Исроил Ғазодаги ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди”нинг 50 та ҳарбий нишонига ҳужум қилди
0
Идора ҳужумга учраган нишонлар орасида ҳарбий комплекслар, қурол-яроғ омборлари, ишга тушириш қурилмалари, қурол ишлаб чиқариш объектлари ва кузатув пунктларини санаб ўтди. Бундан ташқари, ҳаво зарбаларида бир нечта қуролли шахслар, жумладан, 2023 йил 7 октябрь куни Нова мусиқа фестивалида Исроилга ҳужумда қатнашган ҲАМАСнинг “Нуҳба” махсус бўлинмаси аъзоси Заҳеди Абу ар-Рус йўқ қилинди.
Фото: Reuters
“Зарбадан олдин тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етказиш хавфини камайтириш бўйича чоралар кўрилган. ҲАМАС халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда Исроил давлатига қарши террорчилик ҳужумлари учун тинч аҳолидан фойдаланишда давом этмоқда”, дея таъкидлади матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, армия ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” каби “террорчи ташкилотлар” таҳдидига қарши курашишда давом этади.
Айни дамда Қатарда Ғазо секторини тартибга солиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар ўтказилмоқда. Исроил ҳукумати расмий вакили Девид Менсер ҲАМАС томонидан илгари сурилган янги талаблар туфайли келишув тафсилотлари ҳали ҳам тўлиқ келишилмаганини айтди.
“Келишув тафсилотлари ҳали якунланмаган. Бизнинг музокаралар жамоамиз Доҳада ечим топиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда”, деди Менсер.
Аввалроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг идораси ҲАМАСни воситачилар билан келишилган Ғазо бўйича келишув бандларидан воз кечишда ва сўнгги дақиқада ён беришга эришишга уринишда айблаган эди. Идоранинг таъкидлашича, Исроил воситачилар ҲАМАС шартноманинг барча тафсилотларини тасдиқлади деб хабар бермагунча, уни тасдиқлаш учун ҳарбий-сиёсий кабинет ва ҳукумат мажлисини чақирмайди.
Менсернинг сўзларига кўра, бу ҳолат ҳозиргача сақланиб қолмоқда.
“Исроил якуний келишувга эришилмагунча ушбу музокараларнинг муваффақиятини расман эълон қилмайди”, деди вазирлар маҳкамаси спикери.