Жаноб, зўр футболчи қилиб тайёрлаб беринг!
0
20 ёшли легионеримиз қисқа фурсатда Европанинг кўплаб етакчи клублари эътиборини қозонишга муваффақ бўлди. Ҳимоячи сифатидаги маҳорати, шиддатли ўйин услуби, ўйинни ўқий олиш қобилияти бошқа амплуадошлари олдида уни яққол эжратиб турибди.
“Энергетик-БГУ”да Абдуқодир Ҳусанов билан бирга ишлаган мураббий Павел Роднёнок истеъдодли футболчининг Ўзбекистондан Беларусга келган даврларини ва ҳамюртимизнинг ҳам футболчи, ҳам инсон сифатидаги хусусиятларини айтиб берди.
- Абдуқодир Ҳусановни Ўзбекистондан айнан Анатолий Юревичга олиб келишган эди. Ўшанда бу мутахассис ёш ўйинчини ривожланиши учун индивидуал дастур тузиб берган ва бу режани тўлиқ амалга ошириш бир ярим йил давом этди.
Юревич — беларуслик моҳир мураббий. Ўша пайтда у “Энергетик-БГУ”да илмий-методик иш бўича мураббий вазифасида ишларди. Умуман олганда, Юревич клубнинг маънавий ва ғоявий илҳомчиси бўлган.
Ҳусановни Юревичга агенти топширган ва унга “Зўр футболчи қилиб тайёрлаб беринг”, деган. Чунки бу мутахассис ўйинчи тарбиялашни яхши билади. Собиқ иттифоқ ҳудудида у ёш футболчиларни ривожлантириш бўйича энг зўр мураббий.
Абдуқодир Ҳусановнинг юқори даражада меҳнаткашлиги дарров кўзга ташланган. Қолаверса, у умуман қўрқув нималигини билмайдиган ўйинчи.
Ҳусанов курашадиган пайтни пойлаб юради ва мана шу хусусияти билан биз ишлаган бошқа ҳимоячилар орасида яққол кўзга ташланган эди.
Абдуқодир “Энергетик-БГУ”да таянч ярим ҳимоячи позицияда ҳам ишончли ўйнаган, стандарт вазиятларда ҳужумга қўшиларди, жарима зарбаларини амалга оширарди, чунки ўта кучли ва аниқ зарба бера олади.
Бу футболчи ўзида ажойиб туғма истеъдод, меҳнатсеварлик ва оилавий тарбия, қадриятларни мужассам этган. Ҳозир бунақа ўйинчилар жуда кам, - деди Павел Роднёнок.
Абдуқодир Ҳусанов 2022-2023 йиллар давомида “Энергетик-БГУ”да жами 37 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига тўртта голли пас узатган.
“Энергетик-БГУ” 2023 йилнинг ёзида ўз тарихида илк бор кучли бешлик чемпионатларидаги клубга ўйинчи трансфер қилди. Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс” Ҳусанов учун беларусликларга 100 минг евро ўтказиб берди.
Абдуқодирнинг “Ланс” учун ўйнаган 31 та учрашуви унинг гранд клублар назарига тушишига кифоя қилди. “Манчестер Сити” ўзбек футболчисини қўлга киритиш учун 50 миллион евро харажат қилгани айтилмоқда.