Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон 14 йилга озодликдан маҳрум этилди
0
Ҳукм 2023 йил августдан бери собиқ бош вазир сақланиб келинаётган Равалпинди шаҳридаги гарнизон қамоқхонасининг антикоррупция суди томонидан чиқарилган.
Шунингдек, Имрон Хоннинг рафиқаси Бушра Биби ҳам етти йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. У Адила қамоқхонасида ҳукм ўқилганидан кейин ҳибсга олинган. Эр-хотин 2018 йилда пора сифатида ер олганликда ва Al-Qadir Trust хайрия фондини бошқариш давомида ноқонуний даромад орттирганликда айбдор деб топилган. Reuters маълумотларига кўра, жуфтлик ўз айбига иқрор бўлмаган.
Имрон Хон Покистон ҳукуматини 2018 йилдан 2022 йилгача бошқарган. 2022 йил апрел ойида ишончсизлик вотуми оқибатида у ҳокимиятдан четлатилган. Таҳлилчиларга кўра, бу унга бош вазирлик курсисини эгаллашга ёрдам берган генералларнинг қўлловини йўқотгани учун содир бўлган.
2024 йил январ ойида Имрон Хон давлат сирларини ошкор қилганликда айбланиб, яна 10 йил қамоқ жазосини олган. Бир кун ўтгач, суд уни ва рафиқаси Бушрани коррупцияда айблаб, яна 14 йилга озодликдан маҳрум қилганди.
Декабр ойида Покистон ҳарбий суди Имрон Хоннинг ўтган йили ҳарбий объектларга уюштирилган ҳужумларга алоқадор 25 нафар тарафдорига ҳукм чиқарди. Хоннинг тарафдорлари икки йилдан 10 йил муддатгача озодликдан маҳрум этилди.