Помпео: Сўз эркинлиги ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ
АҚШ Давлат котиби Майк Помпео сўз эркинлиги дунё учун ҳануз муҳим эканини таъкидлади. Бу ҳақда у “Америка Овози”нинг Вашингтондаги идорасига қилган ташрифи чоғида гапирди.
Помпео “Америка Овози”нинг демократия ва эркинликни тарғиб қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш йўлида амалга ошираётган ишларини олқишлаб, дунё ҳозир сизнинг эркинлик учун чақириғингизга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ муҳтож, деди.
Давлат котиби Хитой, Эрон каби режимларнинг сўз эркинлиги ва озодликка қарши шафқатсиз зуғум ўтказишда давом этаётганини кескин қоралади.
“Америка дунёдаги энг буюк давлат эканини эфирга олиб чиқиш сохта хабар эмас, – деди Помпео. – Сизнинг вазифангиз Пекин ва Теҳрондаги авторитар режимларга минбар бериш эмас, балки демократия, эркинлик ва Америка қадриятларини дунё бўйлаб тарғиб қилишдир”.
У, шунингдек, “Америка Овози” ва бошқа бир қатор оммавий ахборот воситаларини ўз ичига олувчи АҚШ Глобал медиа агентлигини ўз миссиясидан оғишмасликка, Американи ёмонотлиқ қиладиган хабарларни эмас, балки Америка қадриятларини кўпроқ ёритишга чақирди.
Помпео сўнгги йилларда ходимларни ишга ёллашда хавфсизлик текширувлари етарли даражада ва тўғри олиб борилмаганини ҳам қайд этиб, янги раҳбарият шу каби муаммоларни ҳал қилишга киришганини таъкидлади.
Трамп маъмурияти жамоаси билан биз “Америка Овози”ни ҳақиқат йўлидаги миссиясига қайтаришга, холис ишлашга ва ўз вазифасини бажаришда сиёсийлашишдан узоқлаштиришга ҳаракат қиляпмиз, дея қўшимча қилди Помпео.
“Ҳар ҳафта дунё бўйлаб 270 миллион одам 47 тилда “Америка Овози”ни тинглайди. Режим кишанларидан халос бўлишни хоҳлайдиган эронликлар, Россия дезинформацияси ва пропагандасини эмас, ҳақиқатни эшитишни хоҳлайдиган молдованлар, украиналиклар; 1949-йилдан бери шафқатсиз режимдан чарчаган хитойликлар; коррупцияга ботган Мадуро режими ҳақида ҳақиқатни билишни хоҳловчи венесуэлаликлар ҳануз умид билан Америкага қараб турибди”, - деди АҚШ Давлат котиби.
Помпео Ҳонконгдаги намойишларни ёритган журналистларни, “Озодлик” радиосининг уйғур хизматини алоҳида тилга олиб, уларнинг жасорат билан амалга ошираётган ишларини олқишлади.
Ўз нутқининг сўнгида Помпео “Америка Овози” журналистларини ўз миссияларини унутмасликка чақирди.
“Америка дунёга ҳақиқатни етказиши уларга ёруғлик олиб кириши билан баробар. Шуни унутманг. Сизнинг қиладиган ишингиз шу”, - деди у.