СНАЙПЕР… (24-қисм)
* * *
Мирсолини «чўлоқ» дея ҳақоратлаган, қалбига бир парча муз ташлаб ҳам пинагини бузмаган барзанги шаҳардан четроқдаги кўримсизгина ҳовлида кун кечираркан. Ҳовли кўримсиз бўлса-да, дарвозаси мустаҳкам эди. Қалин темирдан тикланган дарвозани ўта мустаҳкам қилиб ўрнатишибди.
Иблис етагидаги кўринмас йўл кўрсатувчилар Мирсолига ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб беришди. У бегона кўзлардан, полиция таъқибидан сақланиш учун ҳам шу ерда яшаркан. Буни Мирсоли аравачада ҳовлига яқин бориб дарвозани қайта-қайта тақиллатгандан кейин билди. Дарвозани чамаси уч-тўрт дақиқача тақиллатиб турди. Иблиснинг «фаришта» ниқоби остидаги кўмакчилари Мирсолини кетишга қўйишмади. Дарвоза барибир очилишига ишора қилишди. Ҳақиқатан, ичкаридан худди ўша ёқимсиз товуш эгаси дарвоза тирқишига оғзини тўғрилаб шивирлади.
— Ким у?
— Оча қолинг, брат, — деди Мирсоли ҳазин товуш билан. — Братвалардан салом опкелдим сизга.
— Қайси братва? — сўради барзанги. — Кимсан ўзинг?
— Чиқсангиз таниб оласиз. «Сўтак» жўнатди мени.
Бу лақабни ҳам Мирсоли беҳуда тилга олмаганди. Иблис етагидагилар шипшитишганди. Шу ерда у «Сўтак» шаҳарни ўз назорати остига олиш ҳаракатига тушганини, кўзга яқин бозорлар, гиёҳванд моддалар савдоси қизийдиган манзилларни аллақачон эгаллаб улгурганини билди.
Ниҳоят зулфин туширилиб, дарвоза очилди ва қаршисида худди ўша барзанги ҳозир бўлди.
— Сен? — барзанги Мирсолини кўрди-ю, жаҳли олдингидан-да юз чандон баттарроқ қўзғалди. Жаҳли чиққанда юз-кўзлари қизариб, титрай бошларкан. Мирсоли шу қиёфасига қараб туриб, барзанги спорт билан умуман шуғулланмаслигига амин бўлди.
— Сен, чўлоқ, мендан нима истайсан ўзи? — дағдаға қилишда давом этди барзанги. — Нега у йимга келдинг? Пул керакми?
Мирсоли жавоб ўрнига иблис ва кўмакчилар кўрсатмасига қулоқ тутди. Чап қўлини олдинга чўзиб, бирпас тек қолди. Гипноз таъсир эта бошлади шекилли, барзанги титрашдан тўхтади. Энди эҳтиёткорона қадам ташлаган ҳолда ортга тислана бошлади. Шубҳасиз, Мирсоли ҳам уни таъқиб қила борди. Ҳовлига кирганлари ҳамоно, Мирсоли дарвозани ичкаридан қулфлади.
— Сен яшашдан жуда тўйиб кетгансан, — аста сўз бошлади у барзангининг кўзларига қаттиқ тикилиб. — Буни нигоҳларинг ошкор қилиб қўйяпти. Ҳозир шошилмасдан гаражга кирасан-у, икки дона мойи қуримаган тўппонча оласан. Қани, аста-аста юр!
Барзанги ҳануз ортга тисланган кўйи гаражга борди. Эшикни очгач, Мирсоли амални давом эттирди.
— Сени ҳеч ким қадрламай қўйган. Ярим тунлари уйғониб кетиб, худодан жонингни олишини сўрайсан. Лекин ўла қолмадинг ҳалиям!..
Барзанги Мирсолининг ўта таъсирчан оҳангда янграган жумлаларини эшитгач, кўзлари ёшланиб, ияги қалтираб, қур-қур хўрсина бошлади. Шу аснода тайинланганидек, қайсидир бурчакдан иккита тўппонча олди-да, дарҳол Мирсолига тутқазди.
— Ишни тезлаштир, — қисталанг қилишарди иблис етагидаги кўмакчилар. — Вақтни беҳуда сарфлама! Тез тўппончанинг биттасини барзангига тутқаз!
Мирсоли тўппончаларнинг бирига махсус овоз пасайтиргич трубачани маҳкамлади-да, барзангига тутқазиб, иккинчисини киссага урди.
Барзанги эса вужуд-вужуди билан гипноз таъсирига тушиб, ҳайқиришга шай турарди.
— Мени ўлдиринг! — қичқирмаса-да, баланд овозда ёлвора бошлади Мирсолига. — Яшаш жонимга теккан, ака! Илтимос, тезроқ ўлдиринг! Ишонинг, сизга асло даъвойим йўқ. Аксинча миннатдор бўламан!
— Ўзинг ўзингни ўлдирасан, — деди Мирсоли. — Қани, бошла! Сенинг бу дунёда суянадиганинг қолмаган. Агар яшаб қолсанг, баттар оёқости қилишади, хўрлашади, адо этишади. Сени ўлимгина бу қийноқлардан қутқариб қола олади. Бўл тез!..
Иблисона ҳаракатлар, сўзловлар, таъсирлар барзангига ёввойи куч, шиддат бағишлаганди. Сира ўйлаб ўтирмай, тўппончани пешонасига тиради-ю, тепкини босди.
* * *
Барзанги ўз жонига қасд қилгандан кейин ҳам иблис Мирсолини ортга чекинишга, хотиржам тортишга қўймасди. Унинг етагида Мирсоли ҳовлини титкилаб чиқди. Бир қути мойи қуримаган тўппончалар беркитилган экан. Уларнинг бир нечтасини олгач, Мирсоли ими-жимида ҳовлидан чиқиб катта йўл томонга юрди.
— Бу дунёда ҳеч ким сенга таъзим қилмайди, — йўл-йўлакай уқтириб борарди иблис. — Бир умр яхшилик қил, кимларнингдир кўнглини ол, Қ ўлларига катта пул тутқаз, барибир ҳеч ким сендан миннатдор бўлмайди. Шундай экан, сен йўлингга ғов бўлишга шайланганларни анави безоридек ер тишлатаверишинг шарт. Агар сендан қўрқишса, одамлар ҳурматлашади, соянгга салом беришади. Бу дунё беш кунлик, окаси! Яшаб қол! Манаман деганнинг додини бер, катта пул тўпла, саройлардек кошоналарда яша.
— Мен, ахир, тавба қилгандим, — дея шивирлади Мирсоли ҳамон барзангининг сўнгги ҳолати кўз ўнгидан кетмай. — Ёмон йўлга юрмасликка, ҳаром пулга яқин бормасликка қасам ичгандим…
— Э, сен билан менинг қасамимиз, тавбамиз нима бўларди? Бугунингни ўйласанг-чи! Ҳозир бор, Юлянг уйида биқиниб ўтирибди. Аммо уям сенга яхшиликча ён бериб қўймайди.
— Унда боришимнинг нима фойдаси бор? Яшайверсин ўз ҳолича.
— Ие, уни севиб қолгандинг шекилли?!. Ё адашдимми? Кечагина оҳ-воҳ қилиб ётувдинг-ку! Ҳозир ҳам ичингда жон деб турибсан-ку! Нега тан олгинг келмайди?
— Тўғри, — деди Мирсоли хўрсиниқ аралаш. — Ўша қиз кўнглимга ўтиришувди. Лекин унга сира ёмонлик қила олмасам керак.
— Бекорнинг бештасини айтибсан! Билиб қўй, аёл зотининг пулни ёмон кўрмайдигани бўлмайди. Пулни кўрсатсанг, зўрлигингни намойиш қила билсанг, улар сени севиб ҳам қолаверишади, ҳурмат пайдо бўлади, керак бўлса оёғингни ўпиб яшашади.
— Сезиб турибман. Юля ҳалиям опасини унута олмаяпти. Мен бориб унга қаттиқ тегсам баттар алами ортмайдими?
— Ғалчаларнинг саволини беришни бас қил! Ким сенга ёмонлик қил деяпти? Униям барзангининг аҳволига солиб, бўшаштирволасан-у, оласан-кетасан. Уйга олиб бориб билганингни қил! Шундай йўл тутки, эртагаёқ сенга маҳкам ёпишиб олсин, уйланишингни сўраб ёлворсин!..
— Мен биринчи навбатда банкдаги пулларимни олишим керак, — деди Мирсоли ғижини келиб. — Бусиз бошқа ишга қўл ура олмайман, тушун!
— Бор, ичкарига кирмай туриб мен ўргатган амалларни бажар! Ходимидан тортиб бошлиғигача карахтланиб қолсин, сен эса ўзинг мўлжаллаган қутидан пулларингни олиб аста чиқиб кетаверасан. Карахтланганлар бир соатсиз ўзига келмайди.
— Ў, бу зўр фикр бўлди, — деди ҳовлиқиб Мирсоли. — Худди шундай қиламиз. Ундан кейин бемалол Юляникига бораверсак бўлади.
— Юляни уйга қамаб, генерални тинчитишга борасан. У йўғингда анча-мунча пулингни ўмарган. Киримлар ўша ярамаснинг ихтиёрида эди. Атрофдагиларнинг кўзини шамғалат қилиб роса пулингни шилган. Ундайлар жазога лойиқ!
— Аблаҳ! — Мирсоли тишларини ғижирлатиб, киссасидаги тўппончани сиқимлади. — Ер билан битта қиламан у маразни! Тириклай кўмаман!..
Ярим йўлга етганда Мирсоли таққа тўхтади. Овозлар энди гоҳ чап, гоҳ ўнгдан кела бошлаганини пайқади. Илгари ҳам сезган бўлиши мумкиндир, аммо шу тобдагина англади.
— Бекорга чивиндек жонингни хатарга қўйма, — уқтирарди ўнгдан таралаётган овоз. — Ҳаром-хариш деб икки оёғингни бой бердинг. Энди жонингни асра! Ҳар ярамаснинг сўзига учма! Тавба қил!
— Йўқ, — дея ҳайқирди чапдан таралаётган овоз соҳиби. — Унга қулоқ солма! Оғир аҳволда қолганингда у томошабин бўлишдан нарига ўтмаган. Ночор, ожиз бандага айланишингни, бир умр йўқсилдек умр кечиришингни истайди у!
— Сен ҳақсан, — деди Мирсоли пичирлаб. — Мени йўлимдан ҳеч ким қайтара олмайди энди! Фақат олдинга юраман. Зўрлар зўри бўлиб, дунёни титратар даражага етмагунимча курашавераман. Кўрсат йўлни, ҳой маслаҳатчим!
— Ҳов анави бекат яқинида сигарет тутатиб турган ментни кўряпсанми? — сўради иблис. — Яхшилаб қара, у офицер!
— Кўрдим. Нима бўлибди?
— Уям сени худди шу кўйга солган маразларнинг бир вакили. У ҳам қўйиб беришса, сени ғажиб ташлашга тайёр туради.
— Нима қилай уни? Шундан гапир!
— Банкка боришни эртанги кунга қолдирасан. Ҳозир аста борасан-да, белига тўппонча тирайсан. Кейин уйингга олиб кетасан!
Мирсоли гап-сўзсиз аравачани полициячи турган ёққа ҳайдади. Машиналар шовқинида аравачанинг ғилдираши умуман эшитилмасди. Орқа тарафдан борди-да, киссасидан тўппонча чиқариб, полициячининг белига тиради. Давоми ҳам иблис ўргатганидек кечди.
— Сен ҳозироқ олдимга туш, — буюрди Мирсоли офицерга. — Тушундингми ё асфаласофинга жўнатворайми?
Полициячи эҳтиёткорлик билан, ортиқча ҳаракат содир этмаган ҳолда қўрқа-писа бошини Мирсоли томон бурди ва у ногиронлар аравачасида ўтирганини кўриб энсаси қотди.
— Вей, сени шундоғам худо уриб қўйибди-ку, — деди полициячи. — Нима қиласан ўзингга ташвиш орттириб? Тўппончангни нари ол, индамайман, сенга зиён етказмай кетаман.
— Йў-ўқ, мент, — деди Мирсоли тишларини ғижирлатиб. — Менинг йўқотадиган ҳеч нарсам қолмаган. Агар олдимга тушмасанг, бақир-чақир қилсанг, тепкини босаман, вассалом! Сен нариги дунёга равона бўласан.
— Хўп, хўп, сен айтганча бўла қолсин! Уйингга боришимдан сенга нима фойда?
— Буни борганда биласан. Қани, олдимга туш! Лекин қочишга уринма. Мен отиш бўйича чемпионман. Минг километр нарида бўлсанг ҳам ўқим бехато тегади.
Полициячи ўзини босиб олган, тажрибали экан. Мирсолининг барча шартларига кўниб, у кўрсатган тарафга қараб юрди. Настя холадан қолган квартира шу ердан бир чақиримча нарида эди. Ҳаш-паш дегунча улар квартирага етишди. Мирсоли калитни полициячига бериб эшикни очишга ундади.
Ичкарига киргандан кейин эса ўз қўллари билан эшикни ичкаридан қулфлаб, яна тўппончасини полициячининг белига тиради.
