамчиси сифатида кирар эди.
«Бугун сўнгги марта бу мартабада ўтяпманми, эртага хўжайини сифатида кираманми?» деб ўйлади.
Эндигина келган Бўтқа қизларни ишга солиб, хоналарни шамоллатган эди. Асадбек «Замон ўзгаряпти, қадамларингни билиб босларинг», дегач, тунги маишатларга барҳам берилган сабабли бу ер анча осойишта бўлиб қолган эди. Кесакполвон салом берган Бўтқага қараб «Бу бола менга керак», деб ўйлади-да:
— Расулжон ука, аҳволлар яхшими? — деб қўйди.
Бўтқа унинг бу муомаласидан ажабланди. Чунки у Кесакполвон томонидан «Ҳа, Бўтқа, қалайсан?» деб ҳол сўралувига кўникиб қолган эди.
— Раҳмат, акахон, чой қилайми ё қизилиданми? — Бўтқа шундай деб амрга маҳтал равишда унга қаради.
— Чойни қўятур. Бек акангдан дарак борми, бу ёққа келадиганми?
— Билмадим. Телефонлар жим.
— Менинг озгина ишим бор, ҳалақит бермай тур, — Кесакполвон шундай дегач, Асадбекнинг хонасига кирди. Унинг қиладиган иши йўқ, бўлажак суҳбат олдидан айтадиганларини яна фикр тарозусида ўлчаб олмоқчи эди.
Хонага кириб ўтиришга улгурмай Асадбекнинг овози эшитилди.
Асадбек эшикни очиб, ичкари кириши билан, бир маъно уқиш умидида, унинг кўзларига боқди: Асадбек кечагига нисбатан қувноқроқ кўринди. Қарашларидаги кечаги маҳзунлик, баъзан қора булут каби бостириб келувчи қаҳр энди йўқ. Бугундан эътиборан «собиқ хожа»га айланажак Асадбекнинг хуш кайфияти Кесакполвонга ҳам кўчиб, жилмайди. Зулм дарахтини биргаликда экиб, энди унинг мевасидан ким кўпроқ еяр экан, деган муаммони ҳал қилолмаётган бу икки банда орада хиёнат ҳам, ўлим ҳам, адоват ҳам бўлмагандай, бир-бирига оқибати зиёда одамлар каби илиқ кўришишди.
— Қаймоқхўрлик қиларман, деб борувдим, саҳармардонда жўнаворибсан. Кетинг ер искамайдиган бўлиб қолди, а? — деди Кесакполвон, меҳрибон дўст овози билан.
— Қадрдонлардан биттасини савобга йўқлаб қўй-дим, — Асадбек шундай деб, Кесакполвонни ажаблантирган ҳолда нигоҳини олиб қочди.
— Кимни?
— Сен уни танимайсан.
Кесакполвон «Мен танимайдиган қадрдонларинг ҳам борми?» деган маънода қараб қўйди-ю, гапни майдалашдан ўзини тийди. Шунинг баробаринда кеча хаёлига келган фикрни баён қилиш аҳди сусая бошлаганидан ғашланди. Ёлғонни ҳам, ростни ҳам бир хил оҳанг-да, кўзларини чақчайтирганича айтиб ташлайдиган одамни дангалчилик тарк этгандай эди.
— Маҳмуднинг ўрни билиниб турибди, — деди Кесакполвон, енгил хўрсиниб. — Ёнингда ўтиришига кўзларим ўрганиб қолган экан.
— Ўрни ҳали бери совумайди, — деди Асадбек, тагдор маънода, кейин Кесакполвоннинг елкасига қўл ташлаб, диван томон юрди. — Умри қисқа экан-да. Опичиб юрганингни кўрганимда бир-икки кунда ўлиб қолса керак, деб чўчиган эдим. Яна ҳам шунча яшади.
— Ишхонани бошқа ерга кўчирсакмикин? Хонага кирганда кўзга кўринавериб, одамни қийнаб юборади.
«Маҳмуднинг арвоҳи сени то гўрга киргунингга қадар таъқиб этиб, қийнайди. Қийноққа ўзинг харидор бўлиб, уни ўзинг сотиб олдинг», деб ўйлади Асадбек. Тил эса бошқа гапни айтди:
— Кўчиш керак. Кўнглингга ёқадиган жой топ.
Асадбекнинг «кўнглингга ёқадиган» деганига Кесакполвон унча диққат қилмади.
Чунки айрим ишларни топшираётганда Асадбек «билганингни қил» ёки «кўнглингга қара» деб қўярди. Ҳозир Асадбек «кўнглимизга» эмас, «кўнглингга» деб атай таъкидлаган, бу билан «топадиган жойингда ўзинг иш юритасан», деган маънони сингдирмоқчи бўлган эди.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК