Ҳусанов мураббийи: Абдуқодир “Сити”га бориши билан рақобатчиларини “еб ташлайди”!
0
Аслида Абдуқодир 19 ёшидаёқ ўзбек футболи тарихига ўз номини ёзиб бўлган. Чунки 2023 йилнинг ёзида “Ланс”га кўчиб ўтган легионеримиз Франция чемпионатида майдонга тушган биринчи ўзбекистонлик чарм тўп устаси сифатида тарихга киритилган.
Энди 20 ёшли ҳимоячимизда Англия Премьер-лигасидаги илк ўзбек футболчисига айланиш имконияти туғилди.
Бугунги кунда Ҳусановнинг трансфери жуда кўп муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Россия футболи мутасаддилари нега маҳаллий клублар скаутлари шу даражада ёрқин истеъдодга эга бўлган ўйинчини ўз вақтида пайқай олишмаганини танқид қилишмоқда.
Мисол тариқасида, Россия футбол уюшмаси фахрий президенти Вячеслав Колосковнинг фикрини келтириш мумкин.
- ЦСКА скаутлари истеъдод бобида Абдуқодир Ҳусановдан кам бўлмаган Аббосбек Файзуллаевнинг салоҳиятини кўра олди-ку. Балки Файзуллаев Ҳусановга нисбатан ўзини ёрқинроқ кўрсата олгандир.
Россия клублари селекционерлари нега Ҳусановни пайқай олмади? Буни мен муҳокама қила олмайман.
Мен унинг трансфери ҳақида ўқиганимда дарров: “Бизнинг селекционерлар қаерда эди?”, деган савол туғилди. Абдуқодир Ўзбекистон ва Беларусда ўйнаган, демак кўз ўнгимизда эди. Мудраб қолганмиз. Бу бизнинг спорт менежерларимиз обрўсини оширмайди, - деди Вячеслав Колосков.
Бу масалага Абдуқодир Ҳусановнинг профессионал фаолиятидаги илк мураббийларидан бири Павел Роднёнок ойдинлик киритди. Маълумки, футбол сир-асрорларини “Бунёдкор” академиясида ўрганган Абдуқодир профессионал фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида бошлаган.
- Россия клубларидан Абдуқодир Ҳусанов бўйича шахсан менга жуда кўп мурожаатлар бўлган. Мутахассислар, мураббийлар, агентлар унга характеристика беришимни сўрашарди. Унга ҳар томондан қизиқиш бор эди.
Ҳусановнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган мутасаддилар бошқача сценарий танлади. У аввал Беларусда ўйнайди ва тайёр бўлиши билан Ғарбга кетади. Аввал-бошдан уларда шунақа режа бўлган, деб ўйлайман.
Мен сўраб келганларнинг ҳаммасини футболчининг агентига йўналтирардим, чунки мен мураббийман, футболдаги бошқа ишларга аралашмайман. Улар нима ҳақида гаплашган, нега ҳамкорлик ўрнатилмаганини билмайман.
Тўғрисини айтсам, мен ҳозир бошқа ишлар билан бандман ва “Манчестер Сити”нинг ўйинларини томоша қилаётганим йўқ. Афсуски, шундай. Шу боис, у ерда Абдуқодир Ҳусановнинг рақобатчилари айнан қайси ўйинчилар эканини билмайман. Аниқ биладиганим шуки, мен уларга ҳавас қилмайман. Абдуқодир жамоада пайдо бўлиши билан уларни “еб ташлайди”, мен бунга аминман, - деди Павел Роднёнок.
Абдуқодир Ҳусановни қўлга киритиш учун “Манчестер Сити” мутасаддилари “Ланс” клубига 50 миллион евро миқдорида бадал пули ва бонус тўлайдиган бўлди. Ҳусанов ўзига Европанинг йигирмага яқин клублари қизиқаётганига қарамай, Англия чемпиони сафига кўчиб ўтишни маъқул кўрди.