Офицер ҳеч нарсага тушунмасди. Мирсолининг асл мақсадини англай олмай хуноб эди. Шундай бўлса-да, кутар, эзгулик ғалаба қилишига ишонарди.
Мирсоли навбатдаги босқичга ўтиш учун шошилмади. Иблиснинг йўриғига кириб музлаткичдаги бир шиша ичкиликни чиқариб олди ва иккита қадаҳга қуйди.
— Ич, — буюрди офицерга. — Охиригача ичасан!
Полициячи бу буйруқни ҳам сўзсиз адо этди. Мирсоли эса қадаҳни бўшатгандан кейин тўппончани офицернинг пешонасига тўғрилаб буюрди:
— Энди кийимларингнинг ҳаммасини еч! Қип-яланғоч қолмагунингча ечинасан!
Шундоқ ҳам сабр косаси тўлган полициячи Мирсолига нафрат аралаш тикилиб турди-да, норози бош чайқади.
— Укам, сен ҳаддингдан ошяпсан, — деди у муштларини тугиб. — Нима, мениям ўзингга ўхшаб шайтон йўриғига юргизмоқчимсан? Овора бўласан. Мен сендай ярим жон, маразнинг қаршисида шарманда бўлгандан кўра ўлимни афзал кўраман. Ўв, мен қонли майдонларда юриб келган одамман! Қани, ўлдир мард бўлсанг шунчалик! Билиб қўйки, мен ўлимдан қўрқмайман! Қани, отмайсанми? Эркакмисан ўзи?
— Шунақами? — Мирсоли гезариб аравачани полициячига яқинроқ олиб борди ва тўппончани кўксига тиради. — Менинг кимлигимни биласанми ўзи? Вей, сендан сўраяпман! Ҳозир тепкини боссам, тамомсан! Гапир!
— Биламан, — деди полициячи иложи борича ўзини қўлга олишга тиришиб. — Сен одамхўр маразсан! Қанча бегуноҳларнинг ёстиғини қуритгансан. Шундай экан, сенинг келажагинг йўқ. Хор бўлиб ўласан!..
— Ҳали шунақами? — Мирсоли бу ҳақоратларни эшитди-ю, бор овозда қичқирди. — Ўлгинг келибди, ўласа-ан!..
Шундай деб тепкини босди. Тўппончанинг пақиллаган товуши квартира қолиб, бутун теваракни тутди. Полициячи инқиллаган кўйи эгилиб, полга юзтубан йиқилди.
— Ҳа-а, мени қўрқади деб ўйловмидинг? — ҳануз телбаларча аравачани жасад атрофида у ёндан бу ёнга ғилдиратиб хирилларди Мирсоли. — Йў-ўқ, мен ҳеч кимдан қўрқмайман! Чунки бу дунёда фақат мен зўр бўлишим керак. Бўламан ҳам. Бой берган оёқларим ҳаққи қасам ичаман, шу лаҳзадан эътиборан йўлимга ғов бўлганларни аяб ўтирмайман. Ҳаммангнинг ёстиғингни қуритаман. Ер билан битта қиламан ҳаммангни!..
* * *
Иблис етагида қолган банда ҳаловат нелигини билмайди, ўзлигини унута боради, қонсираган нигоҳлари дунёни тешай дейди. Мирсоли айни паллада худи шундай алфозда эди, Унинг кўзлари гўё дунёни кўрмас, қалби тамоман иблис йўриғига тушиб қолганди. Бу йўриқ ҳали чимилдиқ кўрмаган, буткул ёввойилашиб улгурган йигитни тобора олдинга талпинтирар, тезроқ ҳаммаёқни остин-устун қилиш, ёруғ дунёга якка ҳукмрон бўлиб қолишга ундарди. Устига устак банкдаги пулларидан тамоман айрилганига кўзи етиб хит бўлар, бу ҳам кўксида аланга олган нафрат оловини борган сари қутуртирарди.
Мирсоли ниҳоят ҳайқиришдан тийилиб, полициячининг мурдасига бирпас аламли тикилиб турди-да, арвачасини ташқарига ҳайдади.
