Давлат инспекцияси мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун 800 мингдан зиёд варақа тарқатди
![Давлат инспекцияси мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун 800 мингдан зиёд варақа тарқатди](https://gdb.rferl.org/F2FFE17F-8231-4C3F-A8A3-33F1E7762778_w800_h450.jpg)
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун барча туман ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум жойларда “Ҳар бир меҳнат ихтиёрий, мажбурий меҳнатга йўқ дейиш сизнинг ҳуқуқингиздир” шиори остида 800 дан ортиқ баннер ўрнатилиб, 800 мингдан зиёд варақа (флаер) тарқатилган. Бу рақам Бандлик ва меҳнат вазирлиги қошидаги Давлат меҳнат инспекцияси (ДМИ) ҳисоботида келтирилган.
ДМИ маълумотига кўра, 2021 йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида инспекция ишчи гуруҳлари томонидан республиканинг барча туманларидаги 13 мингга яқин ташкилот, фермер ҳўжаликлари ҳамда пахта далаларида ўрганишлар олиб борилган.
Пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 128 та мурожаат келиб тушганинини қайд этган Давлат меҳнат инспекцияси ўтказилмиш мониторинг ва мурожаатларни ўрганиш натижасида меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 65 нафар мансабдор шахсга жами 198 миллион 450 минг сўм миқдорида маъмурий жарима тайинланганини билдирган.
Шунингдек, жорий йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилган, битта ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судга киритилган.
Бундан ташқари, 21 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмагани, 25 та ҳолатда меҳнат шароити яратилмагани, 14 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўланмагани фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан 48 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатма киритилган.
Давлат меҳнат инспекцияси пахта мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароити яратилиши бўйича нафақат ўзи, балки Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоатчилик асосида Миллий мониторинг, сенаторлар, депутатлар, журналист ва блогерлардан иборат ишчи гуруҳлар, шунингдек Халқаро Меҳнат Ташкилотининг учинчи томон мониторинги олиб борилаётганини эслатган.