Ботир Қодиров Жўраевлар оиласига нима деб мурожаат қилди?
0
— Зоҳиршоҳ Жўраев, Шоҳжаҳон Жўраев ва Гулнора Жўраева, бу Жўраевлар оиласига тегишли видео. “Овоз” лойиҳасининг финал босқичи иштирокчиси Қодирхон Шерали Жўраевнинг “Атиргулим” қўшиғини ижро этганди. Ўша видео “Зўр TV” телеканалининг YouTube каналига қўйилган эди. Сизлар ушбу видеони блоклатибсизлар.
Бундан олдинги чиққан “Бандаман” қўшиғини айтган учта болачани ҳам блоклатгандинглар. Бу болаларда нима айб, айтинглар, нима айб? Нима учун, Жўраевлар, бу болаларни блок қиласизлар, нима учун? Нима бўлади булар қўшиқларини айтса? Бутун халқимиз севиб тинглаб, мазза қилиб дам олишяпти. Нима учун бу ишларни қиляпсизлар, нима учун болаларга ҳам тақиқ қўйяпсизлар?
Менга шунча йил тақиқ қўйдинглар, мен индамадим. Ҳозир суднинг қароридан кейин сизлар менга тақиқ қўя олмаяпсизлар, мен хоҳлаган жойимда ижро этиш ҳақ-ҳуқуқига эгаман. Шунинг билан бирга, хоҳлаган одамимга отамнинг қўшиқларини бир марталик ижро этиш ҳуқуқини беришим мумкин. Мен ҳозир сизлар тақиқ қўйдирган “Узавтор” ташкилоти ҳуқуқшуноси билан гаплашдим. Мен берган саволларга аниқ жавоб бера олмаяпти.
Мана шунақа видеолар қилишга мажбур қиляпсизлар. Сизлар менинг онамни ҳақорат қилдинглар, бошқа нарсалар қилдинглар, мен ҳеч қачон чиқиш қилганим йўқ суд тугагунча. Бу менинг биринчи чиқишим. Чунки бу бегуноҳ болаларнинг масаласи бўлгани учун шундай чиқиш қилишга қарор қилдим. Қилган блокларингни ечиб қўйинглар, ўзингларнинг ҳурматингларни билинглар, менинг йўлимда турманглар, дейди Ботир Қодиров.
Шунингдек, Ботир Қодиров “Узавтор” нодавлат ташкилоти юридик бўлими бошлиғи Абдусалом билан гаплашган. У марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг рафиқаси Гулнора Жўраеванинг аризасига биноан YouTube'даги видеони блоклагани ҳақида сўзлаб берган.
Шоҳжаҳон Жўраев ушбу мурожаатга Instagram саҳифасига отасининг қўшиқларини фақат ўғилларининг куйлашига рухсат бериши ҳақида гапиргани акс этган видеосини жойлаш орқали муносабат билдирди.
Видеода Шерали Жўраев қўшиқларини ўзидек қилиб айтмаганлардан қизғаниши ҳақида гапириб, қўшиқларини айтиш ҳуқуқини фақат ўғилларига беришини айтиб ўтган.
— "Жаноб ҳеч ким, яхшилаб эшитвол, сенга айтилган бу гаплар! Сен тан олинмагансан! Тан олинмайсан ҳам! Жўраевлар ҳеч қачон ёш ижодкор болаларга тўсиқ қўймаган ва болаларга ҳеч қандай ариза қилмаган, ёлғонларингга жавоб берасан, иншааллоҳ”, деб ёзди Шоҳжаҳон Жўраев.