ШАЙТАНАТ… (139-қисм)
* * *
Юзакироқ қараганда Зоҳид билан Анварнинг яшамоқдан мақсадларида яқинлик бордек кўринади. Униси ҳам буниси ҳам адолат, ҳоли ҳаётда ҳақиқат излаб сарсари кезувчилардан эди. Ажаб-ажабки, бировининг орзусидаги адолат ва ҳақиқат иккинчисиникига унча ўхшамасди. Яна ажабки, бирови ҳақиқатни сиртмоқда кўрди, иккинчиси курашдаги азобда, орзудаги роҳатда деб билиб, ҳамон сароб сари одимлайди. Тилакка етолмай ўтиб кетишини англаб турса ҳам қайсарлик билан қадам босади.
Яна ажаб-ажабки, дунё дунё бўлганидан бери ҳали ҳеч ким «тилакларимга етиб жон беряпман», демаган. Чунки тилак деганлари ҳамиша ҳомиладор. Бирига етилса, иккинчиси урчиб, болалаб туради. Ҳидоятда юрганларнинг сўнгги тилаги бир-бирига ўхшайди. Фосиқларники эса ўз нафслари даражасига мос равишда турлича бўлади.
Зоҳид ҳақиқат тилагида ўтган Анварни ўйлаганда уни жиннихонага тиқиш қудратига эга одамни кўргиси келаверди. Анварнинг маъракасида Элчин билан учрашганда у Холидий деган одамни айтган эди. Устози Ҳабиб Сатторов гарчи унинг номини тилга олмаган бўлса-да, укасининг ўлимида бу одамнинг қўли борлигига шамаъ қилган эди.
Дўстининг жанозасида ўша одам худди ўша ҳожатхонага осилиши керак деб қасд қилган Элчин ҳаракатсиз ётибди. Ҳабиб Сатторов зимдан айблагани билан унга қарши чора кўришга уринмайди. Зоҳид эса чорасиз. Элчиннинг ҳам, Ҳабиб Сатторовнинг ҳам гаплари, пичинглари ўринли: Холидийни қотилликда айблай олишмайди. Демак у айшини суриб яшайверади. Ғашини келтирган одамни пашшани янчгандек янчаверади. Шундай эди…
Наҳот яна шундай бўлиб қолаверса?
Ахир замон ўзгаряпти-ку?..
Адолат истовчи Зоҳиднинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаси заиф эди. Ямоқ тўнни ечиб ташлаб, янгисини кийган одамни яхши бўлиб қолади, деб ҳисобларди. Гап одам устидаги тўнда эмас, кўкрак қафасидаги қалбда экани ҳақидаги оддий ҳақиқатни англашига пича фурсат бор эди.
Анварнинг маъракасидаги учрашувда Элчин «яна Холидий ичбуруғдан ўлиб қолса, мендан кўриб юрманг», деб пичинг қилган эди. Ўшанда Зоҳид бу гапга етарли эътибор бермаганди. Анварнинг ёзувларини ўқигач, ўша суҳбатни бехос эслади.
Чиндан ҳам Холидий юқори қаватдан йиқилиб ўлса ёки мурдаси сувдан чиқса текшир-текшир бошланади. Неча-неча одам шубҳа тўрига ўралади. Бу тўрга Элчин ҳам илашиб қолиши ҳеч гапмас. Бу соҳадаги ҳақиқат юзага чиққунига қадар қанча одамнинг ҳаловати бузилади.
Худди Миркаримовнинг ишига ўхшаб…
Ким билади, мурдаси сувда ириган Миркаримов ҳам тириклик чоғида неча-неча одамнинг юрагига заҳарли сўз ханжарларини санчгандир?
Ким билади, унинг ўлиги сувдан топилганда неча-неча одам қувонгандир, «баттарроқ бўлсин эди», дегандир.
Ким билади, балки Миркаримовнинг заҳарли сўз ханжаридан ўлим топганлар унинг бошига гувала қўйилиб, лаҳад оғзи беркилганда дўзахнинг олов тошлари билан қаршилагандирлар.
