КАСАЛНИНГ КАСОФАТИ…
Аслида бу касаллик кўпроқ Америка, Африка тарафларда кенг тарқалган. Аммо кейинги йилларда Россия аҳолисининг маълум бир қисми ҳам Спид балосига гирифтор бўляпти. Касалликнинг ўзи бўлса-ку, майли. Шу баҳонада қотилликлар содир этилаётганига нима дейсиз…
ЙЎҚОТИЛГАН УМИДЛАР
Бир неча йил олдин Уфада истиқомат қилувчи Вика Давлатовага ўзи билан бирга ишлайдиган 25 ёшли дугонаси Ирина Зухраева уяли телефони орқали хабар йўллаб, мазаси қочиб қолганини ва шу сабабли бошлиққа айтиб қўйишини илтимос қилди. Вика дугонасининг илтимосини бажарди. Аммо орадан икки кун ўтиб Иринадан бошқа бир хабарнома олди.
— «Мен узоқ муддатли саёҳатга кетяпман. Ҳали-бери қайтмайман…»
Вика ҳайрон бўлди. Ахир, куни кеча касалман деган одам қанақасига саёҳатга кетиши мумкин?..
Дарров уй телефонига қўнғироқ қилди. Гўшакни ҳеч ким кўтармади. Хавотири ошиб Иринанинг укасига қўнғироқ қилди. Ука тезлик билан дўстини ёнига олиб Иринанинг квартирасига кириб келди. Эшик очиқ эди. Икки дўст шошиб ичкарига киришди. Ичкаридан ниманингдир сасиган ҳиди келарди…
Югурганича ётоқхонага кирди. Не кўз билан кўрсинки, Ира каравотда кўрпага ўралган ҳолда ётар, аллақачон оламдан ўтиб бўлганди. Диванда эса, эри Бориснинг мурдаси… Томирлари кесиб ташланган…
Йигитлар стол устидаги хатни топиб ўқигач, ҳаммаси тушунарли бўлди. Эр ўзининг гўзал ва жозибали хотинини учраган эркакка рашк қилар, шу туфайли ўртада деярли ҳар куни жанжал кўтариларди. Ирина ҳам фаришта эмасди. Учрашиб юрадиган йигитлари кўп эди. Кунларнинг бирида у кимдандир Спид юқтиради-ю, бу касаллик эрига ҳам ўтиб қолади…
Квартира деворларининг ҳар-ҳар ерига мих қоқиб ташланганди. Экспертлар аниқлашдики, Борис аввал хотинини бўғиб ўлдирган. Кейин ўзини осмоқчи бўлган. Аммо сира уддасидан чиқа олмаган. Шундан сўнг томирларини кесган. Дарвоқе, ўзини ўлдиришдан аввал Викага телефон орқали хабарнома юборган…
Прокуратура ушбу жиноят бўйича ҳеч қандай иш қўзғатмади. Чунки Иранинг қотили ҳам ўзини ўзи ўлдириб бўлган. Кимни ҳам айблашарди…
Экпертиза текширувлари ниҳоясига етгач, ғалати бир ҳолат аниқланди. Ирада ҳам, унинг эрида ҳам ҳеч қандай Спид аломатлари йўқ эди. Прокуратура ходимлари улар ҳарқалай шу касалликдан ёмон қўрққан бўлса керак, деган хулосага келиб қўя қолишди…
«РОМАНТИК» УЧРАШУВ ИНТИҲОСИ
Бир куни Калининград вилоятининг Космодемянский қишлоғига кираверишда ёшгина бир аёлнинг мурдаси топилди. Мурданинг бош қисми деярли пачоқлаб ташланган, бир кўзи ўйиб олинган, кўкрак қисмига темир билан кўп маротаба урилган…
Экспертлар аёлни текшириб кўришганда, у илгари ўғирлик туфайли судланган бўлиб чиқди. Уни эса, яқин таниши, аниқроғи жазмани бўлмиш 25 ёшли Олег Романов ўлдирган экан. Йигит қўлга олингани ҳамоно айбларига иқроро бўлди…
Воқеа бундай бўлганди:
Марҳума Наталья билан танишганда, Олег унинг ўғри, суюқоёқ эканини билмасди. Шу сабабли муҳаббат дардига мубтало бўлган йигит унга турмуш қуришни таклиф этди. Қиз дарров рози бўлди. Аммо орадан бир кун ўтиб ўтмай, суюқоёқнинг мижозларидан бири Олегга бу ҳақда шипшитиб қўйди…
Алдангани алам қилган Романов ҳам аввалги қаҳрамонимиз каби бир неча марта ўзини ўлдиришга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин қўлидан келмади. Шунда аввал Натальяни тинчитишга қарор қилиб уни романтик учрашувга таклиф этди. Чўнтагига ҳар эҳтимолга қарши темир ҳам солиб олди…
Маълум бўлишича, Олег нафақат Натальянинг суюқоёқлиги туфайли ўлдирди. Балки, мижоздан у яқиндагина Спид касалига йўлиққан бир йигит билан ётиб чиққанини ҳам эшитди. Демак, Спид унга ҳам юққан. Худди мана шу даҳшатли хаёл йигитни қотилликка етаклади…
Олег Натальяни ўлдиргач, ўз жонига қасд қилиб ўтирмади. Аксинча, мурдани кўчага ташлаб, ўзи дўстлари билан ароқ ичишга ва барча аламларини ўша нарсадан олишга аҳд қилди.
Сергей ДАНЬШИН
Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси