Ўзбекистонликлар учун Таиландга узоқ муддатли визани онлайн олиш имконияти пайдо бўлди
0
Таиланд Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 1 январдан бошлаб мамлакатнинг хориждаги 94 та элчихона ва бош консулхоналарида e-Visa хизматидан фойдаланиш мумкин бўлади.
Электрон виза тизимига кўра, Таиланд визаси олишга мурожаат қилмоқчи бўлган чет эл фуқароси янги онлайн электрон виза платформаси орқали ариза топшириши керак.
Ариза берувчидан паспорт ва тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхасини Таиланд дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига шахсан тақдим этиши талаб қилинмайди.
Электрон виза аризаси маъқуллангач, аризачига тасдиқловчи электрон почта хабари юборилади. Ариза берувчидан жўнаш портидаги авиакомпанияга ва Таиландда иммиграция хизмати ходимларига тақдим этиш учун тасдиқловчи электрон почта нусхасини чоп этиши сўралади.
Амалдаги тартибга кўра, 2024 йилнинг 15 июл кунидан эътиборан Ўзбекистон фуқароларига Таиландга саёҳат учун 60 кунгача визасиз режим жорий этилган. Электрон виза тизимида фуқароларга туристик, бизнес, оилавий ва бошқа виза тури 90 кун муддатга берилади.