Рубин Хебай: "Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйлаяпман"
0
2023 йилги мавсумда “Андижон”даги ўйинлари билан Суперлигани “ёндирган” ҳужумчи ўтган йил бошида Саудия Арабистонининг “Ал Оруба” клубига трансфер қилинганди. У ерда Хебай 12 та ўйинда 3 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. Сўнг сентябрь ойида Туниснинг “Скафсьен” клубига кўчиб ўтди. У ерда 7 та ўйинда 2 та гол муаллифига айланди. Солиштириш учун айтамизки, Рубин “Андижон” таркибида чемпионат баҳсларида 24 та беллашувда 12 та гол урган, Кубок мусобақасида эса 3 учрашувда 2 та тўп киритган.
Тунис чемпионатида Хебайнинг клуби молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Гарчи амалда шартномаси бўлса-да, икки томон ўзаро келишган ҳолда битимни бекор қилдилар. Натижада футболчи 2025 йилнинг 1 январидан эркин агентга айланди.
Тажрибали ҳужумчига юртимизда яна таклифлар борлиги ва айниқса, “Насаф”нинг жиддий қизиқаётгани хусусида маълумотлар бор. Sports.uz журналисти вазиятга ойдинлик киритиш учун Рубин билан боғланди.
- Рубин, Ўзбекистонда қишки трансфер ойнаси очилган. Юртимизга қайтишни режалаштиряпсизми?
- Ҳа, мен чиндан ҳам Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйлаяпман.
- Сизни “Насаф” клубига ўтаётганингиз тўғрисида гапиришяпти...
- Менимча, шу кунлар ичида барчаси расмий кўриниш олади. Агентим бу борада ишлаяпти.
- Мендаги маълумотларга кўра, сиз Туниcда муаммоларга дуч келгансиз. Айниқса, бир нечта ойлик маошларингизни ҳали олмагансиз. Шундайми?
- Ҳа, бу тўғри. Клуб муаммоларга дуч келаётгани сабабли ҳануз маошимни ололмаяпман.
- Тунисга қайтиб бормаслигингизни тахмин қилиш қийин эмас. Сизнингча, фаолиятингизни у ерда давом эттириш хатомиди?
- Тўғри, мен ҳозирда эркин футболчиман. Умуман, бу даврни ёмон ўтди, дея олмайман. Мен янги маданиятлар, янги давлатларда тажриба орттирдим.
- Рубин, янги мавсумни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмисиз?
- Айтиб ўтганимдек, яқин кунлар ичида барчаси расмийлаштирилади. Шунинг учун ҳам келажагим ҳақида кўп ҳам гапиргим йўқ.
- Ўзбекистон чемпионатидан кетганингиздан кейин Саудия Арабистони ва Тунисда ўйнадингиз. Бироқ гол уриш борасидаги сермаҳсуллигингиз Суперлигамиздаги каби бўлмади. Балки яна тўпурарлигингизни Суперлигада кўрсатарсиз-а?
- Умид қиламан. Мен мослашишда анча қийналдим. Ўзбекистонда эса одамларнинг менга бўлган муносабати ёрдамида ўз уйимдагидек ҳис қилгандим.
- “Андижон” клубидаги фаолиятингизни кўпчилик эслаб туради. Собиқ жамоангизда кимлар билан ҳалигача гаплашиб турасиз?
- Мен кўпроқ Владимир Бубанья, Леван Арвеладзе, Нодари Кавтарадзе, Игорь Литовка, Илдар Маматказин ва яна бошқа бир нечта футболчилар билан алоқада бўлиб тураман.
Шуҳратбек Жўраев.