Ким билади, балки Холидийнинг қисмати ҳам шундай бўлар…
Балки ҳаммаси аксинчадир…
Агар Зоҳид ниятини амалга ошириб, Холидий ҳузурига борса-да, айтсаки: «Сиз билан Миркаримов бир хилдасизлар». Бу гапдан, шубҳасизки, Холидий ажабланар, тўғрироғи ғазабланар ва айтарки: «Бу қандай нодонлик! Мен олим одамман, жамиятга фалон миқёс-да фойдам теккан. У эса пулдан бошқа нарсани ўйламаган одам…»
Холидийнинг фатвосида зоҳиран жон бор. Касб, турқу тароват — кўзга кўринувчи жиҳатлар фарқланади. Аммо назарга тушмас бир иллат борки, уни «нафс» дейдилар. Айнан шу нафс бир-бирига зохиран ўхшамаган одамларни ботинан бир хил кўринишга келтиради.
Миркаримовнинг нафси маишатни истарди. Бунинг учун у ҳаётини пул топишга сарф этди.
Холидийнинг нафси ҳам маишат истарди. Бунинг учун у ҳаётини амал эгаллашга сарф этди. Бунда бирон фарқ кўринадими?
Зоҳид ўйлаб-ўйлаб фарқ топмади.
Кўп масалаларда Анвар билан ҳамфикр бўлди. Фақат… Сўнгги чорани ақлсизлик деб баҳолади.
***
Зоҳид Саид Қодировнинг бу сафарги йўқловидан асосий мақсадни дуруст англамади. У одатдагидай Миркаримовнинг ўлими асадбеклар тўдасига боғланяптими ё йўқми, деб қизиқди. Зоҳид гумонларнинг бири заиф бўлса-да, ҳамон шу тўдага боғланиб турганини айт- ди-ю, бироқ янги туғилган шубҳаларини баён қилиб ўтирмади.
— Маҳмуд Эҳсоновнинг ўлимидан кейин тўдада бирон ўзгариш сезилмаяптими, мишмишлар нима дейди?
Зоҳид Саид Қодировнинг бу илмоқли саволига дарров жавоб бермади. «Мени миш-миш йиғиб юради», деб эшитувдингизми, демоқчи ҳам бўлди-ю, тилини тийди-да:
— Асадбеклар билан шуғулланмай қўйганман, — деб қўя қолди.
— Тўда ичида қора мушук ғимирлаб юрганга ўхшайди, — деди Саид Қодиров худди ўзига-ўзи гапираётгандай. Сўнг «Наҳот қизиқмай қўйдингиз?» деган савол назари билан қаради-да, гапини давом этди: — «КамАЗ»нинг ҳайдовчисидан фойда йўққа ўхшаб турибди. Боши катта, бўйи калта одам эса изсиз йўқолган. Миродил Бойқўзиев деганини эшитганмисиз?
— Йўқ.
— Унинг хотини милитсияга арз қилган: эри йўқолибди. Эҳсоновнинг жанозасидан кейин уни ҳеч ким кўрмаган. Ҳозирча тирик одамлар орасидан қидириш-япти. Бугун умид бор…
билмадим… эртага балки қаб-ристонлардан излашга тўғри келар… Уларнинг орасидан яна кимлар йўқолаётган экан…
Саид Қодиров аслида шу саволга жавоб топиш мақсадида Зоҳидни йўқлаган эди. Доимий равишда маълумот етказиб турувчи Ҳалимжоннинг тўсатдан йўқолиб қолиши уни хавотирга сола бошлаган, эҳтиёт чораси сифатида Халимжоннинг оиласини бошқа жойга кўчиртиргач, «бирон гап эшитгандир», деган умидда Зоҳидни чақирганди. Чақиришга чақирди-ю, «тўдадаги одамимиз йўқолди, суриштиринг» демади. Халимжонни ошкор этишга ҳали фурсат бор, деб ўйлаб, суҳбатини чучмал тарзда якунлади. Зоҳид мана шундан ажабланди.
