Пискентнинг аҳоли гавжум ҳудудида бўрилар кезиб юргани маълум бўлди
0
Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокимлиги тумандаги қишлоқларнинг бирида бўрилар кезиб юргани юзасидан маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги Қирққизобод қишлоғида оч бўрилар кезиб юргани ҳақида видеомурожаат тарқалди.
Қайд этилишича, Қирққизобод қишлоғи тоғли ҳудудда жойлашгани боис ҳар қишда, айниқса, тоғларга қор тушганда, аҳоли яшайдиган жойларга ёввойи ҳайвонлар, жумладан, бўрилар кириб келади.
«Бугун эрта тонгдан бошлаб ёввойи ҳайвонларни тутувчи махсус гуруҳ ҳудудга жалб этилди. Ҳозирда бўриларни қидириш ва уларни зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қўлга олинган бўриларни ҳайвонот боғига жўнатиш режалаштирилган, у ерда уларнинг табиий яшаш жойларига яқин шароитлар яратилади. Шу кунгача маҳаллий аҳолига ҳеч қандай зарар етмаган.
Жорий йилнинг июл ойида Самарқанд вилояти Ургут туманида қўнғир айиқлар чорвага ҳужум қилиб, 4 эчкини еб қўйгани тўғрисида хабар берилганди. Декабр ўрталарида эса Сурхондарёда кўчада йўлбарс юргани айтилган хабарлар тарқалди. Кейинроқ вилоят Экология бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа аслида Россиянинг Кемерова шаҳри яқинида тасвирга олинганини маълум қилди.