Пенсия миқдорини кўпроқ қилиш учун тавсиялар берилди
0
Кимларга пенсия тайинланади?
Эркаклар 60 ёшда, 25 йил иш стажига эга бўлса, аёллар эса 55 ёшда, 20 йил иш стажига эга бўлса, ёшга доир тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга. Иш стажи камроқ бўлса (камидан 7 йил), тўлиқсиз пенсия тайинланади.
Иш стажига нималар киритилади?
Расмий ишлаган даврлар, иш ҳақи ҳисобланган вақтлар, ўзини-ўзи банд қилган ҳолда ёки хорижда ишлаган пайтларда тўланган ижтимоий солиқ даврлари иш стажига қўшилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасасида кундузги ўқиш, ҳарбий хизмат ва бола парвариши таътиллари (ҳар бир бола учун 3 йил, жами 6 йил) иш стажига киритилади.
Пенсия учун тайёргарлик: нималарга эътибор бериш керак?
Юқори пенсия миқдорига эришиш учун қуйидагилар тавсия этилади:
- Расмий ишлашни таъминлаш: Иш жойингизда стажингиз ҳисобга олинаётганини текширинг. Бу маълумотларни my.gov.uz портали орқали кузатиб боринг.
- Иш ҳақи расмий эканини аниқланг: Сизга тўланаётган иш ҳақи, ушлаб қолинаётган солиқлар ва жамғарилаётган маблағлар ҳақида доимий равишда хабардор бўлинг.
- Ўзини-ўзи банд қилиш: Агар норасмий ишлаётган бўлсангиз, ўз-ўзини банд қилиш статусида рўйхатдан ўтиб, Пенсия жамғармасига солиқ тўланг.
- Қонунчиликни кузатиб боринг: Пенсия қонунчилигидаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида хабардор бўлинг.
- Рақамлаштиришга эътибор беринг: Меҳнат фаолиятингизни рақамлаштириш пенсияга чиқиш вақтида оворагарчиликлардан қутқаради.
Расмий фаолият юритиш ва жамғарма солиқ тўловларини амалга ошириш нафақат иш стажини кўпайтириб, балки пенсия миқдорини оширади.