Мирзиёев Ашхободда туркманистонлик ҳамкасби Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободда туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди
Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига борди.
Бу жаноб Мирзиёевнинг октябрь ойида президентликка қайта сайланганидан буёнги учинчи хорижий сафари.
Бундан олдин у Туркия ва Россияга сафар қилган.
Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги хабарига кўра, Мирзиёев Туркманистон раҳбари билан икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.
Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда қўшилган.
Тадбир кун тартибидан савдо, инвестициялар, "яшил" иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.