Москвадан жавоб келдимикин, деган илинжда шаҳар прокуратурасидаги хонасига кирди. У Ойсанам Эркаева билан акасининг кўрсатмаларидан шубҳаланиб Москвага сўров юборган, Миркаримов йўқолган кеча болаларга қандай мултфилм кўрсатилганини аниқлаб беришларини илтимос қилган эди. Бундан аввалроқ шаҳар электр тармоқлари идораси билан боғланиб, ўша кеч Миркаримовнинг маҳалласида электр қуввати ўчириб қўйилган ёки ўчирилмаганини суриштирган эди. Шаҳарни электр қуввати билан таъминлашда қийинчилик мавжуд бўлгани сабабли маҳаллаларда навбатма-навбат чироқ ўчириб қўйиларди. Ўша ҳафта Миркаримовнинг маҳалласида чироқ ўчирилмагани ҳақидаги маълумот Зоҳиддаги битта шубҳани йўққа чиқарди. Иккинчи шубҳанинг исботи Москвадан келажак маълумотга боғлиқ эди.
Зоҳиднинг сезгиси алдамабди: Москвадан хабар келибди. Унда ёзилишича, ўша кеч расмий мажлисдаги Горбачевнинг маърузаси кутилгандан кўпроқ чўзилгани сабабли болалар учун эртак кўрсатуви умуман эфирга чиқмаган, мултфилм ҳам кўрсатилмаган… «Бу ёғи қандоқ бўлди», — деб ўйлади Зоҳид, — шунча пайтдан бери Эркаева тўқиган эртакка ишониб юрилдими? Энди… ҳаммасини бошидан бошлаш керакми?..»
Зоҳид ишни қандай давом эттиришни ўйлай-ўйлай биринчи галда Ойсанам яшаётган уйни кузатиш керак, деган қарорга келди. Шу қарори билан раҳбарият ҳузурига кириб, ижозат олди. Яқин кунларда Миркаримовнинг уйида тинтув ўтказиш ниятини эса ошкор этмади. Уйни кузатиш бўйича милиция идораси билан бўладиган расмиятчиликларни бажаргач, Зарипова билан учрашиш учун шаҳар турмасига борди.
Зарипова — чиройда Ойсанамдан қолишмайдиган хушрўй аёл — сўроқ хонасига кириб «ҳамма гапларни айтиб бўлганман, яна келдингизми?» дегандай Зоҳидга бир оз қараб турди. Сўнг унинг қаршисига ўтириб, иболи аёлларга хос бўлмаган тарзда оёқларини чалиштириб олди. Аввалги учрашувдаги суҳбат асабий равишда тугаган эди. Бу сафар самимийроқ тарзда гаплашишни истаган Зоҳид:
— Келавериб жонингизга тегдимми? — деб кулимсирашга ҳаракат қилди.
— Келиб турганинглар яхши менга, — деди Зарипова. — Келсаларинг қамоқда чиримаслигимга ишонаман.
— Гапингизга унча тушунмадим?
— Келаверсаларинг битталаринг бўлмаса, иккинчиларинг бегуноҳлигимга ишонарсизлар?
Оддий нарсани тушунишни нега истамайсизлар?
— Тушунишни истаганимиз учун келамиз.
— Бўлмаган гап! — Зарипова шундай деб қўл силтади. — Ҳар сафар янги сиртмоқ ясайсизлар. Келавериб, келавериб сиртмоқни тортаверасизлар. Охири бўғилиб ўлай деганимда «Мавлон акани мен ўлдирганман», деб тан олишимни хоҳлайсизлар. Лекин шунақа деганим билан дарров ишона қолмайсизлар. «Ўлдиришга бир ўзингнинг кучинг етмайди, ўйнашинг ёрдам берган, ўша ўйнашингни айт!» деб янги сиртмоқлар ясайсизлар.
Майли, сиқувга олаверинглар, бир бошга — бир ўлим. Ҳаммасига чидайман. Мен сиз кутаётган иқрорни айтмайман, — Зарипова хўрсиниб, олди-да, қалин панжарали дарчага қаради: — Олдин сўроқ қилган одам қўрсроқ эди. Сиз ишни маданийчасига юритар экансиз. Икковларинг икки оламга ўхшайсизлар. Лекин мақсадларинг бир. Наҳотки шунча ойдан бери шубҳаланадиган бошқа одам топилмаган бўлса?
— Зарипова, тушунадиган аёлга ўхшайсиз. Биз шунча ойдан бери нима иш билан шуғулланаётганимиз бўйича сизга ҳисоб беришга мажбурмасдирмиз?
— Албатта мажбур эмассиз. Жаҳлингиз чиқмаса сиздан бир нарсани сўрасам.
— Сўранг.
— Сиз… мантиқ деган фан борлигини ҳеч эшитганмисиз? Мен атай «ўқиганмисиз?» деб сўрамаяпман. Мантиқ илмини ўқиган одам бунақа бўлмайди.
— Қизиқ… — Зоҳид беихтиёр равишда столни чертиб-чертиб қўйди: — Мантиқдан бехабарлигимни исбот қилиб бера оласизми?
— Албатта. Лекин сиз сўроқ қилгани келган одамсиз, фалсафадан масала сўқишга тоқатингиз етмас?
— Етади, ташвишланманг, гапираверинг.
— Яхши, унда эшитинг: дунёдаги барча нарсалар, ҳодисалар «мантиқ» деган кўринмас занжир билан боғланган, деган фикрга қўшиларсиз? — Зарипованинг саволига жавобан Зоҳид бош ирғаб қўйди. — Лекин ҳамиша ҳам шундай бўлавермайди. Фақат бизга ҳамма ҳаракатда мантиқ бордай кўринаверади. Биз мантиқ билан мантиқсизликнинг аниқ чегарасини ажратиб ололмаймиз, бунга нима дейсиз? — Зоҳид «қани, давом этаверинг-чи», дегандай елка қисиб қўйди. — Мана, масалан, сиз билан менинг бу ҳолда ўтиришимизда мантиқ борми?
— Йўқ деб ўйлайсизми?
— Албатта йўқ. Сиз «ҳақиқатни ойдинлаштириш учун мантиқий мажбурият бор», дерсиз?
Мен эсам айнан шуни энг катта «мантиқсизлик» дейман. Агар бегуноҳ бир аёлни икки юз ўттиз кун қамоқда ушлаб туришни «мантиқий мажбурият», ҳисобласангиз, хафа бўлманг-у, ҳеч нарса билмас экансиз.
— Сиз ўзингизни бегуноҳ ҳисоблаяпсиз. Бу ерда ўтирганларнинг деярли барчаси шу фикрда.
— Бу масалада сиз билан баҳслашмайман. Ўзимга тегишли гапни айтай: жиноят ўз-ўзидан содир бўлмайди, а? Кутилмаганда, тўсатдан юз берди, деб ҳисобланган фожиа ҳам аслида анча илгари бошланган бўлади. Мисолга Мавлон аканинг тақдирларини олайлик: ўша куни бехос сувга тушиб кетиб ўлдиларми ё ўлдирилдиларми? Агар ўлдирилган бўлсалар, қотил ўша куни қасд қилиб ўша куниёқ мақсадига етмагандир? Тасаввур қилайлик, сизнинг шубҳангиз тўғри чиқди, қо-тил — менман. Мантиқан олиб қарасак, Мавлон акани ўлдиришга тайёргарлигим у киши билан танишган кунимиздан бошланган бўлади. Бир-биримиз билан учрашганда атрофимизда ҳеч ким йўқ, деб ўйлардик. Аслида орамизда ўлим бор экан-у, сезмабмиз. Кунлар, ойлар ичи ана шу ўлимнинг қачон ва кимнинг қўли билан юзага чиқиши масаласи беихтиёр равишда ҳал этилган. Шунақа десак мантиққа тўғрими? Ҳа, — Зарипова аянчли тарзда кулимсиради. — Бу бир тахмин. Яна ҳақиқат деб ёпишиб олманг. Лекин гапимда озгина ҳақиқат ҳам бор. Менинг бу кўргулигим, гуноҳларимга яраша туҳмат билан мукофотланишим Мавлон ака билан танишган дақиқамдан бошланган экан, — Зарипова бошини эгиб бир оз сукут сақлади.
