АПЛ клуби Абдуқодир Ҳусановга ҳаммадан кўпроқ нарх таклиф қилди
Манбага кўра, Англия клуби Ҳусанов учун “Ланс”га бошқа даъвогар клублардан кўра кўпроқ нарх таклиф қилиш ниятида. Саудия шайхлари эгалигидаги клуб 20 ёшли ўзбекистонлик футболчи учун 20 миллион евро сарфлашга тайёр.
Ҳозирда дунёнинг бой клубларидан бири ҳисобланган “Ньюкасл” Ҳусанов трансфери бўйича аниқ музокаралар ўтказмоқда, бироқ “Ланс” ҳимоячини сотишдан 40 миллион евро ишлаб олмоқчи.
Маълумот учун, ҳимоячи учун даъвогарлар қаторида Англиянинг “Манчестер Сити”, “Лестер”, “Челси”, Франциянинг “ПСЖ” клублари ҳам бор. Маълумотларга кўра, “Манчестер Сити” ўзбекистонлик ҳимоячини трансферида фаворит ҳисобланади.
Аввалроқ Ҳусанов учун курашга Мадриднинг “Реал” клуби ҳам қўшилгани хабар қилинганди.
Хусановнинг трансфер музокараларига Хорхе Мендеш қўшилди
Машҳур агент Хорхе Мендеш, футбол оламидаги энг йирик келишувларни амалга оширган шахслардан бири ҳисобланади. У Ҳусанов учун янги клуб топиш ишларини бошқараётгани хабар қилинмоқда. Мендешнинг бу жараёнга қўшилгани футболчининг бозор қиймати ошиб бораётганини тасдиқлайди. Унинг трансфер нархи 25-30 миллион евро (20-25 миллион фунт) атрофида баҳоланмоқда.
Ҳимоянинг келажаги: Нима учун “Ньюкасл”га Ҳусанов керак?
“Ньюкасл” учун Ҳусанов нафақат ҳозирги таркибни мустаҳкамлаш, балки узоқ муддатли сармоя сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Асосий ҳимоячилари Фабиан Шер ва Ден Берннинг 30 ёшдан ошганини ҳисобга олган ҳолда, клуб Свен Ботманга мос келадиган ёш кучларни излашни давом эттирмоқда. Ҳусановнинг хотиржамлиги, кучи ва тезкорлиги уни “Ньюкасл”нинг ҳимоя чизиғини йиллар давомида мустаҳкамлаш учун идеал номзодга айлантиради.