Хотин-қизлар давлат хизматининг раҳбарлик лавозимларига мақсадли тайёрланади
0
Иқтидорли хотин-қизлар орасида “Раҳбар аёллар мактаби”га қабул доирасида мақсадли танловлар эълон қилиниб, 100 нафар хотин-қизларнинг махсус ўқув дастури асосида бошқарувга оид кўникмалари оширилади.
Онлайн ўқувлар орқали 20 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг билимлари ва касбий кўникмалари оширилади.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари, давлат улуши мавжуд тижорат банклари ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлик лавозимлари учун компетенция модели ҳамда профессионал компетенцияларини баҳолаш тизими жорий этилади.
Юқори, ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларининг намунавий профессионал компетенциялари ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги Раҳбар кадрларни баҳолаш марказида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари, давлат улуши мавжуд тижорат банклари ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлик лавозимларидаги шахслар, шу жумладан захирадагиларнинг профессионал компетенциялари босқичма-босқич баҳолашдан (диагностикадан) ўтказилади.
Диагностика натижаларига кўра ходимларнинг касбий ривожланиш режалари ишлаб чиқилади ва амалга ошириш тизими йўлга қўйилади.