Москва ҳарбий суди андижонлик муҳожирни Интернетдаги постлари учун 5,5 йилга қамади
![Москва ҳарбий суди андижонлик муҳожирни Интернетдаги постлари учун 5,5 йилга қамади](https://gdb.rferl.org/56DD3498-60E6-4DE7-8DEA-BC53BCF2AFAE_w800_h450.jpg)
Москвада террорчиликни Интернет орқали оқлашга уринганликда айбланган ўзбек муҳожири 5,5 йилга қамалди. Россия Ҳарбий суди андижонлик 24 яшар Шермуҳаммад Шамсиддиновни 2 йил давомида ижтимоий тармоқларда террорчиликка даъват этувчи аудио ва видеофайлларни жойлаштирганликда айбдор деб топди.
Москвадаги Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди терроризм пропагандасида айбдор топилган ўзбек муҳожирини 5 йилу 6 ой қамоқ жазосига маҳкум этди.
Россия Бош прокуратураси 10 январда тарқатган хабарга кўра, Шермуҳаммад Шамсиддинов ижтимоий тармоқлардан бирида экстремистик даъватлар ёзилган аудио ва видеофайлларни “қасддан жойлаштириб келган”.
"Аниқланишича, Шамсиддинов 2016 йилнинг июлидан 2018 йилнинг июнига қадар ўзининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларидан бирида террорчи ташкилотлар фаолиятини оқловчи, зўравонлик мафкураси пропагандаси акс этган, бундай курашда террорчилик амалиётларни қўллаш кераклигини тасдиқловчи ҳамда Интернет тармоғи фойдаланувчиларини террорчилик ташкилотларига қўшилишга даъват этувчи аудио- ва видеофайлларни қасддан жойлаштириб келган", дейилади расмий хабарда.
Озодликнинг прокуратурадаги манбасидан маълум бўлишича, Москвада меҳнат муҳожирлигида юрган Шермуҳаммад Муҳаммадали ўғли Шамсиддинов 1995 йилда Андижон шаҳрида туғилган. У ўзининг коммент ва постларини "Одноклассники" ижтимоий тармоғида жойлаштириб келган.
2018 йил ўрталарида Шермуҳаммад Москва ФСБсининг экстремизмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.
Андижонлик муҳожир йигит устидан ёпиқ ўтган ҳарбий суд мажлисида Москва шаҳар прокурори Денис Попов бошчилигидаги бир гуруҳ экспертлар ва прокуратура ходимлари ўз тергов хулосаларини келтирган.
Давлат айбловчилари келтирган даъволарни инобатга олган ҳарбий суд ҳаками Шермуҳаммад Шамсиддиновни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205.2- моддаси 2 қисми (“Террорчилик фаолиятига очиқ даъват қилиш, жамоат жойда терроризмни оқлаш ва Интернет ахборот-коммуникациялари тармоқлари орқали террорчилик пропагандаси”) асосида 5 йилу 6 ойлик қамоқ жазоси тайинлади.
Тайинланган жазо муддатини ўзбекистонлик йигит умумий режимдаги колонияда ўтайди.
Суд, шунингдек, Шермуҳаммадга 3 йил муддатга электрон ва ахборот-коммуникация тармоқларида сайтлар очиш билан боғлиқ барча фаолият билан шуғулланишга тақиқ қўйди.
Ҳозирча суд қарори кучга киргани йўқ, Шермуҳаммад суднинг бу қарори устидан юқори инстанцияларга арз қилиш имконига эга.