Қирғизистон президенти Озодликда чиққан хабарга муносабат билдирди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Озодлик радиоси сайтида чоп қилинган “Хитой Фарғонага "Кампиробод"дан тоза ичимлик суви олиб келинишини молиялаштирмоқчи” сарлавҳали хабарга муносабат билдирди.
26 сентябрь куни Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида Жапаров аввал Кампиробод сув омборининг 100 фоизи Ўзбекистон тасарруфида бўлганини, ўтган йили чегара муаммоси билан бирга сув омбори муаммоси ҳам ҳал этилганини, Қирғизистон ва Ўзбекистон эндиликда бу объектни тенг шартларда бошқаришини айтган.
Жапаровга кўра, Қирғизистон Кампиробод сувларининг атиги 10 фоизини ишлатади, қолгани Ўзбекистонга кетади.
"Энди энг муҳим саволга эътиборни қаратмоқчиман. Ўзбекистон томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга кетаётган сувни қандай қилиб олишининг бизга қандай фарқи бор? Сув қувур, ариқ ёки ҳаво орқали кетмайдими, бизга нима. Муҳими, эндиликда ҳар бир ҳаракат томонлар ўртасида келишилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бундан буён қирғиз-ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Худодан бошқа ҳеч ким бизнинг дўстона ришталаримизни бузолмайди”, — деган Жапаров интервьюда.
Озодлик радиоси 22 сентябрда Хитойнинг “SINOMASH” холдинги “Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳасини амалга оширмоқчи экани тўғрисида Фарғона вилоят ҳокимиятига таянган ҳолда хабар берган эди. 24 сентябрда бу хабарниҚирғизистондаги қатор нашрлар Озодликка ишорат берган ҳолда қайта чоп қилишган.
Хабарда айтилишича, “SINOMASH” билан бу борада дастлабки келишувларга эришилди. Бундан ташқари ширкат вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ишларини ҳам амалга оширади.
“Ушбу лойиҳаларга Хитой молия муассасалари томонидан камида 20 йил муддатга 300 миллион долларгача миқдорда ёки эквалентида долларда йиллик 3 фоизгача бўлган кредит ажратиш бўйича дастлабки келишувга эришилди”, дейилади хабарда.
2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат чегарасидаги Кампиробод сув омборини ҳамкорликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилган эди.
Шартномага асосан Кампиробод сув омбори эгаллаган 4485 гектар ер Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олинган. Қирғизистон ҳукумати бунинг эвазига Ўзбекистондан 19 минг гектар ер олинганини билдирган.
Бироқ Қирғизистонда бу шартнома норозиликларга сабаб бўлган ва айрим сиёсатчилар томонидан “қирғиз ерларини Ўзбекистонга бериб юбориш” сифатида талқин қилинган. Шу фонда мамлакатда "Кампиробод иши" деб номланган жиноят иши очилиб, 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинган.
Фарғона вилоят ҳокимлиги хабарида таъкидланишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Хитойга амалий ташрифи доирасида умумий қиймати 1,37 миллиард доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланган.