Сурияда Россия товарларини сотиш тақиқланди
0
Сурия Молия вазирлиги Россия, Эрон ва Исроилдан товарлар импортини тақиқлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Агар ушбу уч давлатдан маҳсулотлар аниқланса, уларни мусодара қилиш кўзда тутилган.
Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги ҳукумат доллар операцияларига рухсат берганини эълон қилди ва ягона божхона тўловларининг янги тўпламини 50 фоиздан 60 фоизгача пасайтириш билан тасдиқлади, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳукуматнинг бу қарори Сурияга бошқа мамлакатлар, жумладан, АҚШдан импорт оқимига йўл очди.
Ҳозирги кунда Дамашқдаги дўконлар “импорт қилинаётган маҳсулотлар билан тўлган: туркча шиша сув ва Саудия озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, Twix ва Snickers каби ғарбий шоколадлар, шунингдек, Pepsi ва бошқа халқаро брендлар ичимликларига қадар”.
Суриянинг янги ҳокимияти қабул қилган қарор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун хом ашё импортини енгиллаштиради ва саноатни рағбатлантиради.
Эрон ва Исроил фуқароларига Сурияга кириш тақиқланди
Суриянинг янги ҳукумати Россия фуқароларининг мамлакатга киришини ҳозирча тақиқламаган. Исроил товарларини импорт қилишга нисбатан эмбарго Сурияда кўп йиллардан бери амал қилмоқда. Сурия ҳукуматининг янги қарори Эрон ва Исроил фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқлангани ортидан қабул қилинди. Бу чора ҳозирча россияликларга тааллуқли эмас.
Россия “янги ҳукуматга нисбатан ноаниқлик ва тўловларнинг кечикиши сабабли” Сурияга буғдой етказиб беришни тўхтатган.
Буни дон бозоридаги “РБК” агентлигининг суҳбатдоши ҳам тасдиқлаган ва ҳозир араб республикасида “ҳамкорлик қиладиган ҳеч ким йўқ”лигини тушунтирган. Суриянинг янги ҳукумати ҳанузгача Россияга Тартус портидан қурол-яроғ ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетишга рухсат бермаяпти. Бу портда Россия ҳарбий-денгиз флотининг ягона хорижий базаси жойлашган. Шу сабабли рус кемалари яқин атрофда сузиб юришга мажбур бўлмоқда.