Ислом цивилизацияси маркази – илмий, дунёвий, замонавий марказ бўлади – Мирзиёев
Президентнинг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи доирасида илмий-тарихий асосда ишлаб чиқилган концепция тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 29 январь куни Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Қайд қилинишича, марказ биноси лойиҳаси, ички ва ташқи дизайни, музей экспозициялари мазмуни бўйича дунёнинг етук олимлари, исломшунос ва санъатшунослари билан фикрлашилган бўлиб, шу асосида илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилган.
Ташриф чоғида ушбу концепциянинг тақдимоти ўтказилди.
- Бугун бу ерга келишимдан мақсад - муқаддас динимизнинг эзгулик, инсонпарварлик дини эканини, маънавиятга, илмга ундашини, ота-боболаримиз бунга беқиёс ҳисса қўшганини тасдиқловчи илмий натижаларни кўриш ва янги тадқиқотларга замин яратиш. Ҳозир маҳобатли бино қуриш осон бўлиб қолди. Мана, боболаримизга муносиб бино қурдик. Энди боболаримизга муносиб илмий муҳит яратишимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бу ёш авлодда ғурур, ғайрат уйғотиб, янги тараққиёт даврига ундаши қайд этилди.
- Кўпчилик ўйлайди: нима учун президент иккита Ренессансни эслади, деб. Бу - ғоя, келажакдаги мақсадимиз. Мамлакатимиз интилаётган марралар учун тарихимиздан руҳий куч олишимиз керак-ку! Бу марказ Учинчи Ренессанс пойдеворидан бири бўлишига умид қиламиз. Чунки у илмий, дунёвий, замонавий марказ бўлади, - деди давлат раҳбари.
Марказ экспозициялари бўйича халқимиз фикрини ҳам ўрганиш, шу мақсадда танлов эълон қилиб, энг яхши ғоя ва таклифларни акс эттириш зарурлиги таъкидланди.
- Юртимиз заминидан жуда кўп олимлар, муҳаддислар, авлиёлар етишиб чиққан, уларнинг мероси ундан ҳам кўп. Лекин тан олиш керак, бу катта манбани чуқур ўрганмадик. Шунинг учун бу марказ қандай буюк эллигимизни яна бир бор илмий асослаб, халқчил тушунтириб берадиган бўлиши керак. Бу ерда миллий ғоя жўш уриб туриши зарур. Марказга келган одамларда, ёшларимизда руҳий куч, руҳий ишонч пайдо бўлиши керак, - дея таъкидлади Президент.
UNESCO, ISESCO каби халқаро ташкилотлар, илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
- Ўзи бугун дунёда математика, физика, геометрия, астрономия, тиббиёт каби фундаментал соҳаларда қўлланилаётган қоидалар, формулалар аллома боболаримиз кашфиётларига асосланган. Ўрта асрлардаги биринчи манбаларда боболаримизнинг номига ҳаволалар берилган. Лекин кейингиларида йўқолиб кетган, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис биринчи манбаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтига қўшимча маблағ, тадқиқотчиларга грантлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.