Доллар тўла ҳамённи онахонга қайтарган сержант: “Эгасини туни билан қидирдим”
0
Ҳодиса 3 январ куни содир бўлган. Шавкат Назаров пойтахтадаги савдо мажмуаларидан бирида кундалик хизмат вазифасини олиб бораётган бўлган. Унинг кўзи ерда ётган эскироқ ҳамёнга тушган.
“Ҳамённи қўлимга олдим, ичини қарасам — нафақа гувоҳномаси, долларлар ва ўзбек сўми ҳам бор экан. Лекин пулни санамадим, чунки хаёлимда фақат пулни эгасига қайтариш эди”, — дея ҳикояни бошлади катта сержант Назаров.
Ходим кечгача — хизмат вазифаси тугайдиган соат 22:00 гача кимдир келиб, ҳамённи олиб кетишини кутган. Бироқ ҳеч ким келмаган. Навбатчилиги якунлангандан кейин эса ҳамён эгасини қидиришга тушган.
“Дастлаб ҳужжатда ёзилган телефон рақамга қўнғироқ қилдим, бироқ ҳеч кўтармади. Кейин нафақа гувоҳномасида ёзилган манзилга бордим. Бироқ буни қарангки, мен қидираётган шахс кўчиб кетган экан”, — дейди у.
Орада у яна ўша ҳужжатда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилган ва бу сафар ҳамённинг эгаси гўшакни олган. “Дастлаб онахон ишонмади кейин эса уй манзилини сўраб ўзларига олиб бориб бердим. Ижтимоий тармоқлардаги тарқалган видеони ўзим учун ҳар эҳтимолга қарши олгандим, онахон менга хурсандлигидан суюнчи пули бермоқчи эди, лекин олмадим”, — дейди Шавкат Назаров.
4 январ куни эса онахон катта сержантни қидириб ишхонасига борган ва уни оиласи билан бирга кечки овқатга таклиф қилган.