"Пахтакор" бразилиялик ҳужумчи трансферини эълон қилди
"Пахтакор" бразилиялик ҳужумчи Жовиньо Фламарион билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Футболчи "Динамо" Батуми сафида 2022 ва 2023 йилги мавсумларда мамлакат тўпурари бўлган. 2019 йилда эса тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринни олганди. Фламарион Грузия чемпионатида 139 та ўйинда майдонга тушган ва 59 та гол урган. 23 маротаба ассист қайд этган. Бир мавсум қуйи лигасида 32 та баҳсда 24 та гол урган. Россия Премьер Лигасида эса 20 та ўйин, 4 та гол.
Футболчи фаолиятининг асосий йилларини чап қанот вингери ва марказий ҳужумчи сифатида ўтказган.
Шартнома имзолагач, бразилиялик футболчининг фикрлари шундай бўлди:
- МДҲ футболи менга таниш. Фаолиятимнинг катта қисмини Грузияда ўтказганман. Худди ўша сермаҳсулликни "Пахтакор" сафида ҳам такрорлаш учун меҳнат қиламан ва мамлакат чемпионатида муваффақият қозониш учун ҳаракат қиламан.
Жовиньо Фламарион "Пахтакор" билан шартномага имзо чекган тўртинчи легионер бўлди.
"Жовини биз икки мавсум аввал қўлга киритишни истагандик. Жорий мавсум учун у билан келишувга эришдик. 2025 йилги мавсум ёшларимиз билан тажрибали футболчиларимизни умумлаштирамиз", - дейди Дилшод Каримов.