Тибетдаги кучли зилзила оқибатлари: ўнлаб кишилар ҳалок бўлган
0
Хитой сейсмологик тармоқлар маркази (CENC) маҳаллий вақт билан соат эрталабки 9 атрофида ХХРнинг Тибет автоном ҳудудининг Непал билан чегараси яқинида 6,8 магнитудали зилзила рўй берган. Зилзила эпимаркази Тингри уездида, 10 километр чуқурликда жойлашган. Ундан кейин кучи 4,4 магнитудагача бўлган афтершоклар ҳам қайд этилган.
АҚШ Геология хизмати (USGC) Шигадзе шаҳридан 177 км жануби-ғарбда 7,1 магнитудали зилзила рўй берганини хабар қилган. Ер силкиниши Непал пойтахти Катмандуда, шунингдек, Бутан ва Ҳиндистон ҳудудларида ҳам сезилган.
«Тингри уезди ва унинг атрофидаги ҳудудларда жуда кучли ер силкинишини ҳис қилишди, эпимарказ яқинидаги кўплаб бинолар қулаб тушган», — дея хабар берган CCTV давлат телеканали.
Воқеа жойида олинган кадрларда вайрон бўлган уйлар ва атрофга сочилиб кетган парчалани кўриш мумкин.
Хитой нашрлари хабар қилишича, маҳаллий расмийлар зилзила оқибатларини баҳолаш учун уезддаги аҳоли яшаш манзилларини айланиб чиқмоқда.
Фото: VCG/Getty Images
Синоптикларга кўра, Тингрида ҳарорат Целсий бўйича -8 даражани ташкил қилмоқда ва сешанба куни кечқурун -18 даражагача тушади.
Баланд тоғларда жойлашган уездда 62 минг атрофида одам яшайди. Бу ҳудудда зилзилалар тез-тез рўй бериб туради, аммо бу сафаргиси сўнгги беш йилликдаги энг кучлиси бўлди.