Мирзиёев Бокуда Алиев билан музокара ўтказди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябрда Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.
Расман билдирилишича, музокарада йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 34 фоизга ошгани қайд этилди.
Бундан ташқари автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани, транспорт ва логистика соҳасида истиқболли лойиҳалар тайёрланаётгани таъкидланди.
“Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади расмий хабарда.
Мирзиёев Бокуга 23 ноябрда БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этиш учун борган эди. СПЕКА саммити 24 ноябрда ўтказилади.
Саммитда СПЕКА доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Мақсадли фонд ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш, ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш ва бошқа масалалар муҳокама этилади.
СПЕКА дастури 1998 йил 26 март куни Тошкент декларациясига мувофиқ минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда уларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида таъсис этилган. Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мазкур дастурнинг иштирокчилари ҳисобланади.