Экология вазирлиги: “Тошкент вилояти ва шаҳридаги 46 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди”
0
16-17 январ кунлари Тошкент шаҳри ҳавосида ифлосланиш ортгани ортидан давлат Экологик назорати инспекцияси ва ҳудудий бўлинмалар Тошкент вилояти ва шаҳридаги 486 та иссиқхоналарда ўрганиш ўтказди. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълум қилди.
Ўрганиш давомида Зангиота, Қибрай, Тошкент туманлари, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Бектемир, Олмазор туманларидаги иссиқхоналарнинг 440 таси фаолият юритаётгани, 46 та иссиқхона (Зангиота туманида 16 та, Қибрай туманида 10 та, Тошкент туманида 4 та, Юнусобод туманида 11 та, М.Улуғбек туманида 5 та) мавсумий бўлгани, яъни қозонхонаси йўқлиги сабабли ишламаётгани аниқланган.
Вазирликка кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент ҳалқа автомобил йўли бўйлаб 9 та нуқтадан ҳавонинг ифлосланиши бўйича кўчма лаборатория орқали ТҲАЙда Эшонгузар аҳоли яшаш пунктидан Тошкент Педиатрия тиббиёт институтигача бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинган. Натижада PM2,5 va PM10 ифлослантирувчи моддалар миқдори 0,05 мгдан 540 мггача ортиб кетгани аниқланган.
“Дудбўрондан фойдаланиш қоидаларини бузган жами 37 та иссиқхона эгаларига маъмурий жарималар қўлланди, 46 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди, 426 та иссиқхона эгалари экологик талабларга жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, резина қолдиқлари ва бошқа чиқиндилардан ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан огоҳлантирилди. Назорат тадбирлари давом этяпти”, – дейилади расмий хабарда.