Нима учун Лос-Анжелес ёнмоқда?
0
Мутаҳассислар бир нечта омиллар бу ёнғинларнинг кенг кўламли бўлишига сабаб бўлганини таъкидламоқда:
Қуруқ иқлим ва кучли қурғоқчилик
Калифорнияда ҳозирда ёмғир мавсуми бўлиши керак эди, бироқ 2024 йил давомида ёмғир деярли ёғмади. 2022–2023 йиллардаги кучли ёғингарчиликлар натижасида ўсимликлар ва дарахтлар тез ўсган бўлса, кейинчалик қуруқ ҳаво бу ўсимликларни тез қуритиб, ёнғинлар учун осон ёнувчи ёқилғига айлантирди.
Шамолнинг таъсири
Санта-Ана деб аталувчи кучли шамоллар ёнғинларнинг тез тарқалишига сабаб бўлмоқда. Ушбу шамол 45 метр/секундгача тезликка эга бўлиб, шаҳарга қуруқ ва иссиқ ҳаво олиб келади. Шамолнинг тўхтамаслиги ёнғинларни назоратга олишни қийинлаштирмоқда.
Ёнғин хизмати муаммолари
Лос-Анжелес шаҳар ёнғин хизмати ёнғинларга тўлиқ тайёр эмаслиги танқид қилинмоқда. Гарчи 2025 йил учун бюджет оширилган бўлса-да, кўп йиллик муаммолар ва инфратузилманинг эски ҳолати ёнғинларга қарши курашни қийинлаштирган.
Шаҳар мэри ва бошқа расмийлар вазиятни назоратга олиш учун қўшимча чоралар кўрмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши каби глобал омиллар ҳам бундай офатларнинг келажакда кўпроқ учрашига олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.