Хитой COVID-19 келиб чиқишни ўрганмоқчи бўлган ЖССТ ходимларини мамлакатга киритмади
Хитой расмийлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 келиб чиқишини ўрганиш бўйича комиссияси ходимларини мамлакатга киритгани йўқ. Бу ҳақда 5 январь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилган ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус мазкур қарордан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.
ЖССТ экспертлари гуруҳи январь ойи бошида 2019 йили коронавирус келиб чиқиши сабабларини ўрганиш учун Хитойнинг Ухань шаҳрига бориши лозим эди. Халқаро ташкилот вакили 16 декабрь куни Пекин бу ташрифни маъқуллагани ҳақида билдирган.
Экспертлар сафарга отланганларидан кейин уларнинг ишлаши учун барча зарур рухсатномалар берилмагани аниқланган. ЖССТ раҳбарига кўра, унга Хитой расмийлари бу муаммони ҳал қилиш учун ички процедураларни тезлатаётганларини айтганлар.
Коронавирус тарқалиши 2019 йил охирларида Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган. Дунёдаги кўплаб мамлакатлар Хитой расмийларини хасталик тарқалишининг илк босқичида бу ҳақда жим туришни маъқул кўрганлик ҳамда касаллик ва ўлим статистикасидаги кўрсаткичларни пасайтириб кўрсатганликда айблаб келадилар. Пекин эса бу айбловларни рад этишда давом этмоқда.
Хитой расмийларига кўра, касаллик ўчоғи коронавирус ташувчиси бўлган кўршапалаклар сотиладиган маҳаллий бозор бўлган. Бироқ вирус лабораториядан чиққанига оид гипотеза ҳам бор. Уханда коронавирусни тадқиқ қилувчи дунёдаги энг йирик марказлардан бири фаолият кўрсатади.
Гипотеза тарафдорлари тахминича, COVID-19 тарқалиши лабораториядан бошланган бўлиши мумкин. Бу вируснинг сунъий равишда яратилганини англатмайди, у табиий муҳитда пайдо бўлган ва хитойлик олимлар томонидан ўрганилаётган бўлиши мумкин.
Декабрь ойи охирида Associated Press агентлиги Хитой ҳукумати COVID-19 келиб чиқишига оид тадқиқотларни махфийлаштириб қўйгани ҳақида хабар қилган. Иддаога кўра, коронавирус ташувчиси бўлган кўршапалаклар яшайдиган жой ташриф учун ёпиб қўйилган. Айни пайтда Хитой ҳукумати вирус мамлакат ташқарисида пайдо бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари суришга уринмоқда, деб ёзган агентлик.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони пандемия бошидан бери қарийб 86,5 миллион нафарга, қурбонлар сони эса 1,9 миллион нафарга етган.