Сўнг Зоҳидга қараб кулимсиради: — Гапни ҳам резинкадай чўзиб юбордимми, ажабланманг, мен азалдан эзмароқман. Хўп, яна озгина тоқат қилинг, асосий гапни айтволай: Мени қотил деб гумон қилганингизда «бу хотин шундай бой ўйнашини нега ўлдирди?» деб ўзингизга ўзингиз савол бериб кўрмадингизми? Бу ерда мантиқ қани?
Мавлон аканинг ўлимидан кўпроқ мен жабр чекдим-ку?
— Моддий манфаатни назарда тутяпсизми?
— Фақат бу эмас. Мавлон ака мени… яхши кўрардилар. Ёлғиз аёл учун бу яхши кўришнинг қадри қандайлигини сиз ҳис қила олмайсиз. Сиз худди шу нуқтада менга мантиқни топиб беринг-чи? Агар Мавлон аканинг ўлимидан бирон фойда олсам, бу ишга қўл уришим мумкин эди. Бу гапим ҳам тахмин, мен бировнинг ўлимидан фойда кутадиган аблаҳ эмасман.
— Саволингизга ҳозир жавоб беришим шартми?
— Мутлақо шарт эмас. Гапдан гап чиққани учун озгина эзмалик қилдим, кечирасиз.
— Фикрларингиз менга маъқул. Саволингизга эса албатта жавоб қайтараман, фақат бугун-эрта эмас, қотилни аниқлаган куним.
— Шундай дейишингизни билардим. Саволимга жавоб берсангиз ҳам, қотилни топиб жазоласангиз ҳам менинг бу ерда чириган кунларимни қайтариб бера олмайсиз, бу ердан чиқиб мен техникумдаги ўқувчиларимга дарс ўта олмайман, бу шаҳарда, умуман бу ҳаётда бош кўтариб юришим мумкин бўлмай қолади.
— Сиздаги илм, фаросат билан бу азобни енгиш мумкин, деб ўйлайман.
— Йўқ, енгиш учун илм билан фаросатнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳатто иродага ҳам ишониб бўлмайди. Менинг келажагим — ўзимнинг бош оғриғим, сиз ўйламай қўяверинг. Сўрайдиганингизни сўранг.
Зоҳид, прокуратура терговчиси, гумондаги шахсдан «сўранг» деган ижозатни олса-да, дарров сўроққа тутмади. «Зарипова ҳаяжонини босиб олсин», деб сукут сақлади, худди савол ахтараётгандай кўрсатгич бармоғи билан чаккасини силади. Зариповага бу сукут ёқмай «сўрамайсизми?» деган маънода тикилгач, Зоҳид дастлабки саволини берди:
— Эшпўлатовнинг айтишича, хўжайинини олиб келганида сиз ёлғиз бўлгансиз. Сиз эса одам бор эди, Эшпўлатов ҳеч кимни бошлаб келмаган, деяпсиз. Кимнинг гапига ишонишим керак?
— Эшпўлатовнинг ўзи ҳам, хўжайини ҳам келмаган.
— Уйингиздаги ўша одам буни тасдиқлаши керак. Ўша одам ким, айтинг. Айтсангиз ўзингизга фойда.
— Мен унинг кимлигини айтолмайман.
— Қўрқасизми?
— Ҳа, қўрқаман, оиласининг бузилиб кетишидан қўрқаман.
— Оиласи бузилиб бўлгандир балки?
— Нега ундай деяпсиз?
— Аёллар табиатан сезгир бўлишади. Эрларидаги ўзгаришни тез фаҳмлашади. Уларда гипофиз яхши шакл-ланган, дейишади. Гипофиз нималигини биласизми?
