Жиззахда ўқитувчилар фирибгарлик қурбони бўлишди
0
Бир неча умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, фирибгарлик қурбони бўлганликлари ҳақида хабар беришди. Жабрланувчиларга ўқитувчилар учун ўтказиладиган танловда иштирок этиш таклиф қилинган. Танловда ғолибларга 30, 20 ва 10 миллион сўмлик пул мукофотлари ваъда қилинган. Ушбу танлов ҳақидаги маълумот махсус яратилган Telegram-каналда эълон қилинган.
Жабрланувчилар танлов шартларини бажариб, дарс жараёнларини акс эттирган видеоларни фирибгарга юборишган. Фирибгар улар танловга мос келиши ҳақида айтган ва қатнашиш учун тўлов қилишни сўраган. Шу тариқа, жабрланувчилардан бири фирибгарга дастлаб 2 миллион, сўнгра яна 2,3 миллион сўм юборган. Фирибгар иккинчи тўловни олгач, ўқитувчини телевидениеда чиқишига ёрдам беришни ваъда қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятда Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи шахс айбдор эканлиги аниқланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.