Элдор Шомуродов учун курашга жиддий клуб қўшилди
0
Январь ойида Элдор Шомуродов ҳам бошқа клубга кўчиб ўтиши кутилмоқда. Аслида 29 ёшли легионеримиз ёзда жамоасини ўзгартириши кераклиги айтилганди. “Рома”нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Даниэле де Росси кутилмаганда ўзбек легионери бўйича қарорини ўзгартириб, уни жамоада олиб қолди.
Афсуски, римлик мураббийнинг ўзи тезда истеъфога чиқарилди. Кейин келган бош мураббийлар – Иван Юрич ва ҳатто Элдорнинг имкониятларини яхши билган Клуадио Раньери ҳам бошқа ҳужумчилар билан ўйнашни маъқул кўрди.
Шомуродов даражасидаги футболчи жамоасиз қолмаслиги аниқ. Саудия Арабистони клублари уни анчадан бери ўз сафига чорлаб келади. Лекин ҳамюртимизга ўзи кўниккан А Сериядан ҳам қизиқишлар бор.
Ҳозиргача А Серияда қолиш учун курашаётган “Кальяри”, “Комо”, “Венеция”, ўртамиёналар сафида бораётган “Эмполи”дан қизиқиш бўлганди. Энди яна бир номдор клуб Элдорга оғиз солаётгани ҳақида маълумот тарқалди.
SkySport нашрининг италиялик журналисти Руди Галетти Туриннинг “Торино” клуби “Рома”да етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаётган Элдор Шомуродовни ўз таркибига қўшиб олмоқчи.
Манбага кўра, “Торино” раҳбарияти бошқа даъвогарлардан фарқли равишда ўзбек ҳужумчиси трансферини тўлиқ сотиб олиш имконига эга. Қолган клубларнинг барчаси Шомуродовни мавсум охирига қадар ижарага олиб, тўлиқ трансфер қилиш бўйича музокараларни ёзга қолдирмоқчи.
“Рома”га эса, бош мураббийнинг келажакдаги режаларига киритилмаган ўйинчини тўлиқ сотиб юбориб, янги ижрочиларга жой очиш муҳим аҳамият касб этади. Римликлар Шомуродов масаласида аввал ижара, кейин тўлиқ трансфер усули бўйича икки йилдан бери ўз мақсадига етолмай келмоқда.
Хусусан, аввал “Специя”, кейин эса “Кальяри” Элдорни ижарада ўйнатиб, ёзги музокаралар вақтида пойтахт клубининг трансфер учун қўйган шартларини бажара олмади.
Шу боис, “Рома” Шомуродовни аввал ижарада ўйнатиш учун сўраётган клублардан кўра, ҳужумчини тўлиқ трансфер қилиш имконига эга бўлган “Торино” вариантини танлаш эҳтимоли юқорилиги айтилмоқда.
“Торино” жорий мавсумда мусобақа жадвалининг ўрта қисмида жойлашган бўлса-да, тўп киритиш борасида муаммолар кузатилмоқда. Туринликлар 18 та учрашувда жами 19 та гол урган. Жамоанинг энг яхши тўпурари Че Адамс ҳисобида жами бешта тўп бор. Тажрибали форвардлардан Дуван Сапата учта, Антонио Санабрия иккита, ёш ҳужумчи Альё Нжие битта гол муаллифи бўлди. 13 та учрашувда иштирок этган Янн Камаро ҳали голлар ҳисобини очгани йўқ.
Қолаверса, Сапата оғир жароҳат олган ва қачон майдонга қайтиши, ўшанда қай аҳволда бўлиши номаълум бўлиб турибди.
“Торино” ҳужум чизиғидаги вазиятни инобатга олиб, таркибни А Серияда катта тажриба тўплаган ўзбек форварди билан кучайтирмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябридан бери Италияда тўп тепаётган Элдор Шомуродов “Женоа”, “Рома”, “Специя”, “Кальяри” каби жамоалар сафида жами А Сериянинг ўзида 110 та учрашувда иштирок этиб, 16 та гол ва 10 та ассист қайд этган.