Абдуқодир Ҳусанов ўзига жамоа танлади! Визага ҳужжат топширилди...
0
- 20 ёшли футболчи ва унинг манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассислар Буюк Британияда ишлаш ҳуқуқини берувчи виза олиш учун керакли барча ҳужжатларни топширди.
Абдуқодир Ҳусанов ва унинг агентлари январь ойининг охирида расмий шартнома имзолаш учун Манчестер шаҳрига етиб боради.
Истеъдодли ҳимоячига Англиянинг ўзидан “Челси” ва “Ньюкасл”дан, шунингдек, Франция чемпиони "Пари Сен-Жермен”дан жиддий таклифлар бўлган эди. Ҳусановнинг агентлари парижликлар футболчи учун ўйин амалиётини кафолатламагани учун ПСЖ вариантидан воз кечишди.
Хосеп Гвардиола ўзбек ҳимоячисига шахсан эътибор қаратганини инобатга олган Абдуқодир Ҳусанов ва унинг агентлари “Манчестер Сити”ни танлашга қарор қилди, - деб ёзмоқда telecomasia.net сайти.
- “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола “Ланс”да ўзини кўрсатган Абдуқодир Ҳусанов ёрдамида ҳимояни мустаҳкамлашга қарор қилди. Чунки “шаҳарликлар” бу мавсум орқа чизиқда муаммоларга дуч келмоқда.
Жамоа испаниялик мутахассис қўл остида олти маротаба чемпионликни қўлга киритган бўлса, шулардан тўрттасида ҳимояда энг яхши кўрсаткичларни қайд этган эди. Бироқ бу мавсум “Сити” ҳимояланишда катта қийинчиларга рўбарў бўлмоқда.
Дастлабки 20 та учрашувда ўз дарвозасидан 27 та тўп олиб чиққан “шаҳарликлар” ҳимоя мустаҳкамлиги бўйича Англия Премьер-лигасида саккизинчи поғонани эгаллаб турибди. Қизиғи шундаки, юқори дивизионда қолиш учун курашаётган “Эвертон” ҳам ҳимояланишда “Манчестер Сити”дан яхши кўрсаткичларни қайд этмоқда.
Манчестерликлар жорий мавсумда ҳимоядаги муаммолар туфайли аввалги чемпионатларга қараганда кўп тўп ўтказиб юборяпти. Бу камчиликлар асосан Жон Стоунз, Рубен Диаш, Натан Аке каби етакчи ҳимоячиларнинг жароҳати, 34 ёшли Кайл Уокер каби муҳим фигуранинг ўйинида барқарорлик етишмаслиги билан боғлиқ.
Қолаверса, мавсум охирига бориб, Стоунз, Мануэль Аканджи, Натан Акенинг ёши ўттизга бориб қолади ва “шаҳарликлар” олдида таркибни, хусусан, ҳимоя чизиғини ёшартириш вазифаси ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
“Ланс” вундеркинди Абдуқодир Ҳусановнинг келиши жамоага ёшлик ва ҳаётий куч-қувват олиб киради, чунки “шаҳарликлар” нуфузли совринларга эришиш мақсадида лигада яна мустаҳкам ҳимояни қайта тиклашга бел боғлаган, - деб ёзмоқда sabcsport.com таҳлилий портали.
Футбол оламидаги таниқли инсайдерлар Фабрицио Романо ҳамда Бен Жейкобс ҳам “Манчестер Сити” ва Абдуқодир Ҳусанов вакиллари ўзаро ҳамкорликнинг сўнгги деталларини муҳокама қилаётгани ва тез орада ўзбек футболчиси расмий шартномани имзолашини таъкидламоқда.
Айрим манбаларнинг таъкидлашича, Ҳусановнинг трансфери “Ланс”га 35-40 миллион евро орасида даромад келтиради.
Агар Ҳусанов “Манчестер Сити” билан расмий шартнома имзоласа, Англия Премьер-лигасидаги биринчи ўзбек футболчиси сифатида футбол тарихига ўз номини муҳрлайди.
Энди бу маълумотлар ўз тасдиғини топиши қолди. Буни вақт кўрсатади. Яна бироз кутамиз...