Бош прокуратура департаменти ходимларини чув туширган "аризачи"...
0
Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, 1992 йилда туғилган Ж.С. олдин ҳам бир неча маротаба судланган ва хавфли рецидивист деб топилган. Иккинчи судланувчи Ш.И. эса 1996 йилда туғилган. Ҳар икки йигитга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ж.С. 2024 йил 26 июн куни департаментнинг Навоий вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. У ўз мурожаатида “Феруз” исмли шахс ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ж.С.нинг мурожаат юзасидан департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тезкор тадбир давомида аризачи жиноий шериги Ш.И. билан бошқарма махсус кассасидан процессуал тартибда тақдим қилинган 700 АҚШ доллари ва махсус овоз ёзиш мосламасини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. Сўнгра тезкор тадбир учун берилган пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Ж.С. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
“2024 йилнинг апрел-май ойларида Ш.И. билан танишиб қолдим. Шундан сўнг у билан алоқаларим яхшиланиб, борди-келди қила бошладим. Ўша вақтларда фарзандим касаллиги туфайли Ш.И.дан пул топиш бўйича маслаҳат сўрадим. У департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси ходими С.Х. билан таништириб қўйди. Шундан сўнг, Ш.И. департамент билан алоқаси яхши эканини, департамент орқали пулни олиш мумкинлигини таклиф қилди.
Департаментнинг Навоий вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, гўёки ўйлаб топилган шахс томонидан ундан ноқонуний тарзда пул талаб қилгани ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўрашим ҳақида йўл кўрсатди. У ёлғондан аудиоёзув қилиб департаментга тақдим қилишимни ҳамда тадбир давомида берилган пул маблағларини олиб воқеа жойидан кетиб қолишимни, шунда департамент ходимлари пулларни ўзлари тўлашини маълум қилди”, деган Ж.С. ўз кўрсатмасида.
Ўйланган режага асосан Ж.С. департаментнинг Навоий вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Унга белгиланган тартибда тезкор тадбир учун 700 АҚШ доллари ва овоз ёзиб олиш қурилмаси тақдим қилинган.
Шундан сўнг департамент ходимлари ва холислар иштирокида белгиланган жойга борганда Ж.С. телефонини ўчириб, воқеа жойидан яширинган. Унга тадбир учун берилган 700 АҚШ доллари ва овоз ёзиб олиш мосламасини ўзи билан олиб кетган.
“Сўнгра Навоий шаҳридаги 17-мактаб ёнида Ш.И. билан кўришиб, ўша ердаги дўкондан долларни сўмга алмаштириб чиқдим. 100 АҚШ долларига кийим олдим. Шу куни Навоий шаҳридаги саунага бориб, дам олдик. Қолган 400 АҚШ долларини банкоматдан сўмга айлантириб, ўз эҳтиёжларим учун ишлатиб юбордим”, деган Ж.С. судда.
Судланувчи Ш.И. ҳам судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
Суд ҳукми билан Ж.С. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди, 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Ш.И. эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 237-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан айбли деб топилиб, 2 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.