— Биз иккаламиз бирлашсак, мақсадларга албатта эришамиз, — Мирсолини тезларди иблис. — Ҳозир кўчага чиқасан-у, қимирлаган жонзот борки, отаверасан. Шунда ҳамма сендан чўчийди, шарпангни кўрса ҳам ўқдек учиб жонини асраш илинжида қочади. Ишон, ҳеч ким сенга халал бера олмайди. Чунки қўлингда қурол бор. Қуролинг ожизлар, сени зўр ўрнида кўра олмаган, қадрингни бир пул қилишга тайёр бандаларнинг кушандасидир. Олдинга бос, шоввоз, фурсатни қўлдан берма! Интиҳо яқин. Мана кўрасан, ҳадемай сенинг кўчангда баҳор юз кўрсатади, умринг ҳақиқий байрамга айланади. Ҳеч кимни аяма, ҳеч кимга ачинма! Акс ҳолда ўзингни оёқости қилиб кетишади…
Бу чақириқлар Мирсолини янада хезлантирди. Бир тутам, ҳаром-харишнигина тан олишга одатланган қалбини юз чандон нафрат ва жаҳд лойига қориштирди. У кўзига кўриниши муқаррар ҳар бир жонзотни ўқлар ёмғири остида таъқиб этишга шай бўлди. Шошилди, ҳовлиқди, ошиқди ва қайта-қайта талпинаверди.
Кутилганидек, автобус бекатида тумонот одам йиғилганди. Мирсоли бекатга яқин борди-да, пича одамларни кузатди. Уларнинг юз-тузилишига разм солди, ўқ узиши учун яна бир арзирли баҳона қидирди. Аксига олиб йўловчилар у томонга қур-қур ачиниш назари билан боқар, бу Мирсолининг нафратига нафрат қўшарди. Шунда ҳам шошилмади. Яна бир муддатгина кузатиб туришни хоҳлади. Йўловчилардан орқароқда ёши ўттизга яқинлаб қолган бир аёл турар, нигоҳларини Мирсолидан узмасди. Бу нигоҳлар шунчаки эмас, балки муҳаббат, меҳрга қоришиқдек туйиларди. Мирсоли кўзлар тўқнашгач, шу ҳақиқатни тан олишга, аёл томон янада яқинроқ боришга уринди. Аммо иблис бу гал ҳам йўл бермади.
— Сен ҳалиям гўллигингга боряпсан, — танбеҳ бера бошлади иблис. — Шу аёл сени сева оладими-а? Шу-я? Ахир, икки оёғи йўқ йигит кимга ҳам керак, нодон!?. Афтидан аёл мақсадингни англагандай бўлди, шунинг учун олдини олиб жонини асраш илинжида ўтли боқаётгандир. Бунинг устига ёши сендан анча улуғ бўлса! Бошингга урасанми ўзингдан катта аёлни?!. Эътибор қилма, бўш келма, алдовларга ишонма, хор бўласан! Панд ейсан! Ишон, бу ёруғ оламда муҳаббатнинг ўзи йўқ. Бу эртак холос. Сергак торт!.. Айтганча, бугундан эътиборан башоратчи эмассан. Мен ўша билоғон, қайсар ва танбал фаришталарингга жавоб бервордим.
— Нега? — сўради Мирсоли ҳануз аёлдан кўз узмай. — Нима айб қилдимки, худо берган иноятни йўққа чиқардинг?
— Ие, — деди шайтон совуққон оҳангда. — Ҳадемай бутун дунёга сўзингни ўтказай деб турибсан-у, бу хислатни бошингга урасанми? Ундан кўра ҳозирги иш ҳақида ўйла!..
Мирсоли иблиснинг кўр-кўрона берган маслаҳатларидан янада таъсирланиб, дафъатан кўзини аёлдан олиб қочди ва шоша-пиша тўппончасини йўловчиларга тўғрилади-ю, бор овозда қичқирди.
— Маразлар! Сенларга ўлим! Ҳаммангни асфалософинга юбораман! Ўлларинг! Қуриларинг!..
Мирсоли сира ўйлаб ўтирмай, қайта-қайта тепкини босаверди. Бекат қий-чувга тўлди. Одамлар бир-бирини туртиб, уриб дуч келган тарафга қоча бошлади. Ўқ теккан кимсалар ерга қулаб, оёқлар остида қолди. Мирсоли яна алланималар дея қичқирар ва ўқ узишда давом этарди. Хайриятки, тўппончанинг ўқи тугади. Мирсоли аламига чидай олмай қуролни бекатга улоқтирди-да, титрай-титрай нари кета бошлади. Афсуски, узоқ кетишга улгурмади. Шаҳар томондан ўқдек учиб келган полиция машинаси йўлига кўндаланг бўлди. Кўз очиб юмгунча машина эшиклари очилиб, юзларига ниқоб тутган, елкаларига автоматлар осган полициячилар тушиб, дарҳол Мирсолини қўлга олишди…
* * *
«СИЗО»даги тергов хонасида сукунат ҳукмрон эди. Қўллари кишанланган Мирсолининг рўпарасида узун бўйли, захил юз, нигоҳлари бургутникидек ўткир терговчи ўтирар, савол беришга шошилмасди. Нуқул Мирсолига синчков боқар, муштлари тобора қаттиқроқ тугила борарди.
— Ҳа, мараз, — кутилмаганда тилга кирди терговчи. — Охириям қўлга тушаркансан-ку! Нима, шаҳар бедарвоза деб ўйлаганмидинг? Одам ўлдириб бемалол яшаб юравераман деб ҳисоблаганмидинг?
Мирсоли индамасди. У руҳан иблисни қидирар, маслаҳат сўращни истарди. Бахтга қарши иблис акс садо бермасди. Ҳойнаҳой, тағин навбатдаги қарғишларни ҳазм қилишдан ўзини олиб қочганди.
«Аблаҳ, — ўйларди Мирсоли лаб тишлаб. — Нега унинг йўриғига кирдим? Нима қилиб қўйдим ўзи? Нега бундай йўл тутдим? Қани у? Нимага овоз бермайди? Энди нима қиламан?.. Мени ботқоққа ботириб, ўзи қочиб қолдими ҳали? Йў-ўқ, кўрсатиб қўяман унга! Йўқ қиламан! Қуритаман!..»
Саволларга жавоб йўқ эди. Сўнгги лаҳзаларда кўзи очила боришига қарамай, Мирсолининг қисмат ихтиёрида қолишдан ўзга чораси қолмаганди.
— Нега индамайсан, ўв, ҳаромхўр? — таҳдидли сўз қотди терговчи. — Афсусланяпсанми ё? Йў-ўқ, сендақалар афсусланмайди. Чунки букрини фақат гўр тузатади. Гапир ифлос! Нега полициячини, бекатдаги бегуноҳ одамларни ўлдирдинг?
Мирсоли жавоб бермади. У чалкаш хаёллар қўзғолони сабабми, яна иблисни руҳан тутиб олган ва дарҳол жаҳлидан тушиб, ўзи сезмаган ҳолда иблисга қулоқ тутишда давом этарди.
— Ҳозир мана шу ярамаснинг башарасига мушт тушир, — дерди иблис. — Кўрдингми, сени ер билан битта қилди!?. Буларнинг биронтасиям сенга дўстлик қилмайди. Иложини топди дегунча устингдан кулади, топтайди, ўлдиришга тайёр туради. Хўш, нега жим бўп қолдинг? Урмайсанми терговчини? Ё бу кунингдан баттар бўлишни хоҳлаяпсанми?
«Мен соб бўлдим, — бошини эгган кўйи хаёлан сўзланишга тутинди Мирсоли. — Менинг келажагим сен билан тиллашган кунимданоқ ўлган. Мен энди сенга қулоқ тута олмайман.
. Етар! Мен ҳукмронлик қиладиганларни сира хушламасдим. Не қилайки, йўлдан урдинг, мени бадном қилдинг. Тўғри, мелисаларни кўришга кўзим йўқ. Аммо сенга ҳам бўйсунмайман энди. Кимлигингни, қанчалар разиллигингни билдим, амин бўлдим. Буёғига тағин пешонамга битилганини кўраман.»
— Йўқо-ол! — бу гал Мирсоли бор овозда қичқирганини ўзи ҳам пайқамай қолди. — Кўзимдан йўқо-ол, шайтон! Сени кўришга кўзим йў-ўқ!!!
— Нима-а? — шубҳасиз, терговчи унинг хаёлидан нималар ўтганини билмасди. Ҳақоратлар ўзига тегишли деб ўйлаб, Мирсолига хезланди. — Ҳали мени шайтон дедингми? Мени-я? Конвой-й!!!
Шу заҳоти эшик очилиб, ичкарига автоматли конвой кирди.
— Эшитаман ўртоқ майор!
— Манави ифлосни еттинчи камерага олиб бориб қама! Кўзи очилса, ўзи чақиради бизни! Олиб кет! Акс ҳолда башарасини бузиб ташлайман!
— Қўлларингни орқангга қил! — Мирсоли ўдағайлади конвой. — Эшак аравангни юргиз тез!
Мирсоли терговчига бир қараб олди-да, аравачани ташқарига ҳайдади.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