Ҳинд киноси юлдузи Саиф Али Хон ўз уйида пичоқлаб кетилди
0
Болливуд юлдузи Саиф Али Хон уйига ўғри кириб, унга пичоқ билан ҳужум қилди. Актёр оғир тан жароҳатлар билан Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида касалхонага ётқизилди.
Воқеа 16 январга ўтар кечаси, актёр ва унинг рафиқаси — актриса Карина Капур Хон ҳамда уларнинг 7 ва 3 ёшли ўғиллари ухлаб ётган вақтда содир бўлган. Болалар ва Карина Капурга зарар етмаган.
“Кеча кечқурун номаълум шахс актёр Саиф Али Хоннинг уйига кириб, унинг хизматкори билан уришган, буни эшитган актёр аралашиб, эркакни ажратмоқчи бўлганда у пичоқ билан ҳужум қилиб, унга тан жароҳатлари етказган. Тергов иши қўзғатилиб, полиция жиноятчини қидирувга берган”, дейилади Мумбай полицияси баёнотида.
Фото: Hindustan Times
Актёрнинг яқинлари унинг уйида ўғрилик қилишга уриниш содир бўлганини айтишган. Мумбай касалхонаси маълумот беришича, Али Хонга олти марта умуртқа поғонаси ва бўйнига пичоқ санчилган. Ҳозирда унинг уйида ишлаган уч нафар ходим сўроқ қилинмоқда, улардан бири ҳам воқеа жойида жароҳат олган.
1993 йилдан бери Саиф Али Хон 60 дан ортиқ фильмларда, жумладан, Уилям Шекспирнинг “Отелло” асарига мослаштирилган “Омкара” фильми, “Муқаддас ўйинлар” сериалида суратга тушган. У “Муҳаббат кеча ва бугун” мелодрамаси, “Агент Винод” триллери ва “Гоага бориб келамиз” комедиясига продюсерлик қилган.
Фото: Times of India
Унинг биринчи никоҳи ҳавас қиларли бўлмади. Иккинчи турмуши — Раж Капурнинг невараси Карина Капур билан оила қурганига 10 йилдан ошди. Биринчи турмушидан актёрнинг икки фарзанди бор — қизи Сара Али Хон, у ҳам актриса ва ўғли Иброҳим Али Хон — Болливудда дебют қилиш арафасида. Иккинчи никоҳидан эса икки ўғли — Таймур ва Жеҳ исмли болалар вояга етмоқда.