Тарихда илк бор метеорит қулашининг товуши ёзиб олинди (видео)
0
Тарихда биринчи марта видеокузатув камераси метеоритнинг қулаши пайтидаги товушни ёзиб олди. Космик жисм қулаши Канадада қайд этилган.
CBC News хабарига кўра, Принс Эдуард оролида яшовчи Жо Велаидум ўз уйи олдида космик жисм парчасини топган. У тошни олимларга топширган ва улар бу метеоритга “Шарлоттаун” деб ном берган. Тош ерга тушишдан олдин тахминан соатига 200 километр тезликка эришган.
Веладиум метеорит тушган жойда ҳодиса юз беришидан бир неча дақиқа олдин турган. Алберта университети ходими Крис Херднинг айтишича, метеоритнинг овоз чиқариб тушиши илк бор фан тарихида видеога олинди.
Ўлчами 30 метргача бўлган космик жисм метеорит ҳисобланади. Ундан каттароқ жисмлар эса астероидлар саналади. Метеорит Ер атмосферасига секундига 11,2 километрдан 72 километргача тезликда киради. Баъзида у динозаврларни қириб ташлаган машҳур Чиксулуб метеоритидек улкан бўлади. Баъзан эса жуда кичкина бўлади — бундай метеоритлар ерга жуда кўп миқдорда, кунига икки тоннагача тушади.
Йирик метеоритнинг тушган жойида кратер ҳосил бўлиши мумкин. Ой ёки Марсда Ердагига нисбатан кўпроқ метеорит кратерлари мавжуд. Бунинг сабаби Ерда ҳаво борлиги, атмосферанинг анча зичлиги. Метеоритлар ундан ўтаётганда қизиб кетади ва кўпинча ерга етиб келмасдан ёниб кетади.