МАФИОЗ… (10-қисм)
* * *
Семен ҳақиқатан йўлга чиқибоқ йигитларни орқага қайтариб юборган-у, ўзи таксига ўтириб тўппа-тўғри Гоганинг дала ҳовлисига жўнаб кетганди…
Кутилганидек, уни дала ҳовлида шахсан Гоганинг ўзи қарши олди.
— Қани, юр, сени бир грузин шаробига тўйдирай! — деди у ишрат учун мўлжаллаб алоҳида ясатилган ертўладаги «қароргоҳ»ига бошларкан. — Сендай мард йигитлар дунёда камдан-кам бўлади. Юравер, қўрқма!..
Бундай вақтларда юраги иккита одам ҳам барибир ҳайиқади. Ахир, душманнинг хонадонига кириб боришнинг ўзи бўлмайди!..
Семен эҳтиёткорлик билан ертўлага кириб келаркан, атрофидаги соқчи йигитлардан кўз узмасди.
— Сен йигитларимиздан қўрқма! — унинг фикрини англагандек жимликни бузди Гога. — Бу йигитлар жуда олижаноб. Яқин дўстларни ҳурмат қилишади. Тўғрими, Вано?..
Гоганинг ёнбош томонига келиб ўтирган мўйловдор йигит маъқул ишорасини қилди.
— Ана, кўр, бизнинг шароблардан татиб кўрсанг, оддий ароқларга қарамай қўясан!.. Ич, дўстим, Семен, ичавер! Бугун иккаламиз айш қиламиз. Истасанг, қизларнинг кетворганларидан олиб келтирай! Нима дейсан?
— Й-йў-ўқ!.. — норози бош чайқаб қўйди Семен қўлидаги шаробни бир кўтаришда симириб қадаҳни жойига қўяркан. — Қизларга унчалик ҳушим йўқ…
Гога бу сотқин йигитнинг кайфи ошиб қолишини эринмасдан кутди.
У ишонарди. Грузин шаробини кўп ичиб бўлмайди.
Ўйлаганидек, Семен иккинчи қадаҳни кўтариб ичгандан сўнг ғўлдирай бошлади.
— Хўш, энди гапир-чи! — мақсадга ўтди Гога. — Қайси шамоллар учирди биз томонларга?
— Анави келгинди жонимга тегиб кетди. — Арзини бошлади Семен. — Номард экан.
— Ринадни айтаяпсанми? Нима ёмонлик қилди у сенга?
— Э, қариянинг бутун бойликларига эгалик қилиб ётибди. Ахир, биз ҳам ўша чолга узоқ йиллар хизмат қилганмиз. Маълум қисмини бизгаям бериши керак эди…
— Шунақа дегин?..
Гога қаршисида ўтирган Семенгаер остидан тикилиб қаради.
— Қара-я, сенларни қуруқ қолдириб ҳаммасини ўзиники қилиб олибди-да!.. Хўш, энди нима қилмоқчисан?
— Билмадим… Лекин унинг қўлида ортиқ ишлашни истамайман.
— Агар Ринадни ўлдир десам, ўлдира оласанми?
Семен беихтиёр бошини кўтариб Гоганинг кўзларига боқди.
— Керак бўлса, ҳозироқ калласини сапчадай узиб ташлашга тайёрман!..
— Зўрсан-ку!.. Ха-ха-ха-ха-ха!..
Гоганинг кулгисига қолганлар ҳам жўр бўлишди.
— Қани, кейинги қадаҳни сенинг омадинг учун оламиз!..
Семен ҳеч кимга қараб ўтирмай, навбатдаги қадаҳни симириб ташлади…
Буниси энди умуман ортиқча эди.
Сотқин ўтирганерида чайқала бошлади.
— Сенга ўхшаганлар бир кун келиб мениям сотиши мумкин. — Гога ўрнидан туриб Семеннинг тепасига келди. — Эшитишимча, ўша акахонинг сени хос ёрдамчи қилиб олган экан. Демак, ҳурматинг ёмон эмасди… Сен бўлсанг, менинг ҳузуримга келиб уялмасдан уни ёмонлаб ўтирибсан. Истайсанми, ҳозир йигитларга айтаман-у, улар сени Ринаднинг қўлига олиб бориб топширишади. Биласанми, унда сен қандай ўлим топасан?
Семен бу гапни эшитгач, қўрқувдан дағ-дағ титраб ўзини Гоганинг оёқлари остига ташлади.
— Жон ака, ундай қилманг! Ўла-ўлгунимча хизматингизни қиламан!.. Ишонинг, сизга садоқат билан хизмат қиламан! Фақат мени унинг қўлига топширманг!..
Гога худди ёш болалардек йиғлаб ялинаётган Семенни тепиб юборди.
— Хотинчалиш! — деди у товонини Семеннинг юзларига босиб. — Сен хизмат қиласанми садоқат билан? Сен-а?.. Э, йўқ, сен ҳатто итликкаям ярамайсан. Итликка яраганингдаям майлийди. Ҳов анави бурчакка бойлаб қўярдим. Ўша ерда акиллаб ётардинг. Тур ўрнингдан!.. Эркак киши бу тахлит ётса уят бўлади!.. Ана, йигитлар сени кузатиб қўйишади…
Семен ишониб-ишонмай бир-бир йигитларга қараб олди-да, ташқарига қараб юрди. Гога эса, йигитлардан бирининг биқинига туртиб ўнг кафтини томоғига ишқалаб қўйди. Бу ишора «Йўқ қил!» деган маънони англатарди.
— Хўш, Вано, анави Ринад томонда нима гаплар? — Семен чиқиб кетгач, сўради Гога кулимсираб. — Йигитлари айтганини қилмай қўйишдими дейман?
— Ака, бу йигит илгариям қарияни бир неча марта бизга сотганди, эсингиздами?
— Ҳа, эсимда. Лекин ўшанда бизнинг фойдамизга анча иш қилиб берган.
— Шундай-ку-я, лекин бундайлардан эҳтиёт бўлиш керак. Сотқин бюарибир сотқин-да!..
— Тўғри айтасан. Шунинг учун ҳам йўқ қилишга буйруқ бердим. Битта сотқин камроқ. Сен бу гапларни қўйиб тур. Асосийсидан гапир!
— Эшитишимча, Ринад кетворган бир қизни ўзига котиба қилиб олганмиш.
— Йўғ-е, — тўсатдан кулиб юборди Гога. — айш қилгиси кепти-да хунасанинг!..
— Нимасини айтасиз… Аммо ҳақиқатан кетворган экан. Йигитлар айтди менга.
— Унда севиб ҳам қолгандир?
— Бир кўришда тош бўп қўлибди. Ишонаверинг!..
— У ҳолда бундай қиламиз…
Гога ташқари эшикка назар ташлаб қўйди-да, давом этди.
— Биласанми, биз барибир курашни сусайтирмаслигимиз керак. Фақат… Бекитиқчасига… Очиқдан-очиқ ҳужумга ўтсак, яхши бўлмайди. Шунинг учун… Сен-чи, ўша қанжиқни қандай бўлмасин жиннихонага тиқишинг керак.
— Нега?
— Ие, ўзинг ҳозиргина айтдинг-ку!.. Агар у қиз ростданам Ринаднинг юрагидан урган бўлса, оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолади. Биз бўлсак, бир четдан тури-иб мириқиб томоша кўраверамиз… Эсингда бўлсин, бу курашнинг бошланиши холос…
— Жа айёрсиз-да, ака, айёрсиз!.. — тиржайиб Гоганинг билагидан ушлади Вано. — Сидақасини ҳали кўрмаганман.
— Ялтоқланишни бас қил! Ундан кўра, айт, қўлингдан келадими шу иш?
— Бўлмаса-чи?.. Мана кўрасиз, эртага эрталаб Таня деганлари бирданига жиннихонага тушиб қолади…
— Маладес, ўғил бола!.. Қани, шаробдан қуй, жиннихона учун ичайлик!
* * *
Олис юртларнинг кузи ҳам Ўзбекистоннинг қишидан баттар. Изғирин нақ одамнинг бурнини узиб кетгудек изиллайверади…
Дастлабки пайтларда бу тахлит об-ҳавога кўника олмаган Йўлдош энди-энди қалин кийинишни бас қилиб, оддий чарм костюмда юришга ўрганганди. Лекин бугунги ҳаво… Яқин орада қор ёғишидан дарак бераётгандек эди…
Йўлдош машинадан тушгач, шошилинч Рустамни ичкарига ундади.
— Юр, тезроқ ичкарига кириб олмасак, қотиб қоламан!..
Рустам унинг шоҳона уйини, айниқса, дарвозадаги, икки ёнидаги, ҳовлидаги хизматга шай турган барваста йигитларни кўриб ҳеч нарсага тушуна олмасди.
— «Оддий милитсионер шунча бойликка, ҳурматга қандай эга бўлиши мумкин? — ўзига ўзи савол берарди у. — Наҳотки, ўзимизнинг Йўлдош шу даражага етган бўлса?.. Лекин қандай қилиб?.. Қизиқ… Нега уни Ринад деб чақиришаяпти?.. Мен Йўлдош десам ҳам жавоб бераяпти-ку!.. Ҳеч нарсага тушунмадим. Нималар бўлаяпти ўзи?..»
— Сен ўртоқ кейинчалик ҳаммасини билиб оласан. — Рустамнинг ҳайрон бўлаётганини сездими, тинчлантирган бўлди Йўлдош. — Ҳозир бу шаҳардаги ҳокимият фақат менинг қўлимда. Нима десам, нима хоҳласам, шу бўлади. Шундай экан, ўзингни эркин тутавер!..
Хизматчи йигитлар кўз очиб юмгунча зиёфатнинг каттасини уюштиришди.
Рустам балки, Йўлдошнинг сўнгги гапларига ишонмаган бўларди. Бироқ дастурхонда асосан ўзбек таомларини, айниқса, Самарқанд патирларини кўриб тан берди.
Демак, Йўлдош мафиянинг каттаси!..
Шу хаёл миясидан ўтгани ҳамоно, ҳушёр тортди. Ва ичида дўсти билан фахрлана бошлади.
Ахир, бегона юртларга келиб бу қадар юксакларга чиқиб олиш осонми?..
— Сен бугундан эътиборан менинг ўнг қўлим бўласан. — арман коняклари қуйилган қадаҳни Рустамнинг қўлига тутаркан, мақсадга ўтди Йўлдош. — Иккаламиз шундай ишлар қилайликки… Тўғриси, менам фаришта эмасман. Айлана атрофим душманларга тўла. Улар билан баравар олишишга бир ўзим ожизлик қиламан. Сен ёнимда бўлсанг, ҳарқалай, далда бўлар дейман-да!..
— Сенинг қўлтиғингга кирганим бўлсин! — деди кулиб Рустам. — Бунақанги ишларни милитсияда кўп кўрганман мен ҳам. Қўлимдан келганича хизмат қиламан, дўстим!.. Аммо… Иш масаласи нима бўларкин?.. Нима бўлгандаям, тирикчилик ёмон эмасди.
— Э, қўйсанг-чи ўша ишингни!.. Буерда сен юз баравар кўп пул топасан, Рустам!.. Пул, ахир, қўлнинг кири. Бугун ювиб ташласак, эртага яна ёпишаверади… — Йўлдош Рустамнингелкасига қўлини қўйди. — Энди эшит. Семен деган баччағар сенгача ёрдамчилик қилиб юрганди менга. Кутилмаганда сотқинлик қип қўйди. Ўша билан эртагаёқ шуғулланасан!.. Мен…
— Ринад ака!.. — Йўлдошнинг гапи оғзида қолди. Эшикни зарб билан очиб рўпараларида Латта пайдо бўлди.
— Нима гап? — ўрнидан қўзғолмай сўради Йўлдош. — Бирор гапинг бормиди менда?..
— Семенни ўлдириб кетишибди!
— Нима?.. Ким?
— Гоганинг одамлари дейишаяпти. Ҳозиргина дўконингизга майда-чуйда ташийдиган Иван кўрибди. Гоганинг йигитлари уни ўрмон ичкарисига олиб кириб кетишгандан кейин беш дақиқа ҳам ўтмай, ўқ овози эшитилибди. Улар кетгандан сўнг секин кириб қараса, ўт-ўланлар орасида Семен қонига беланиб ётганмиш.
— Хўш, суюнчи берайми? — совуқ кулиб қўйди Йўлдош. — Намунча рангинг оқариб кетмаса? Ё ачинаяпсанми ўша сотқинга? Ўлдиришган бўлса, боплашибди. Демак, Гога ҳақиқий эркаклик қипти. Ма, конякдан ич, ўзингга келасан!..
Йўлдош коняк қуйиб Латтага узатди-да, ўзи Рустамга юзланди.
— Юр, ҳозироқ Гоганинг олдига борамиз!
— Ким ўзи у?
— Э, бир аҳмоқ грузин. Биз билан рақобат қилмоқчи…
— Латта, негадир Таня бугун кўринмадими? — ташқарига чиқишгач, сўради Йўлдош. — Қўнғироқ қилиб кўр-чи!
— Аниқладим-ку, лекин…
— Нима лекин?
— Таня жиннихонага тушиб қолганмиш.
— Жиннихонага?.. — бирдан Йўлдошнинг қошлари чимирилиб Латтага яқин борди. — Ким айтди бу гапни сенга?
— Уйига қўнғироқ қилгандим. Онаси гўшакни кўтарди. Айтишича, қандайдир оқ халатли эркаклар бостириб киришганмиш-да, оёқ-қўлини бойлаб олиб кетишганмиш. Сўраса, «Қизингиз руҳий касал, жиннихонага ётқизмаса бўлмайди. Буйруқ шундай» деб жавоб қилишганмиш.
— Оббо итлар-ей!.. Шунақами? Бу Гоганинг иши бўлмасин тағин… Майли, кетдик, ўша ерда аниқлаймиз!..
Машиналар ўқдай учганча Гоганинг дала ҳовлисига яқинлашиб кела бошлади.
— Шу ерда тўхтат! — ҳайдовчига буюрди Йўлдош дала ҳовлига икки юз метрлар қолганда. — Олдиндаги машинага хабар бер, грузинни шу ерга чақириб келсин!
— Хўп бўлади, босс!..
Рустам эса, ҳайрон бўлиб Йўлдошга тикилди.
— Нега? Тўғри кириб бораверсак бўлмасмиди?
— Э, дўстим, буларнинг ўйинини билмайсан. Тўғри кириб борсак-у, бу итлар милтиғини ўқлаб тайёр турган бўлса, ғафлатда қоламиз. Бўлган шундай воқеалар. Буерда бўлса, қай аҳволда келаётганини бемалол кўриб турамиз…
Орадан ўн-ўн беш дақиқалар ўтгач, узоқдан Гоганинг қора «Мерседес»и кўринди.
— Ана, кўрдингми?! — имлади Йўлдош. — Мана шу нусха Гога деганлари бўлади. Жуда айёр ҳисоблайди-ку ўзини, аммо ғирт латта. Ҳеч нарсани қойиллата олмайди. Қовун тушириб қўяверади ҳар сафар.
— О, дўстим! — машина келиб Йўлдошнинг яқинида тўхтагач, Гога туша солиб унга қучоғини очди. — Ишонсанг, сени жуда соғингандим! Кел, бир бағримга босай!..
Йўлдош ўзини ҳийла четга олди. Шу тобда грузин билан қучоқ очиб кўришишни сира истамасди.
— Ундан кўра, айт, Семенни нега ўлдирдинг? — сўради у ҳамон чўнтакдан қўлини чиқармай. — Таня нега жиннихонага тушиб қолди?..
— Бу нима деганинг, Ринад? — қўллари ҳавода муаллақ қолиб аччиқлана бошлаган Гога таққа тўхтади. — Қайси Семен?.. Мен танийманми ўзи уни?..
— Жуда яхши танийсан. Икковлашиб айш қилганларингга кўп бўлгани йўқ.
— Ҳа-а, анави мишиқини айтаяпсанми? — қўл силтаб қўйди Гога. — Ўшанинг оти Семенмиди? Вей, хафа бўлмагин-у, лекин сендай ақлли, ишбилармон йигит қаёқдаги чувриндиларни ишлатиб юрганингга ҳайронман.
— Тушунтириброқ гапир!
— Ўша мишиқи олдимга келиб устингдан арз қилганини биласанми? Билмайсан. Ринадни ўлдирмоқчиман, ёрдам беринг! Деявериб ҳол-жонимга қўймади аблаҳ! Тўғриси, дўстимсан. Жуда жаҳлим чиқди. Мана сенга ўлдириш дедим-у, ўзини… Ҳалигидай… Сен мендан хафа бўлма! Мен ҳеч қачон дўстларга хиёнат қилмайман.
— Шунақа дегин? — Гогага маъноли боқиб сўрашда давом этди Йўлдош. — Унда Таняни нима учун жиннихонага тиқдинг?..
— Буниси энди ортиқча. Мен унақанги майда-чуйда ишлар билан шуғулланмайман.
— Ўзингни айёрликка солмай қўяқол!.. Барибир айёрликни эплаёлмайсан. Сен шу йўл билан мени синдирмоқчи бўлгансан. Бироқ эсингда бўлсин, мен қаёқдаги аёлни деб сочини юладиганлардан эмасман. Сен шуни билмай туриб ўзингча иш тутибсанми, билиб қўй, ҳар бир жабр кўрган одамларим учун сенинг иккитадан йигитинг ер тишлайди. Бунга мен ваъда бераман… Агар кўнгилсизлик юз беришини истамасанг, ҳозироқ буюр, қизни жойига қайтаришсин! Мен узоқ кутишни ёмон кўраман. Қани, кетдик, йигитлар!..
Гога Йўлдошга тегишли машиналар узоқлашиб кетгандан кейин ҳам анча вақтгача бирерда муаллақ туриб қолди…
Турди, турди… Охири беихтиёр бошини кўтариб қўлларини мушт қилиб олдинга чўзганча машиналар ортидан қичқирди:
— Мана сенга!.. Ҳали шошмай тур, шундай тўрга илинтирайки сен ўзбакни!..
* * *
«Кўрмаганнинг кўргани қурсин» экан.
Йўлда машиналарни тўхтатиб кун кўриб юрган Рустам бирданига катта имкониятлар, бойликлар оғушида қолишини тушида ҳам кўрмаган эканми, ҳовлиқиб қолди. Аввал қаради. Йўлдош унга ўзига ишонгандай ишонади. Қўл остида бир гуруҳ йигитлар. Ҳар бири девдай-девдай бўлса-да, бир оғиз сўзини икки қилишмайди. Доимо хизматга шай. Қолаверса, Рустам учун пул томон бошлаб борадиган барча йўллар очиқ. Ахир, бир милитсионерга бундан ортиқ бахт борми!..
— Бир пайтлар ювошгина бўлиб юрарди. — кабинетида ўтириб ўйларди Рустам. — Бирор ишни қойиллатганиниям эслай олмайман. Таниш-билишининг ҳам тайини йўқ эди. Энди бўлса, шаҳар сўраб ўтирибди. Вой ярамас-ей, қандай қилиб бу нарсаларга эришдийкин?.. Ким ёрдам бердийкин?.. Шундай полковник тоғам ҳам мафияга аралаша олмаган бўларди… Йў-ўқ, буерда бир гап бор… Тўхта, нега энди шундай имкониятдан фойдаланиб қолмаслигим керак?.. Унда бор нафс менда йўқми? Э, жа берса, қанча берарди? Қўл билан берганга қуш тўймайди барибир. Ўзим ҳам ҳаракат қилишим керакка ўхшайди. Ё анави грузинни ишга солсаммикан? Ҳарқалай, иккови ёвлашган экан. Қолаверса, пул ҳеч қачон ортиқчалик қилмаслигини бу мафиячилар жа яхши билишади…
Ҳа, худди шундай қиламан. Ҳозир секин бораман-да, грузиндан гап олиб кўраман. Мабодо келишиб қолсак, марра меники. Омадим кулса, Йўлдошни ўйиндан чиқариб, барча бойликларига ўзим эга чиқарман. Ишқилиб, шарманда қилмагин-да, Худойим!..
Рустам даст ўрнидан турди-да, деразадан ташқарига қаради. Шомга яқинлашиб қолибди. Шошилмаса бўлмайди. Йўлдош қаёққадир иш билан кетганди. Ҳали замон келиб қолиши тайин.
— Ҳой Латта! — деразанинг бир қанотини очиб дарвозахонада ким биландир гаплашиб турган барваста йигитни чақирди Рустам.
— Лаббай!
— Машина тайёрлаб қўй, мен шошилинч бир жойга бориб келишим керак!
— Машина тайёр, шеф! — жавоб қилди Латта. — Соқчи ҳам оласизми?
— Ҳа, Барвастани айт, тўппончасини олиб машинага ўтирсин!..
Рустам эгнига Йўлдош совға қилган қимматбаҳо костюмни кийиб, ички чўнтагига наганни жойлади-да, йўл-йўлакай ўзича юзига фотиҳа тортиб ҳовлига чиқди.
Бу пайтда Таня рўпара хонада ўтирганча нималарнидир ҳисоб-китоб қилиш билан банд эди. Рустамнинг шошилинч чиқиб кетганидан негадир шубҳаланиб ҳовлига чиқди. Дарвоза олдида Латта бамайлахотир қаҳва ичиб турарди.
— Рустам қаерга кетди? — турган ерида сўради Таня.
— Билмадим. Менгаям ҳеч нарса демай жўнаб кетди.
— Сиз дарҳол орқасидан тушишингиз лозим. Агар бирор кор-ҳол бўлса, Ринад ҳаммамизни жазолайди.
— Ахир… — Латта бош қаший-қаший Таняга боқди. — Қандай бўларкин? Нима бўлгандаям аканинг яқин дўсти…
— Бизнинг ишда ҳушёрлик кераклигини мендан яхши биласиз-ку!.. Илтимос, орқасидан кузатиб боринг! Ҳали замон Ринад келиб қолади…
— Хўп, ҳозироқ тушаман ортидан!..
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