Туркиядан бошпана топган туркман ватандошлари собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовни судга берди
Туркиядан бошпана топган Туркманистон ватандошлари собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва ҳукуматнинг қатор амалдорлари устидан судга шикоят аризаси киритди. Улар собиқ президентни ва амалдорларни инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузишда айбламоқда.
Туркман ватандошлари гуруҳининг адвокати Гулден Сўнмез интернетда эълон қилган видеосида ариза 21 июнь куни Истанбул судига топширилганини маълум қилди.
Бердимуҳамедов билан бир қаторда, судга киритилган аризада Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва ички ишлар вазири Муҳаммад Хидиров ҳам қайд этилган.
Адвокат Сўнмезнинг айтишича, туркманлар гуруҳи бу амалдорларни инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузишда, жумладан, “ноқонуний равишда қамоққа олиш, суд ҳукмисиз қатл қилиш, қамоқларда қийноқларга солиш”да айбламоқда.
“Биз аризага Туркманистондаги қамоқларда ҳалок бўлган, туркман ҳукумати томонидан турли таъқибларга учраган шахсларга оид кўплаб фотосуратлар, ҳужжатлар ва исм-шарифларни илова қилдик. Бундан ташқари Туркияда яшаб, Туркманистоннинг консулхоналаридан паспорт, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ гувоҳномасини ололмаётган шахсларнинг аризалари ҳам илова қилинган”,- деди адовкат.