Россиянинг ярмидан кўп ҳудудлари мигрантлар меҳнатини чеклаб қўйди
0
2024 йилда Россиянинг 47 та ҳудудида мигрантларни ишга жойлаштиришга тақиқ ва чекловлар жорий этилди, деб хабар берди «Вёрстка»га таяниб Kun.uz нашри.
Энг кўп чеклов Краснодар ўлкасида жорий этилган — чет элликларга 99 та соҳада ишлаш тақиқланган. Иккинчи ўринда Твер области (82), энг кам чекловлар Воронеж областида - 10 та.
Чет элликлар учун энг кўп тақиқ такси ва жамоат транспорти соҳаларида - 47 та ҳудудда жорий этилган. Савдо соҳасида 39 та ҳудудда, уй-жой коммунал хўжалигида 14 тада ва куриерлик соҳасида 12 та ҳудудда чеклов амал қилади.
19 та ҳудудда тиббиёт соҳасида: шифохоналар, дорихоналар ва дори-дармонлар ишлаб чиқаришда тақиқлар жорий этилди. Таълим соҳасида – 27 та, ҳарбий-саноат комплекси заводларида фақат 7 та ҳудудда тақиқ жорий қилинган. Қурилишда - фақат иккита минтақада: Краснодар ўлкаси ва Ямало-Ненец автоном округида.
Муайян ҳудудларда ишга жойлашиш бўйича чекловларда минтақалар баъзи истисноларни киритган - асосан малакасиз ишчилар ва фаррошлар учун. Баъзан бу истиснолар жуда кенг бўлиб, чекловлар маъносиз бўлиб қолади.
40 га яқин минтақалар бандлик бўйича чекловларни жорий қилинмади, жумладан, йирик иқтисодиётга эга Москва, Санкт-Петербург, Татаристон, Бошқирдистон, Свердловск области.
2024 йил март ойида Москванинг «Крокус Сити Холл» концерт залидаги терактдан кейин Россия расмийлари мигрантларга қарши кенг кўламли кампания бошлади. Давлат Думаси депутатлари янги қонунлар билан, минтақа раҳбарлари янги тақиқлар билан мигрантларнинг меҳнатини чеклай бошлади. Оқибатда, 2024 йилда Россиядан чиқиб кетаётган мигрантлар оқими кўпайгани қайд этилди.