— «Учинчи кўз» демоқчимисиз? Билмадим, сиз бу гапни қаердан олдингизикин. Балки сиз айтгандай шакл-лангандир, лекин бу кўринмас учинчи кўзда ақл бўлмайди. Эркак билан аёл учрашса ўша гипофиз худди сиз каби аҳмоқона хаёлга боради.
— Аниқроқ гапира оласизми?
— Аниғи шуки, мен бугун Мавлон ака билан, эртасига бошқаси билан ётадиган фоҳиша эмасман. Мавлон ака билан муносабатимиз қуруқ нафсдан иборат эмас эди. Ўша куни уйимга келган одам сиз ўйлаган илинжда ўтирмаганди. Самимий дўст сифатида, ҳатто ака-сингил сифатида гаплашиб ўтирганимизга сиз ҳам ишонмайсиз, бошқалар ҳам. Шунинг учун унинг кимлигини айтмайман. Гапларимга ишонсангиз ишонинг, ишонмасангиз — ўзингиз биласиз. Менинг бошқа сўзим йўқ, айтинг, олиб кетишсин.
— Шошилманг, ўзингизни босинг. Сизнинг айтадиган сўзингиз бўлмаса, менинг сўрайдиган саволларим бор. Бу ерга шу мақсадда келганман. Фалсафадан дарс эшитиш учун эмас, — Зоҳиднинг кейинги гапи сал дағалроқ чиқиб, ўзига ҳам эриш туюлди.
Бу дағаллик Зариповага ҳам таъсир этди. У «Ана энди асл қиёфангга кирдинг, боятдан бери мўмин ўқувчидай ўтирувдинг», дегандай Зоҳидга бир оз тикилди-да, сўнг мутелик билан бошини эгди. Зоҳид унинг кўнгли оғриганини сезса ҳам, сир бой бермай, расмий оҳангидан чекинмай сўради:
— Агар гапингизга тўғри тушунган бўлсам, Миркаримов билан муносабатингиз асосида нафс ётмас экан. Унда… ораларингизда, шоирлар тили билан айтганда… муҳаббат бўлганми? Миркаримов сизга уйланмоқчимиди?
— Шундай фикр бор эди. Лекин қарор даражасида қатъийлашмаганди.
— Нега? Бирон тўсиқ бормиди?
— Бор эди.
— Оиласими?
— Яна қандай тўсиқ бўлиши мумкин? Икки марта уйланган. Иккинчисини қўйиб, учинчисига уйланса партиядан ўчади.
— Партиядан ўчса — ишдан ҳайдалади, — Зоҳид шундай деб Зарипованинг гапини давом эттирди: — Ёғлик жой қўлдан кетади. Бунақа эр кимга керак?
— Мен Мавлон аканинг бойликларига учмаганман.
— Лекин Миркаримов сизга тилла тақинчоқлар сов-ға қилиб турган. Аввалги терговчига шундай дегансиз.
— Деганман. Тинтув қилиб тақинчоқларимни олиб қўйгансиз. Хоҳласангиз давлатга топширишим мумкин.
— Шахсан мен хоҳламайман. Уларни ўғирламагансиз, сизга совға қилинган, ўзингизга буюрсин.
Зарипова «чин дилдан, самимий айтяпсизми?» дегандай унга савол назари билан қаради.
Кейин яна бошини қуйи эгиб, аввалги гапини такрорлади:
— Мен бойликларига учмаганман.
Икки марта турмуш қуриб, икки марта оғзи куйган, ишхонадагилари, қўшнилари «ҳалол, покиза», деб таъриф берган аёлнинг бу гапига Зоҳид шубҳа қилмади. Агар кун ора бўлмаса-да, ҳафта ёки ой оралаб ўйнашларини алмаштириб турганида буни қўшнилар сезишар ва бу воқеадан сўнг «асли бузуқ эди», деб таърифини ўн чандон ошириб баён этиб беришарди.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК