ҚАЙДАСАН, ВОДОКАНАЛ? БИЗГА СУВ БЕР! КАРАНТИНДА ЖУВОНМАРГ ҚИЛМА!!!
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович МИРЗИЁЕВГА
Тошкент вилояти, Қибрай тумани, УЗНИИЖ кўча, “Қизил Шалола” маҳалласидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолидан
ОЧИҚ ХАТ
Ҳурматли президент! Биз юқорида кўрсатилган манзилдаги кўп қаватли уйларда яшовчилар шуни маълум қиламизки, уйларимизда анча вақтлардан бери ичимлик суви асосий муаммога айланиб қолган. Бизларга водоканалдагилар фильтрланмаган лойқа сувни бериши етмай, бир неча ойлардан бери ўша лойқа сувга ҳам зормиз. Квартиралардаги сув ўтадиган трубалар чийиллашдан нарига ўтмайди. Карантин шароитида сувсизлик ёшу қарини ҳолдан тойдирмоқда. Канализация трубалари чириб битган. Ёрилиб кетиши туфайли барча ифлос суюқлик ташқарига чиқиб кетган. Ташқарида нафас олишнинг имкони йўқ. Тоза ҳаво ўрнини бадбўй канализация трубаларидан чиққан суюқлик ҳиди эгаллаб бўлган. Асосий сув ўтиб, квартираларга келадиган трубалар ҳам кетма-кет ёрилиб, бизга мўлжалланган сув кўчалар, ҳовлиларга тўлиб қолган. Биз кўп маротаба маҳаллий ҳокимият вакиллари, водоканал мутасаддиларига ёрдам сўраб таваллолар қилдик. Ялиндик, ёлвордик. Афсуски, водоканалдагиларнинг парвойи фалак. Ҳокимиятдагилар бепарво. Сувчиларнинг айтишича, канализация ва сув ўтувчи трубалар уларнинг балансига кирмасмиш. Бу иш билан ЖЭК шуғулланармиш. Бизда эса ЖЭКнинг ўзи йўқ. Уйларимиз қурилганига 60 йилдан ошгани, подвалсиз, икки қаватдан қилиб қурилгани, захлаб бир аҳволга келиб қолгани учунми Қибрай ҳокимиятидагилар бизнинг томонга қараб қўйишга-да жирканишади. Улар янги уйларда, ҳовлиларда яшовчилар ҳамда бизларни икки табақага ажратиб олишган. Биз қуйи табақага ажратилган эканмиз. Шунга қараб муомала қилишади. Муаммоларимизга кўз юмишади, арз-додимизни эшитишни ҳам исташмайди.
Сиздан илтимос, бизларга ёрдам беринг! Ҳозирги карантин шароитида, айниқса, ичимлик сувга, канализация трубалари ёрилиши туфайли тоза ҳавога жуда зормиз, саргардонмиз. Биз ҳам бошқалар каби тоза ҳаводан баҳра олишни, фильтрланган ичимлик сувига эга бўлишни жуда-жуда орзу қиламиз.
Сизга ҳурмат билан:
Қибрай туманидаги Қизил Шалола маҳалласининг кўп қаватли уйларида яшовчи фуқароларингиз.