Қозоғистонда бўлиб ўтган парламент сайловида ҳукмрон партия 71 фоиздан кўпроқ овоз олди
Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси 11 январь куни парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди.
МСК маълумотига кўра, Назарбоев етакчилик қилган “Нур Ўтан” партияси учун 71,09 фоиз, ҳокимиятга яқин Қозоғистон Халқ партияси учун 9,1 фоиз, “Ақ жўл” партияси 10, 95 фоиз, “Ауил” партияси 5,29 фоиз, “Адал” партияси учун эса 3,57 фоиз сайловчи овоз берган.
Парламентга ўтишга имкон берувчи 7 фоизли тўсиқдан “Нур Ўтан”, “Ақ жўл” ва Қозоғистон Халқ партиясигина (ҚХП) ўтган, бу эса парламентнинг партиявий таркиби аввалдаги каби қолишини англатади.
Ҳокимиятга яқин бўлган “Ақ жўл” ва ҚХП амалдаги парламентга ҳам кирган эди ва бу чақириқда ҳам “Нур Ўтан”чилар кўпчиликни ташкил қиларди.
Парламент сайловининг якуний натижалари, МСК мулозимларига кўра, ҳудудий сайлов комиссияларидан барча баённомаларнинг асл нусхаси келиб тушганидан кейин эълон қилинади.
Қозоғистонда 10 январь куни парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов бўлиб ўтди. Бу мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоевнинг 2019 йилдаги истеъфосидан кейин бўлиб ўтган илк парламент сайловидир. Назарбоев ҳали ҳам Қозоғистон сиёсий майдонида ҳукмрон позицияни сақлаб келаётган “Нур Ўтан” партиясининг раҳбаридир.
Якшанба кунги сайловда бирорта ҳам мухолифат партияси иштирок этгани йўқ. Фуқаролик жамиятининг кўплаб фаоллари ва сиёсатшунослар мазкур сайловларни рақобатсиз ва адолатсиз сайлов ўлароқ баҳолаган. Кечаги сайлов чоғида турли қонунбузарликлар кузатилгани ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Мустақил кузатувчилар турли баҳоналар билан сайлов участкасига қўйилмагани, айрим участкалардаги кузатув камералари объективи турли ашёлар билан ёпиб қўйилгани шулар жумласидандир.
Мухолифатдаги бир неча гуруҳ ўз тарафдорларини овоз бериш куни норозилик акциясига чиқишга чақирган. Сайлов арафасида фаоллар қўлга олиниши ортидан полиция овоз бериш куни бутун мамлакат бўйлаб ўнлаган норозини қўлга олиб, одамларга босим ўтказишда давом этган.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари Аристангани Заппаров якшанба оқшомида ўтказилган брифингда овоз бериш кунида намойишчилар тутиб кетилганига изоҳ бера туриб, қўлга олинганларнинг барчаси бирор айблов билдирилмай қўйиб юборилганини маълум қилган. У мамлакат бўйлаб қанча одам қўлга олинганига оид саволни эътиборсиз қолдирган. Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, парламент сайлови куни Қозоғистоннинг тўққиз шаҳрида юзга яқин намойишчи тутиб кетилган.
Қозоғистонда ўтказилган сайловларнинг ҳеч бири нуфузли халқаро кузатувчилар томонидан эркин ва ҳалол сайлов ўлароқ тан олинган эмас. Бу кузатувчилар сайловларда мухолифатга нисбатан ўтказилган босим ва сохталаштиришларга айниқса кўп урғу берганлар.