Дания Трампнинг Гренландия билан боғлиқ ниятлари жиддийлиги ҳақида огоҳлантирилди
0
Копенгагенда қиролликнинг яқин иттифоқчиси ва НАТО аъзоси бўлган АҚШ билан муносабатларни бузмасдан, Трампнинг ғоясига қандай жавоб бериш масаласини синчковлик билан ўрганмоқдалар, дея хабар берди телеканал.
Трамп биринчи марта 2019 йилда Даниянинг автоном ҳудуди бўлган Гренландияни сотиб олишни таклиф қилган эди, аммо ҳозир, даниялик юқори мартабали амалдорнинг сўзларига кўра, «бу ғояни қўллаб-қувватлаётган экотизим бутунлай бошқача». «Буниси анча жиддийроқ туйиляпти», — деди CNN`нинг бошқа суҳбатдоши.
АҚШ ва Дания расмийларининг таъкидлашича, улар сайланган президентнинг Гренландияга бўлган иштиёқини тушунгани йўқ, чунки АҚШ аллақачон орол билан ўн йиллик мудофаа келишувига эга, бу эса у ерда Америка ҳарбий иштирокини сезиларли даражада оширишга имкон берган.
Пентагон вакили CNN телеканалига берган интервьюсида АҚШ Гренландиянинг Даниядан мустақилликка интилишидан хавотирда эканини айтди. Бундай сценарийда орол сиёсий жиҳатдан «нотинчроқ» ва Россия ёки Хитой таъсирига «заифроқ» бўлиши мумкин.
Бу ҳафта Дональд Трамп Гренландия «миллий хавфсизлик учун» АҚШ назоратига ўтиши кераклигини айтганди. «Одамлар аслида Даниянинг унга қандайдир қонуний ҳуқуқлари бор-йўқлигини билмайди, лекин агар бўлса, ундан воз кечишлари керак, чунки у бизга миллий хавфсизлик учун керак. Бу эркин дунё учун. Мен эркин дунёни ҳимоя қилиш ҳақида гапиряпман», — деди у.
Трамп, шунингдек, АҚШ Даниядан экспортга юқори божлар жорий этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди ва оролни босиб олиш учун ҳарбий куч ишлатишни истисно қилишдан бош тортди.
Трампнинг баёнотлари аллақачон АҚШ ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан кескинликни келтириб чиқармоқда, деб ёзади CNN. Гренландия бош вазири Муте Эгеде орол АҚШ ва Дания ўртасидаги сиёсий жангларда қатнашишни истамаслигини билдирди. «Гренландия Гренландия халқига тегишли. Келажагимиз, мустақиллик учун кураш — бизнинг ишимиз. Бошқалар, жумладан, данияликлар ва америкаликлар ҳам ўз фикрига эга бўлишга ҳақли бўлса-да, биз истерия ва ташқи босимга берилмаслигимиз керак… Келажак бизники ва уни биз шакллантиришимиз керак», — деди у.
Дания бош вазири Метте Фредериксен, ўз навбатида, АҚШ Гренландия устидан назорат ўрнатиш учун ҳарбий ёки иқтисодий куч ишлатиши мумкинлигига шубҳа билдирди. «Бундай даражага етиб боришимиз мумкинлигини тасаввур қилиш учун менда тасаввур етишмайди», — деди Фредериксен. У АҚШнинг Гренландияга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлади, лекин бу орол аҳолисига «ҳурмат» билан амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.
Трампнинг ҳудудий даъволарига Германия ва Франция ҳам муносабат билдирди. Германия канцлери Олаф Шольц: «Чегараларнинг дахлсизлиги принципи ҳар бир давлатга нисбатан қўлланади», — деди. Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир давлат, хоҳ кичик бўлсин, хоҳ жуда қудратли — унга риоя қилиши керак.
«Европа Иттифоқининг ўз суверен чегараларига дунёнинг бошқа давлатлари томонидан ҳужум қилинишига йўл қўймаслигига ҳеч қандай шубҳа йўқ», — дея таъкидлади Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барр.