Лос-Анжелесдаги ёнғинларни нега ўчириб бўлмаяпти?
0
Калифорния жанубининг каттагина қисми, жумладан 13 миллион аҳоли яшовчи Лос-Анжелес агломерацияси 7 январдан буён ёнғинлар ичида қолди. Ҳозирга қадар 16 нафар қурбон ҳақида маълум, эвакуация зонаси 180 минг кишини қамраб олган, 12 мингдан ортиқ уй вайрон бўлган. Бир қанча нуфузли маҳаллалар, жумладан қатор таниқли шахсларнинг уйлари ёниб кетган.
Олов Ҳолливуд тепаликларига қадар етиб бориб Лос-Анжелеснинг асосий диққатга сазовор масканлари — Hollywood белгиси, Сансет ва Шон-шуҳрат хиёбони булварларига таҳдид солмоқда. Калифорниядаги ёнғинлар — камёб ҳодиса эмас, аммо кўп йиллардан буён бу қадар вайронкор бўлмаганди. Бир неча омил бир вақтга тўғри келиши — «идеал бўрон»га сабаб бўлган.
Қурғоқчилик
Умуман олганда, Калифорнияда январ ойи ёмғирлар мавсуми ҳисобланади. Аммо бу ерга 2024 йил баҳоридан буён ёмғир тушмаган.
Одатий мавсумийликнинг бузилиши — иқлим ўзгариши оқибатидир, дейилади америкалик иқлимшунослар гуруҳининг 9 январ куни нуфузли Nature илмий журналида чиққан мақоласида. Калифорнияда сўнгги ўн йилликда буён қуруқ об-ҳаво ҳукм сурмоқда. 2022 ва 2023 йилларда эса жуда кўп ёмғир ёғган. Бу эса ўт-ўлан, буталар ва дарахтлар гуркираб ўсишига йўл очган. Кейин эса 2024 йил қуруқ кечди — барча ўсимликлар тезлик билан қуриб қолган ва ёнғинлар учун идеал ёнилғига айланган.
Шамол
2025 йил январида алоҳида табиат ҳодисаси — Санта-Ана шамоли эсди. Бу катабатик ёки қуловчи шамол деб аталади: у қитъа ичкарисидаги баланд тоғлардан водий томон тушиб келади ва иссиқ қуруқ ҳаво билан биргаликда саҳро чангларини ҳам ўзи билан олиб юради.
Санта-Ана шамоли декабр ва январ ойларида эсиши — ўрмон ёнғинларини қўзғатиши каби камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Бу сафар у айниқса кучли бўлиб чиқди — айрим жойларда сониясига 45 метр тезликда ҳаракатланди (бу Америка Миллий бўронлар маркази таснифига кўра, беш тоифадаги довулларнинг иккинчисига тўғри келади).
Шамол ҳамон тингани йўқ ва бу ёнғин ўчоқларини жиловлашни сезиларли даражада мураккаблаштирмоқда.
Ўт ўчириш хизматининг муваффақиятсизлиги
Лос-Анжелес ўт ўчирувчилари фавқулодда вазиятга тайёр бўлмагани сиёсий спекуляция мавзусига ҳам айланди. Шунчаликки, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп рўй берган ҳодисаларда ишчилар коллективида ижтимоий хилма-хилликни таъминлашга қаратилган кадрлар сиёсатини айблади. Унинг фикрича, гўёки энг малакали одамлар ўрнига улар квота бўйича турли ирқий, жинсий ва гендер мансублик бўйича ёллашган — якунда ишлайдиган одам топилмаган.
Apu Gomes / Getty Images
Бундан ташқари, кўпчилик— бу фақатгина Трампнинг тарафдорлари билан чекланмайди — Лос-Анжелес мэри Карен Бассни шаҳар ёнғинга қарши кураш департаменти бюджетини 23 миллион долларга қисқартиргани учун қаттиқ танқид қилишмоқда.
Бу эса адолатдан эмас. 2024 йил июнида, бюджет тасдиқланганида, мэрия ҳали ўт ўчирувчиларнинг касаба уюшмалари билан маошларни ошириш бўйича музокараларни якунламаганди. Кейинроқ, ноябр ойида, департамент захира фондидан қўшимча маблағ олади, якунда унинг 2025 йил учун бюджети бир йил олдингига қараганда 53 миллион доллар бўлади.
Бу барибир етарли бўлмагани ва етарли бўлиши мумкин эмаслиги эса бошқа иш. Департамент раҳбари Кристин Кроули сўнгги ойлар мобайнида, узоқ давом этган қурғоқчиликдан кейин ёнғинлар чиқишини тахмин қилиб, мэрга ўз идорасидаги оғир ҳолат баён этилган эслатмаларни юборган. Унинг ходимлари ва моддий таъминот рўйхати (ўт ўчириш станциялари ҳам) 1960 йиллардан буён деярли ўзгармаганди, ҳолбуки ўтган вақт давомида Лос-Анжелес аҳолиси миллионлаб кишига кўпайди, чақирувлар миқдори эса беш баравар ошган. Ўт ўчирувчиларга вазиятни тузатиш учун нафақат маблағ, балки вақт ҳам керак бўлган.
Манба: Kun.uz