Дания ҳукумати Трампга Гренландия юзасидан қандай таклиф йўллади?
0
Axios нашри хабарига кўра, Дания ҳукумати шу орқали АҚШ билан муқаррар сиёсий зиддиятнинг олдини олиш, Трампнинг диққат-эътиборини бошқа ўзанга буришга уринмоқда.
Гап шундаки, Трамп 2024 йил 23 декабрь куни АҚШнинг Гренландия устидан назорат ўрнатиши “ўта муҳим” экани ҳақида баёнот берди. 56 минг аҳолига эга Гренландия Данияга тегишли мухтор ўлка саналади. Ҳудуд мудофааси ҳам Дания гарданида.
Бу баёнот Дания ҳамда Гренландия расмийлари томонидан танқидий қабул қилинди. Хусусан, расмий Копенгаген Гренландия сотилмаслигини маълум қилди.
Гренландиянинг мустақиллик тарафдори бўлган раҳбарияти эса «Биз на даниялик, на америкалик бўлишни истаймиз. Биз гренландиялик бўлиб қоламиз» деган мазмунда баёнот берди.
2025 йил 8 январь куни Трамп яна шу масалага қайтиб, Гренландия ва Панама канали устидан назорат ўрнатиш учун ҳарбий куч ишлатилишини истисно этмади.
Дунёдаги энг йирик орол саналган Гренландия Россия ва Хитой билан рақобат нуқтаи назаридан АҚШ хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этади. Айни чоқда, ушбу оролга эгалик қилувчи Дания Қўшма Штатларнинг НАТО доирасидаги иттифоқчиси саналади.
АҚШ 1950-йиллардан буён Гренландияда ҳарбий базага эгалик қилиб келади. Ҳозир бу ерда 200 нафарга яқин америкалик ҳарбий хизмат қилмоқда. Уларнинг асосий вазифаларидан бири – баллистик ракеталар учирилганини аниқловчи тизимни бошқариш.
Гренландия олтин, олмос, уран ва бошқа нодир маъданларга бойлиги билан ҳам қизиқиш уйғотиб келган.
Трампнинг Гренландия борасидаги баёнотлари ортидан Дания ўз гербини ўзгартирди.
Орол мудофааси учун харажатларни ҳам оширди.
Франция президенти Эммануэль Макрон эса Трампнинг Гренландия ҳақидаги баёнотларидан сўнг Европа давлатларини уйғонишга чақирди.